Кўпчилик кутган воқеа: Ўзбек-қирғиз дўстлиги рамзи бўлган ҳикоя чиройли якун топди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановга автомобил совға қилди.

Бугун, 11 сентябр куни президент Садир Жапаров Бишкекда ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасановни қабул қилиб, Мунарбек Сейитбек ўғлининг ғалабасига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик сифатида унга автомобил совға қилди.

Давлат раҳбари Акмал Ҳасанов билан суҳбатда унинг бу қадами Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини улуғлаганини алоҳида таъкидлади.

“Марказий Осиё халқларининг ҳамжиҳатлиги, дўстлиги, ўзаро меҳр-оқибатига бутун дунё гувоҳ бўлди. Спортни тинчлик элчиси деб аташади. Бу қадам билан ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссангизни қўшаяпсиз. Бундан буён ҳамжиҳатлигимиз мустаҳкам бўлсин”, -деди Садир Жапаров.

Суҳбат чоғида президент Париждаги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчиларнинг яхши ўйин кўрсатганини ҳам таъкидлади.

“Ўзбекистонда спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз спортчиларимизни сўнгги уч йилдагина фаол қўллаб-қувватлай бошладик. Илгари мусобақаларда иштирок этиш учун маблағ ўз вақтида берилмай қолган ҳолатлар бўлган. Айни пайтда давлат томонидан витаминларгача таъминланиб, барча шарт-шароит яратилмоқда”, – деди давлат раҳбари.

Садир Жапаров Олимпиада кумуш медали совриндори Мунарбек Сейитбек ўғли алоҳида қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганида Акмал Ҳасанов қаҳрамонлик кўрсатганини алоҳида таъкидлади.

“Ота-боболаримиз одатда ўз қаҳрамонларига от совға қилганлар. Ҳозир автомобил совға қилиш анъанага айланган, бироқ одатимизнинг маъноси ўзгаришсиз қолмоқда – бу алоҳида хизмат учун ҳурмат ва миннатдорчилик билдириш”, – дея қўшимча қилди президент.

Ўз навбатида, Акмал Ҳасанов президентга самимий сўзлари учун миннатдорчилик билдириб, Мунарбек Сейитбек ўғли билан спорт машғулотлари давомида кўп марта учрашганини ва илтимос қилишганда, ҳеч иккиланмасдан унинг секунданти бўлишга рози бўлганини билдирди.

Шунингдек, у президент Садир Жапаровни ва барча қирғизистонликларни муносиб ғалаба билан табриклаб, қирғизистонлик спортчиларнинг навбатдаги Олимпия ўйинларида олтин медалларни қўлга киритишини тилади.

Аввалроқ боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига Олимпиада ўйинларида ёрдам берган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановга Бишкекдаги жамоатчилик ташкилотларидан бири таъсис этган Чингиз Айтматов медали берилган эди.

Интернетда жуда кўп ижобий изоҳ ва олқишларга сабаб бўлган бу воқеани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам тилга олган. Олимпиада иштирокчилари билан бўлган учрашувди Мирзиёев Ҳасановнинг ушбу ишига таҳсин айтиб, унинг ўзига шахсан миннатдорчилик билдирган эди. Шундан бери ҳар икки давлат спорт мухлислари Қирғизистон раҳбариятидан қандай қадам бўлишини зўр қизиқиш билан кутаётган эдилар.

Расмий хабарда машинанинг русуми кўрсатилмаган, лекин интернетда эълон қилинган расмларга кўра, бу Қирғизистонда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқарила бошлаган «Кобальт» автомашинаси эканини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, илк бор олимпиадага қатнашган ўшлик Мунарбекнинг ғалабаси интернет тармоқларида энг кўп тилга олинаётган воқеалардан бири бўлиб қолди. Бунга унинг шахсий тренери Беганас Султанбаевнинг Парижга бормай қолгани ва спортчига ўзбекистонлик мураббийнинг секундантлик қилгани ҳам сабаб бўлди.

Лекин Мунарбек Парижда ёлғизлаб қолмади ва тарихий ғалабага эришиши учун қўллов топа олди. У 3 август куни чорак финал баҳсларида 2021 йилги жаҳон чемпиони америкалик Жамал Харвини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан у амалда Қирғизистон терма командаси ҳисобидаги биринчи медални қўлга киритди. Унинг бу ғалабасида ўзбекистонлик мараббий Акмал Хасановнинг ҳам ҳиссаси бўлиб, у қирғизистонлик спортчига секундантлик қилиб турди.

“…Мунарбек ютганда, севинганимдан кўзларимга ёш келди. Оллоҳ менга шундай тарихий вазиятда унинг ёнида бўлиш имконини берди. Насиб қилса, бу Қирғизистон бокси тарихида дастлабки медал бўлади. Биз қўшниларнинг ютуғига бирга шодланиб, қувониб турибмиз”, – деди Хасанов жангдан сўнг.

 

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли 57 килограммгача вазн тоифасида Париж Олимпиадасида ярим финалгача чиқиб, кумуш медал соҳиби бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг