Мунарбекка ёрдам берган ўзбекистонлик мураббийга Айтматов медали берилди

Энди порлай бошлаган бокс юлдузи ўзбекистонлик биродари билан янги ютуқларга умид беришмоқда.

Қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга Олимпиада ўйинларига ёрдам берган ўзбекистонлик мураббий Акмал Хасановга Чингиз Айтматов медали берилди. Бу ҳақда журналистларга “Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми” халқаро жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Ассоль Мўлдақматова маълум қилди. Мукофот эгасига олимпиада ўйинларидан сўнг топширилади. Беминнат ёрдами учун Хасановни кўпчилик Қирғизистонга меҳмонга таклиф қилаётганини ҳисобга олсак, бу воқеа тез орада рўй бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулу 57 килограммгача вазн тоифасида Париж Олимпиадасида ярим финалга чиқди. Бу билан у ўзига камида бронза медалини таъминлаб қўйди. Бу мустақил Қирғизистон тарихидаги биринчи шундай воқеа. Агар омади чопса, кумуш, ҳатто олтин медал ютиб олиши мумкин.

Биринчи бор олимпиадага қатнашаётган ўшлик йигитнинг бу ғалабаси интернет тармоқларида энг кўп тилга олинаётган воқеалардан бири бўлиб қолди. Бунга унинг шахсий тренери Беганас Султанбаевнинг Парижга бормай қолгани ва спортчига ўзбекистонлик мураббийнинг секундантлик қилгани ҳам сабаб бўлди.

Лекин Мунарбек Парижда ёлғизлаб қолмади ва тарихий ғалабага эришиши учун қўллов топа олди. У 3 август куни чорак финал баҳсларида 2021 йилги жаҳон чемпиони америкалик Жамал Харвини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан у амалда Қирғизистон терма командаси ҳисобидаги биринчи медални қўлга киритди. Унинг бу ғалабасида ўзбекистонлик мараббий Акмал Хасановнинг ҳам ҳиссаси бўлиб, у қирғизистонлик спортчига секундантлик қилиб турди.

“…Мунарбек ютганда, севинганимдан кўзларимга ёш келди. Оллоҳ менга шундай тарихий вазиятда унинг ёнида бўлиш имконини берди. Насиб қилса, бу (мустақил) Қирғизистон тарихида дастлабки медал бўлади. Биз қўшниларнинг ютуғига бирга шодланиб, қувониб турибмиз”, – деди Хасанов жангдан сўнг.

Акмал Хасанов ярим финал жангида ҳам Мунарбекка секундант бўлиб беришга рози эканини айтиб, ҳозирда ўша жангга қаттиқ тайёргарлик кетаётганини, Қирғизистон бош мураббийи Данияр Тўлўгўн уулу билан биргаликда Мунарбекнинг бўлажак рақиби жанг тактикасини ўрганиб, таҳлил қилишаётганини маълум қилди.

Насиб қилса, Мунарбек Париждан кумуш ёки медал билан қайтиши ҳам мумкин. Биз унга ана шундай зафарлар тилаймиз. Акмал Хасановнинг беминнат хизматлари эса Қирғизистон раҳбарияти томонидан ҳам муносиб тақдирланишига ишончимиз комил.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг