Яхши ўйин бўлди: Бу сафар Қирғизистон футболчилари ғалабага жуда яқин келишди
Футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида Қирғизистон ва Ўзбекистон спортчилари учрашдилар.
Бишкекда 10 сентябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи доирасида ўтказилди. Учрашув пойтахтдаги Дўлўн Ўмурзақов номидаги янгиланган стадионда бўлиб ўтди.
Президент Садир Жапаров, Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва унинг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва бошқа ҳукумат вакиллари Қирғизистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун стадионга ташриф буюришди.
Жамоат тартибини назорат қилишга 3 мингга яқин милиция ходими жалб этилди. Бишкек шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, мухлислар стадионга киришдан олдин хавфсизлик чоралари доирасида текширилди. Аввароқ уларга навбатга туришда қоидага риоя қилган ҳолда ва ўйин бошланишига икки соат қолганда стадионга келишлари айтилган. Шунингдек, стадионга шиша ва пластмасса буюмлар, пиротехника воситаларини олиб кириш таъқиқланди.
Ўйиннинг 15-чи дақиқасида ҳисобни қирғизистонлик Қўжў исмли футболчи очиб берди. 17-дақиқада эса ўзбекистонликлар жавоб голини киритиб, ҳисоб 1:1 бўлди. Иккинчи гол қирғизистонликлар ҳисобига Одилжон Абдураҳмонов томонидан 35-дақиқада киритилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай 45-дақиқада ўзбекистонлик Ҳусниддин Алиқулов боши билан берган зарбаси орқали ҳисоб тенглашди.
Биринчи қисм дуранг 2:2 ҳисобида якунланди. Лекин ўйиннинг иккинчи қисмида қирғизистонликлар яна битта гол ўтказиб юбориб, 2:3 ҳисобида ғалабани бой бериб қўйдилар. Бу мезбонлар учун тарихий ўйин бўлиб қолди, чунки терма жамоа биринчи марта Ўзбекистонга битта тўп фарқи билан мағлуб бўлмоқда. Бунгача қўшнилар ўз майдонида ҳам, Қирғизистонда ҳам мезбонларни катта, қуруқ ҳисоб билан ютиб келган эдилар.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги футбол ўйинлари тарихига назар ташласак, 1992 йилдан бери улар 10 марта майдонга тушишган. Барча ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси қирғизистонликлар устидан ғалаба қозонган. Ушбу ўйинлар давомида қўшнилар қирғизистонликлар дарвозасига жами 40 та гол уришган. Қирғизистон терма жамоаси эса рақиблар дарвозасини бор-йўғи беш марта забт этишган, шундан учтаси ҳам сўнгги уч ўйинда бўлган.
1992 йил Ўзбекистон – Қирғизистон 3:0;
1992 йил Қирғизистон – Ўзбекистон 2:6.
1994 йил Ўзбекистон – Қирғизистон 3:0.
2007 йил Қирғизистон – Ўзбекистон 0:6.
2011 йил Ўзбекистон – Қирғизистон 4:0;
2011 йил Қирғизистон – Ўзбекистон 0:3.
2017 йил Ўзбекистон – Қирғизистон 5:0.
2019 Ўзбекистон – Қирғизистон 3:1.
2022 Ўзбекистон – Қирғизистон 3:1.
2023 йил Ўзбекистон – Қирғизистон 4:1.
Эслатиб ўтамиз, кечаги ўйин ЖЧ-2026 саралашининг иккинчи босқичи ўйинлари доирасида Қирғизистон терма жамоаси тарихда илк бор учинчи босқичга йўлланма олишди. Бу уларга 2027 йили ўтадиган Осиё Кубогига йўл очади.
Аввалроқ, 6 сентябрь куни Эроннинг Исфаҳон шаҳрида Қирғизистон терма жамоаси эронлик футболчиларга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Бу ҳам қирғизистонлик футболчиларнинг маҳорати тобора ошиб бораётганидан дарак беради. Чунки эронликлар ҳам футбол бўйича кучли командалардан ҳисобланишади.
Энди октябрь ойида қирғизистонлик футболчилар яна иккита ўйин ўтказишади. Дастлаб Қатар билан, кейин Бишкекда Шимолий Корея терма командаси билан ўйнайди. Қирғизистон 1-тур ўйинларини БААга қарши ўйин билан якунлайди.
19 ноябр куни Қирғизистон терма жамоаси 2-турни Бишкекда, Эронга қарши ўйин билан бошлайди. Қолган 4 та ўйин 2025 йилнинг март ва июн ойларида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, жами 18 та жамоа 3 та гуруҳга бўлинган. Қирғизистон терма жамоаси Эрон, Қатар, Ўзбекистон, БАА ва Шимолий Корея билан “А” гуруҳидан жой олган.
Учинчи босқичда ҳар бир жамоа 10 тадан ўйин ўтказади. Унинг натижаларига кўра, гуруҳларда 1-2-ўринларни эгаллаган жамоалар жаҳон чемпионатида иштирок этади. 3-4-ўрин эгалари жаҳон чемпионатининг 4-босқичи йўлланмаси учун кураш олиб боради. 5 ва 6-ўрин эгалари саралаш босқичидаги ўйинларини якунлайди.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди