Қирғизистон: Олимпиада ғолибларига бериладиган мукофот ҳажми кескин кўтарилди
Бунгача президент Садир Жапаров кумуш ва бронза медал соҳибларини чемпион деб ҳисоблашини айтган эди.
Мамлакат ҳукуматининг куни-кеча қабул қилган қарорига кўра, қирғизистонлик олимпиада ғолибларига бериладиган давлат мукофотлари ҳажми кескин оширилди. Қарорга кўра, Париж олимпиадасида кумуш медал олганларга 10 миллион сўм (118 минг АҚШ доллари атрофида), бронза медалини қўлга киритганларга эса 7 миллион сўмдан берилади.
Бу маълумотнинг тўғрилигини Kaktus.media нашрига мамлакат ҳукуматида тасдиқлашган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон спортчилари Париж олимпиадасида икки кумуш ва тўрт бронза медалини енгиб олдилар. Кумуш медалга курашчи қиз Мээрим Жуманазарова ва боксчи Мунарбек Сейитбек уулу сазовор бўлишса, курашчи полвонлар Айсулуу Тинибекова, Жўламан Шаршенбеков, Ақжўл Махмудов ва Узур Жусупбековлар бронза медалини енгиб олишган.
Президент Садир Жапаров олимпиада ўйинлари давомида медалга созовор бўлган спортчилар билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, уларни ютуғи билан табриклаб турган. Жумладан, у кумуш медал олган Мээрим Жуманазарова ва Мунарбек Сейитбек уулуга, бу сафар омадини чопмай, финалга чиқа олмай қолган спортчилардан Ақжўл Махмудов ва Айсулуу Тинибековаларга тасалли бериб, уларнинг бронза медалини мамлакат халқи олтин медал сифатида қабул қилишини айтган эди.
Мамлакат ҳукуматининг аввал эълон қилган қарорига кўра, олимпиадада олтин медал олганларга 10 миллион, кумуш медал соҳибларига 7 млн. ва бронза медалини қўлга киритганларга 5 миллион сўмдан берилиши керак эди.
Бундан ташқари ғолибларга квартира, автомобил каби совғалар берилиши ҳам кутилмоқда. Спортчиларнинг мураббийларига эса спортчилар олган мукофотнинг 25 фоизи ўлчамида сийлиқ берилади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди
.