Янги офат эшик қоқмоқда: Дунёни энди маймун чечаги касаллиги ваҳимага соляпти
Марказий Осиё минтақаси давлатлари янги офатнинг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга оширмоқдалар.
Ҳали Covid-19 пандемиясининг асоратлари унутилмай туриб, маймун чечаги вирусининг тарқала бошлагани дунёни ўйлантириб қўймоқда. Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймунчечак эпидемиясини соғлиқни сақлаш бўйича оламшумул фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Қарор Конго Демократик Республикасида инфекция авж олгани ва касаллик қўшни давлатларга ҳам тарқала бошлагани фонида қабул қилинди.
Янги вирус тарқалиши сабабли сўнгги икки йил ичида бу ташкилот иккинчи марта глобал аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат эълон қилган. Африканинг айрим ҳудудларида одамдан одамга юқадиган маймунчечак касаллиги тобора авж олмоқда.
Таъкидланишича, йил бошидан буён Конгода беморлар сони ўтган йилги кўрсаткичдан сезиларли даражада ошиб кетган ва беморлар сони 15,6 минг нафарни ташкил қилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 16 август куни Швеция ва Покистонда ҳам ушбу касалликка чалинган иккита ҳолат қайд этилган.
Ваҳимага солаётган маймун чечаги вируси ҳозирда Қирғизистонда аниқланмади. Бугунги кунда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Қирғизистонда маймунчечак касаллиги тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда, бугунги кунда аэропортлар, темир йўллар ва чегара постларида маймунчечак касаллиги қайд этилган мамлакатлар фуқароларига алоҳида эътибор қаратилиб, профилактика чоралари кучайтирилган. Бугунги кунда санитария-карантин пунктларида иситма билан оғриган шахсларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида тепловизор ва контактсиз термометрлар ўрнатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ техник кўмагида 2022 йилда маймунчечак вирусини аниқлаш учун 3000 та ПЦР тест тизими олди. Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси ҳамда Ўш шаҳар санитария хизмати маркази лабораторияларида маймунчечак касаллиги бўйича аҳвол барқарор бўлмаган мамлакатлардан қайтган фуқаролар текширувдан ўтказилмоқда.
Профилактика ишларига Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳам жалб этилиб, аҳолига янги вирус ҳақида ўз вақтида тушунтириш ишлари олиб борилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик қайд этилган мамлакатларга саёҳат қилишни режалаштираётган фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилмоқда.
Қўшниларда нима гап?
Ташвишли вазият ҳисобга олиниб, қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам ўз ҳудудларига инфекциянинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чораларини кўра бошлади.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалланиш ҳолатлари қайд этилган мамлакатлардан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратиб, санитария-карантин пунктлари, жумладан, аэропортлар ва чегара ўтиш жойларида назоратни кучайтирди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Тимур Султанғазиевнинг маълум қилишича, мамлакатда маймунчечакни аниқлаш учун ПЦР тестлари харид қилинган ва касалликнинг клиник протоколи ишлаб чиқилган. У Қозоғистонда эпидемиологик вазият барқарор эканлигини, COVID-19 пандемиясига қарши кураш тажрибасидан келиб чиқиб, инфекциянинг мумкин бўлган ҳолатларини аниқлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.
Ўзбекистонда ҳам бош давлат санитария врачининг маймунчечак вируси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга доир кўрсатмасига асосан мамлакат аэропортларида қатор санитария-тарғибот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, фуқаро авиацияси объектлари Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда 20−21 август кунлари аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказди.
Барча халқаро аэропортларда маймунчечакнинг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилган. Аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади.
СЭС бошқармаси бошлиғи Рустамжон Икромовнинг айтишича, вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган, мамлакат бўйлаб тест тизимлари тарқатилмоқда.
Жаҳон мамлакатлари соғлиқни сақлаш идоралари вируснинг Европа бўйлаб тарқала бошлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Аммо вируснинг глобал пандемия даражасида тарқалиш эҳтимоли кам. Негаки охирги кузатилган чўчқа гриппи ва CОVID-19 пандемияларида вирус одатда ҳаво томчилари орқали жуда тез тарқалган. Маймунчечак эса асосан вирусни юқтирган одам ёки у ишлатган нарсаларга тегиниш орқали юқади.
Маълумот учун, маймун чечаги вируси жорий йилнинг апрель ва май ойларида Ғарбий Европанинг бир қанча мамлакатларида, шунингдек, бошқа қитъаларда тарқала бошлади. Сўнгги кунларда янги вирус Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Португалия, Франция, Швейцария ва Швецияда, шунингдек, АҚШ, Канада ва Австралия, БААда ҳам аниқланган. Шу муносабат билан АҚШ ҳукумати чечакка қарши 13 миллион вакцина сотиб олишга буйруқ берган.
Маймун чечаги ҳақида нима маълум?
Маймунчечак — бу Orthopoxvirus жинсига мансуб вирус келтириб чиқарадиган касаллик. Маймунчечак вирусининг иккита генетик кладаси мавжуд: I ва II синф.
Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи ва мушаклар оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва озғинлик киради. Вирус терида тошмаларни пайдо қилади.
Кўпинча тошмалар одам юзида пайдо бўлиб, кейин тананинг бошқа қисмларига, жумладан қўллар, оёқлар ва жинсий аъзоларга тарқалиши мумкин. Маймун чечаги ҳашаротларнинг чақиши, ифлосланган буюмлар ёки касал одам билан яқин алоқа қилиш орқали юқиши мумкин.
Ҳозирча бу вирусга қарши дорилар йўқ.
Вирус организмда 5 кундан 21 кунгача яширин ҳолатда бўлиши мумкин. Бу даврда касаллик яққол аломатларсиз ривожланади, лекин бошқаларга юқиш хусусиятига эга бўлади.
Маймунчечак касаллиги одамда илк бор 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган. Инфекция Марказий ва Ғарбий Африкада эндемик ҳисобланади.
Биринчи глобал эпидемия 2022−2023 йилларда қайд этилган, ўшанда унга IIb кладаси деб номланувчи штамм сабаб бўлган. Ҳозирги эпидемияни эса касалланганларнинг 10 фоизгача қисмининг ўлимига сабаб бўлаётган Ib кладаси штамми чақирган.
Инфекцияланган одамларнинг аксарияти бир неча ҳафта ичида ўз-ўзидан тузалиб кетади. Бироқ, биринчи марта 1970 йилда кашф этилган маймун чечагининг ҳалокатли штаммлари ҳам бўлиб, улар беморларнинг 10 фоизини ўлдириши мумкин.
Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди