Ёшларга муносиб намуна: Қирғизистонлик биринчи фазогир Солижон Шарипов 60 ёшда!

Бишкекда Қирғизистон ва Россия Қаҳрамони, фазогир Солижон Шариповнинг юбилейи нишонланмоқда.

Бугун, 24 август куни Бишкек шаҳрида энг машҳур қирғизистонликлардан бири, илк ўзбек фазогири, Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси Қаҳрамони Солижон Шокирович Шариповнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар уларда қаҳрамоннинг ўзи шахсан иштирок этаётгани билан янада эътиборли.

Қирғизистон Авиация институтида бошланган тадбирда дастлаб мамлакат президенти маъмурияти вакили давлат раҳбари Садир Жапаровнинг табригини ўқиб эшиттирди.

Давлат раҳбарининг табригида қарийб 90 йил аввал қирғиз ёзувчиси Қусейин Эсенғўжўев фазога учишни орзу қилиб, “Учинчи шар” асарини ёзгани, Солижон Шарипов эса ёзувчининг ана шу орзусини рўёбга чиқаргани эътироф этилади.

“Орадан 60 йил ўтиб, сиз бу орзуни рўёбга чиқардингиз. Сиз Қирғизистоннинг байроғи ва бир сиқим ватан тупроғини олиб, фазога парвоз қилдингиз, бу бизнинг давлатимизга улкан ҳурмат ва обрў олиб келди, – дейилади табрик мактубида. – Айнан Қирғиз Республикасининг космонавти, Қирғизистон фуқароси Солижон Шарипов туфайли дунёда Қирғизистон ҳақида кўпчиликка маълум бўлди”.

Садир Жапаров биринчи қирғизистонлик космонавтнинг фазони ўзлаштиришга қўшган ҳиссаси юқори баҳоланиб, аввал Қирғизистон Қаҳрамони унвони берилгани, сўнгра унинг иккинчи парвозидан сўнг Россия Қаҳрамони унвони берилганини айтар экан, “мустақиллик йилларида биз сиздек ватандошимизнинг космосга парвоз қилган фазогир эканингиз билан фахрланамиз”, деб ёзади.

“Сизнинг давлатимизда космосга учиш учун барча шарт-шароитлар тузилиши ҳақидаги эзгу ниятларингиз амалга ошсин. Сизнинг ҳеч қандай тўсиқларга қарамай, ўз мақсадларига эришган профессионал фазогир сифатидаги ҳаёт йўлингиз Қирғизистон ёшларига ажойиб намуна бўлади”, – дейилади президент Жапаровнинг қутлов мактубида.

Садир Жапаров юбиларга мустаҳкам соғлик, узун умр ва катта муваффақиятлар тилади.

Сўнгра сўзга чиққан меҳмонлар қаҳрамоннинг ҳаёт йўли, унинг эришган ютуқлари, мақсадга эришиш йўлидаги машаққатларни енгиб ўтгани ҳақида гапирдилар. Улар ўзлари ва жамоалари номидан Солижон Шариповни табриклаб, эзгу тилакларини билдирдилар, табрик совғаларини топширдилар.

Меҳмонлар орасида Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси, Қирғизистон халқи ассамблеяси, Мудофаа вазирлиги, Бишкек шаҳри мэрияси ҳамда турли соҳа вакиллари, академиклар ва қўшни Ўзбекистондан келган вакиллар тўлқинланиб гапирдилар. Уларнинг нутқларида самимийлик, машҳур меҳмонга бўлган чуқур ҳурмат, унинг борлиги билан фахрланиш туйғулари барқ уриб турди.

Тантананинг расмий қисмидан сўнг концерт дастури тақдим этилди. Юбилей тантаналари фазогирнинг яқин қариндошлари ва дўстлари даврасида давом этмоқда.

Россия Федерацияси космонавти, авиация полковниги, Россия ва Қирғизистон давлатлари Қаҳрамони Солижон Шокирович Шарипов, 1964 йилнинг 24 августида Қирғизистоннинг қадимий Ўзган шаҳрида Шокиржон Шарипов ва Турғуной Шариповаларнинг оддий, кўп болали оиласида туғилиб катта бўлган.

Харьковдаги авиация билим юртини битиргач, бир неча йил Ўрта Осиё ҳарбий округи авиация полкида хизмат қилди. Қирувчи-учувчиларга устозлик қилди. 1990 йили болаликдаги орзуси амалга ошиб, совет космонавтлари отрядига қабул қилинди.

Фазога учишга тайёрланиш билан бирга Россия нефть ва газ академиясининг Аэрокосмоэкология факультетини битирди. 1998 йилнинг январида биринчи бор Россия-АҚШ қўшма самовий экипажи сафида фазога парвоз қилди. Ўшанда у жаҳонда космосга парвоз қилган фазогирларнинг энг ёши эди. Саккиз кун давом этган парвоз давомида халқаро экипаж Россиянинг “Мир” орбитал мажмуаси билан уланган.

Иккинчи бор, Солижон Шарипов 2004 йилнинг октябрида “Союз ТМА5” космик кемаси командири сифатида парвоз қилди ва бу катта илмий аҳамиятга эга бўлган самовий саёҳат 6 ойга чўзилди. Ушбу сафари давомида Солижон Шарипов икки марта очиқ фазога чиқиб, муҳим илмий тадқиқотларни олиб борди.

2005-2006 йилларда АҚШнинг Хьюстон шаҳрида жойлашган космик марказда Россиянинг Космонавтларни тайёрлаш марказининг расмий вакили сифатида ишлади. 2006 йилнинг ноябридан тортиб Москвада, космонавтлар отряди командири ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди. 2008 йилдан тортиб, Ю.Гагарин номидаги Космонавтларни тайёрлаш марказида Биринчи бошқарманинг бошлиғи сифатида ишлаб келяпти.

Дунёнинг машҳур мусулмонлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильмлар қаторида Солижон Шарипов ҳақида “Солижон Шариповнинг юлдузли соати” фильми суратга олинган. Машҳур фазогир ҳақида ўнлаб китоблар, минглаб мақолалар ёзилди, теле ва радио материаллари эфирга узатилди.

Космонавтика соҳасида кўрсатган хизматлари учун Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, Россия Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” олий мукофоти билан тақдирланган. Россия ва бошқа давлатларнинг ўндан ортиқ медаллари соҳиби.

Турмуш ўртоғи Насиба Шарипова билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Ўғиллари Жаҳонгир ота йўлидан бориб, Қирғизистоннинг “Тез Жет” авиакомпаниясида борт командири сифатида пассажирлар самолётини бошқаради.

Ўш вилоятининг бир нечта мактаби ва кўчаларига Солижон Шарипов номи берилган. Юртдошимиз Ўш давлат университети, Қирғизистон халқаро университети, Қирғиз-Ўзбек халқаро университети, Қирғизистон авиация институти ва бошқа кўплаб олий ўқув муассасаларининг фахрий профессори.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти, “Оқбура” ва “Алишер Навоий институти” сайтлари жамоалари халқимизнинг муносиб фарзанди, нафақат Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон халқлари, балки бутун дунё ўзбекларининг ҳам фахри бўлган замонамиз Қаҳрамони, камтарин инсон Солижон Шариповни 60 йиллик юбилейи билан самимий муборакбод этадилар. Унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, келажак ишларида яна улкан зафарлар тилаб қолади.

Оқбура, Бишкек.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг