Париж олимпиадаси Қирғизистон спортининг мусаффолашуви йўлида катта қадам бўлди
Узоқ йиллар давомида мамлакатда спорт жиноят оламининг таркибий қисми сифатида яшаб келган эди.
Бу йилги олимпиадада Қирғизистондан 16 спортчи қатнашиб, 6 медални қўлга киритишди. Бу мамлакат тарихида эришилган энг яхши натижа бўлди. Эришилган ютуқлар, ҳукуматнинг спортчиларни саҳийлик билан тақдирлаши мамлакатда спортга бўлган қизиқишни кучайтирди.
Камчиликлар ҳам бўлди, албатта. Олимпиадага айрим спортчиларнинг мураббийлари бормагани асосий муаммога бўлди. Спортчиларнинг сафарини, уларга шарт-шароитларни таъминлашни уюштириш ночор бўлгани сезилиб турди. Кумуш медал соҳиби, боксчи Мунарбек Сейитбек уулунинг мураббийи Беганас Султанбаевнинг Парижга бормай қолишини расмийлар эплаб изоҳлашди. Бироқ, мамлакат тарихида илк кумуш медалини қўлга киритган боксчининг устозини финал босқичига бўлса ҳам юбориш учун давлат миқёсида дипломатик йўлларни қўлланса бўларди. Албатта, агар истак бўлса.
Қирғизистон тарихида илк бор олимпия ўйинларида ярим финалга чиққан сузувчи Денис Петрашов, Париждаги ташкилий масалалар ва овқатланишдаги муаммолар ҳақида ошкора маълум қилди.
“Аввалига овқат масаласида жуда ёмон аҳвол бўлди. Спортчиларнинг 50 фоизи ҳали келмаган бўлса-да, ошхонада узун навбатлар пайдо бўлди. Овқат тугаб қолди. Ҳамма шикоят қила бошлади. Муаммо икки кундан кейин ҳал қилинди. Меҳмонхонада кондиционер йўқ, шунчаки вентилятор қўйилган. Парижда ҳаво жуда иссиқ….”, деди Денис Петрашов Қирғизистонга қайтгач.
Шуни айтиш керакки, Париждаги олимпия қишлоғидаги ночор шароитлар тўғрисида нафақат қирғиз спортчилари, балки бошқа давлат спортчилари ҳам ўз норозиликларини билдирган эдилар.
Бу шикоят Парижда янграгач, унга жавобан Қирғизистон президенти Садир Жапаров бу масала келажакда тўла ҳал қилинишини маълум қилди. Лекин бу сафар ҳам давлат имкон қадар ғамхўрлик кўрганини айтди.
“…Сафарга 15-20 кун қолганида ҳамма спортчига 5 минг евродан бердик, озиқ-овқат, витамин, кийим-кечак сотиб олишлари учун”, деди давлат раҳбари. – “…Бир сўз билан айтганда, энди биз олимпия ўйинларига қандай тайёргарлик кўришни тушундик. Спортчиларимизни кейинги ўйинларга қозон тўла гўшт ва чучуқ (қирғизча қази. – таҳр.) билан жўнатамиз”, деди Садир Жапаров журналистларга ҳазиломуз.
Жамоатчилик президентнинг айтганларини турлича қабул қилиб, спортчилар ўзларига берилган пулни Парижга кетишдан олдин оилаларига қолдирган бўлиши эҳтимол деган фикрни билдиришди. Ҳақиқатан ҳам, ўртаҳол оиладан чиққан аксарият спортчилар давлат кўмагини оиласи учун сарфлаб, ўзлари Парижга таваккал қилиб кетган бўлишлари мумкин. Қолаверса, спортчилар маиший муаммоларга чалғимай, тўла мусобақаларга тайёргарлик билан шуғуллангани афзал.
Амалдорларнинг президентнинг сўзларидан тегишли хулосаларни чиқариб оладилар, деб умид қиламиз.
Ўтмиш: Қонун доирасидан чиққан спорт
Ҳеч кимга сир эмаски, бунгача кўп йиллар давомида Қирғизистонда спортчиларни кўпчилик жиноят олами вакили қатори қабул қиларди. Спорт деганда эса асосан унинг муштлашув ва яккакураш турлари тасаввур қилинарди. Бунга бир нечта сабаблар бор.
Катта пул ишлаб олиш ва тезда машҳур бўлиб кетиш имконияти ёшларда спортнинг қоидасиз жанглар деб аталувчи турига бўлган қизиқишни орттирди.
Лекин мустақилликнинг дастлабки йилларида спортчиларга давлат тарафидан шароитлар яратилмаган эди. Стадион ёки спорт марказ бинолари эски, ачинарли аҳволда бўлган. У ерда спорт билан шуғулланиш у ёқда турсин, ҳаттоки одам бино ичига киргани қўрқарди. Давлат ҳисобидан ойлик оладиган мураббийлар эса эплаб пенсияга чиқиб олсам деб ишлашарди. Хўш, ана шундай ҳолатда уларнинг шогирдларидан қаёқдаги жаҳон чемпионлари чиқсин?
Ушбу вазиятдан жамиятда мустаҳкам ўринга эга бўлиб қолган жиноят олами вакиллари фойдаланиб қолишди. Уларнинг таклифи билан кўплаб иқтидорли ёшлар давлат спорт марказларига бормай, бой одамлар ёки жиноий гуруҳлар вакиллари очган хусусий спорт марказларига бора бошлашган. У ерда яхши шароитлар яратилган.
Ўша ҳомийлар спортчиларнинг республика, халқаро мусобақаларда қатнашиши учун турли кўринишда қўллов кўрсатишган, ҳозир ҳам шундай.
Қишлоқдан шаҳарга яхши умидлар билан келган, лекин ҳақиқий спортда пул йўқлигини кўрган ёшлар, бошқа иш билан шуғулланишга мажбур бўлган. Қанчаси Россия ёки бошқа давлатларга ишлагани кетиб қолишди. Бизнесда ўзини топганлар ҳам бўлди. Ҳозирда кўпчилик бизнесменлар олдин спорт билан шуғулланганини эслашади.
Ким пулини тўлса, мусиқани ўша буюради, деганларидек, хусусий спорт марказларида шуғулланганлар яхши натижаларга эришгандан кейин, уларни ҳўжайинлари ўзларининг ғаразли ниятлари йўлида ишлата бошлаган. Уларга ҳам қандай қилиб ноқонуний йўл билан пул топиш мумкинлигини ўргатишган, ўзидан кейинги ёшларни ҳам шу йўл билан тарбиялашга даъват этган.
Ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция, ҳуқуқий бошбошдоқликлар сабабли қонун доирасида ечилмаган масалаларни, спортчи йигитлар кўча тили билан айтганда “разборка” орқали ҳал қила бошлаган ва бунинг эвазига ўз ҳаққини олишган. Кейин тадбиркорларга солиқ солинган, одам, гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси каби оғир жиноятлар билан шуғулланишган.
Бора-бора ҳар бир криминал гуруҳнинг, бойларнинг, ҳаттоки айрим амалдорларнинг ҳам ўз спортчи болалари бўлиши одат тусига кирди. Матбуотда “гавдаси спортчиларникидек ёшлар” деган ибора тез-тез учрай бошладики, бу айнан жиноят йўлига кириб кетган бақувват йигитларни англатади. Ҳозир ҳам бор улар. Улар ҳар қандай масалани тез ва “адолатли” ҳал қилишгани учун ёшлар учун “авторитет” ҳисобланишади.
Бунга кино оламидаги “Бригада”, “Болалар” (“Пацаны”) каби жиноятчи ёшлар гуруҳлари ҳақидаги фильмлар ҳам қўшилиб, жиноят олами ҳаёти идеаллаштириб юборилди. Шу сабаб ҳам ёшлар келажакда ҳақиқий спортчи эмас, балки спортчи қиёфасидаги криминал бўлишни орзу қила бошлашган. Криминал аралашган спорт ортидан нобуд бўлган мисоллар ҳам оз эмас.
Қирғизистонлик юнон-рум курашчиси, икки карра Осиё чемпиони, жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Раатбек Санатбаев, 1990 йиллар бошида ёшлар учун йўлчи юлдузга айланган ёрқин спортчи бўлган эди. Олий тоифадаги халқаро Гран-при турнирларининг 12 карра ғолиби бўлган Санатбаев, республикада 20-асрнинг энг яхши юнон-рум курашчиси деб тан олинган. Спортдаги муваффақиятлари учун у ҳатто «Данк» медали билан тақдирланган.
Санатбаев 2006 йилнинг 8 январида Бишкекда номаълум шахслар тарафидан отиб кетилган. Унинг ўлимига нима сабаб бўлгани сирлигича қолди. Айримлар унинг жиноят олами вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун қурбон бўлди деган фикрни айтишади.
Қирғизистон Ички ишлар вазир ўринбосари Сабирбек Курманалиев 2009 йилнинг июлида Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Раатбек Санатбаевнинг ўлдирилишида шубҳа остига олингандардан бири қўлга олинганини маълум қилган. Лекин кейин бу иш ҳақида бошқа расмий маълумот берилмаган.
Яна бир таниқли спортчи, Қирғизистон парламентининг уч чақириқ депутати, “Aлиш” халқаро кураш федерацияси асосчиси, “Полвон” хайрия жамғармаси президенти Баяман Эркинбаев ҳам, 2006 йили Ўшда отиб кетилган. Унинг ўлимига ўша пайтдаги ҳокимият билан муросасизлиги сабаб бўлган дейилади. Айримлар унинг жиноят олами билан келиша олмаганини иддао қилишди.
Бугунги кунда ҳам Ўш шаҳрида фаолият олиб борадиган “Алиш” кураш марказида кўплаб ёшлар спорт билан шуғулланиб, турли мусобаларда қатнашади.
Спортчиларнинг нафақат жиноят оламидан, балки сиёсий томондан ҳам ҳимояланмаганини бошқа мисолда кўриш мумкин. Иккинчи томондан олганда эса, спорт ва спортчиларнинг ҳомийлари аксари ҳолларда ноқонуний йўл билан бойлик орттирган шахслар бўлган.
Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, жисмоний тарбия ва спорт аълочиси Шайлообек Атазов, кикбоксинг (WFК) бўйича жаҳон чемпиони. У 2018 йилдан 2020 йили парламент депутатлигига сайлангунга қадар Ўшдаги “EREM” спорт клубида бош мураббий бўлиб ишлаб келган. Жорий йилнинг 8 майида Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси уни, сайлов пайтида қонунбузарликка йўл қўйган, деган важ билан депутатлик мандатидан маҳрум қилди. Асли бунинг сабаби бошқа.
Мазкур спорт клуби, Қирғизистон божхона қўмита раҳбарининг собиқ ўринбосари, ҳозирда “давлатни куч билан босиб олишда” айбланиб, қамоқда сақланаётган Раимбек Матраимовга тегишли экани айтилади. У аввал “порахўрликда” ҳам айбдор деб топилиб, давлатга 2 млрд. қирғиз сўми тўлаган ва қамоқдан озод этилган эди. Кейинроқ чет элда ака-укалари билан бирга ушлаб олиб келинган.
Атазов 2023 йилнинг ноябрида Раимбек Матраимовга нисбатан айтилаётган танқид ва айбловларга жавоб бераркан, унга спортчи ёшларни қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлаб, бунинг учун унга миннатдорчилик билдирган.
“Раимбек Матраимов кўплаб спорт турларини қўллаб-қувватлаган. У мени спортчи сифатида ҳурмат қиларди… Боксчиларни мусобақаларга юборди. У спортчиларга давлат ёрдам бера олмайдиган вазиятда кўмак кўрсатди: жароҳатлар бўлса дори-дармонлар билан, саёҳат ҳаражатларини қоплаган, кийим-кечак сотиб олган ва ҳоказо. Шу туфайли Таиланд, Мўғулистон, Беларус, Иордания, Россия ва бошқа давлатларда Қирғизистон байроғини кўтардик. Лекин у билан бизнесда ҳам, сиёсатда ҳам алоқаларим йўқ”, дея таъкидлаган эди Шайлообек Aтазов.
Спортга эътибор – келажакка эътибор
Сўнгги йилларда Қирғизистонда давлат тарафидан спортга эътибор кучаймоқда. Айниқса, футболга катта аҳамият берилмоқда. Пойтахт Бишкекда янги замонавий стадион қурилмоқда. Жойларда янги спорт комплекслари очилиб, стадионлар таъмирланмоқда. Спортчиларга давлат тарафидан ҳар тарафлама қўллов кўрсатилиб, уларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишлари учун жиддий молиявий ҳаражатлар ажратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ Париж олимпиадасида эришилган ютуқларни кўрсатиш мумкин. Давлат тарафидан яратилаётган шароитларда пухта тайёргарлик кўрган спортчиларимиз келажакда янада яхши натижалар кўрсатади, деб умид қилиш мумкин.
Шунингдек, ишбилармон ва тадбиркорлар ҳам четда қараб турмасдан, давлатга қўлқовуш қилиб, спортчиларимизга (ҳалол топилган маблағи билан) моддий қўллов кўрсатсалар, тақсинга сазовор бўлади. Бу ҳолатни бошқа давлатлар мисолида кўриш мумкин.
Париж Олимпиадасида биз билан елкама-елка турган қўшни Ўзбекистонда мустақилликка эришилгандан кейиноқ спортчиларга кенг имкониятлар тузилгани маълум. Ёшларни гиёҳванд моддалар, жиноят олами таъсири ва яна турли хил салбий кўринишлардан сақлаб, соғлом ва бақувват авлодни шакллантириш учун янги спорт иншоотлари қурилган, эскилари эса таъмирланган. Бу иш ҳамон давлат назорати остида. Мураббийларга давлат муносиб ойлик бериб, ёшларни тўғри тарбиялашни ва натижани талаб қилган. Кўриб турганимиздек, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ ўлкалари бўйича ҳам энг яхши натижаларни кўрсатмоқда.
Интернетда тарқалган видеоларни кўриб, Париж олимпиадасига Ўзбекистондан махсус бир самолёт борган бўлса керак, деб ўйладим. Спортчи ва уларнинг соғлиги, овқатланиши борасида ғамхўрлик қиладиган ходимлардан ташқари, яна бир дунё спорт ишқибозлари Париж кўчаларини тўлдириб, ўзбек қўшиқларини айтиб, миллий рақсни намойиш қилиб юришди. Улар Францияга ўзлари бормагани аниқ. Давлат тарафидан уюштирилган бўлса керак. Спортчиларни фақат давлатга келганида кутиб олиш эмас, балки уларни олимпиада ўйинлари давомида ҳам қўллаб-қувватлаш мана шунақа бўлади. Улар нафақат ўз давлати, балки қўшни давлатлар, хоссатан қирғизистонлик спортчиларни ҳам қўллаб-қувватлаб туришди. Раҳмат уларга. Дўстлигимиз абадий бўлсин!
Қўшни давлатлардан яна бири, бир пайтлар Серик Қўноқбоев каби машҳур боксчи, олимпиада чемпионларини тарбиялаб етиштирган Қозоғистон спорти ҳам шу кунларда Туркманистон ва Тожикистон каби орқага кетганини кузатиш мумкин. Улар олимпидадан кўп сон билан бориб, арзимас медаллар билан 43 ўринни олиб қайтишди. Қирғизистон спортчилари эса, 68 ўринни олгани билан медаллар сонини иштирокчилар сонига нисбатан олганда жаҳонда биринчи ўринни эгалладилар.
Шоҳруҳ Соипов, Оқбура.
Расм интернетдан олинди