Меҳнатнинг таги роҳат: Парижга боролмаган мураббий ниҳоят ўз хонадонига эга бўлди
Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшда олимпиада қаҳрамонларига қўшимча иззат-ҳурмат кўрсатилди.
Қадимий Ўш шаҳрида 15 август куни Париж олимпиадасида мамлакат шаънини ҳимоя қилиб қайтган спортчиларини шарафлаш маросими бўлиб ўтди. Шаҳар марказий майдонида ўтказилган тадбирда спортчилар Мунарбек Сейитбек уулу, Ақжол Махмудов, Қубаничбек Айбек уулу ҳамда уларнинг мураббийларига иззат-ҳурмат кўрсатилди.
Ўш шаҳри мэрияси олимпиаданинг кумуш медали совриндори боксчи, Мунарбек Сейитбек уулуга Ўш шаҳрида уч хонали хонадон ва 1 миллион сўмга сертификат, унинг биринчи мураббийи Турдали Ўмўровга 500 минг сўм, шахсий мураббийи Беганас Султанбаевга Ўшдан икки хонали квартира ва 500 минг сўм; курашчи, бронза медали соҳиби Ақжўл Махмудовга 1 миллион сўм, унинг шахсий мураббийи Мейрамбек Ахметовга 250 минг сўм, ҳамда дзю-до кураши бўйича олимпия ўйинлари иштирокчиси Қубаничбек Айбек уулуга 250 минг сўм мукофот топширди. Дзю-дочининг мураббийи Бақит Жусуповнинг меҳнатлари эса бу сафар 100 сўмга баҳоланди.
Шундай қилиб, амадорларнинг айби билан Париж олимпиадасига боролмай қолган, шу пайтгача оиласи билан шаҳар четидаги ижара уйда ва қишда шаҳардаги ётоқхонада яшаб келган Беганас Султанбаев ўз хонадонига эга бўлди. Бу узоқ йиллик ҳалол меҳнатнинг натижаси ўлароқ гўёки тўсатдан юлдузга айланган спортчи ва мураббий билан бир қаторда спорт мухлисларини ҳам хушнуд қилди.
Бундан ташқари олимпия ўйинлари қаҳрамонларига қирғиз халқи одатига кўра отлар миндирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шундай тадбир Бишкек шаҳрида, президент Садир Жапаров иштирокида ўтган. Президент спортчиларни шахсан табриклаб, уларга давлат номидан рағбатлантирувчи мукофотлар сифатида пул ва автомашиналар топширди.
Улардан кумуш мукофот соҳибларига 10 миллион сўмдан (118 минг АҚШ доллари атрофида) ҳамда автомобил, бронза медали эгаларига 7 миллион сўмдан ҳамда автомашина берилган бўлса, 5-ўрин олган иштирокчиларнинг ҳар бирига 1 миллион сўм ва автомобил совға қилинди. Медалсиз қайтган яна 5 нафар қатнашувчига эса 500 минг сўмдан мукофот пули ҳамда автомобил топширилди.
Спортчиларнинг мураббийлари ҳамда тиббий шифокорларига ҳам пул мукофотлари топширилди. Аввал қабул қилинган қарорга кўра, мураббийларга уларнинг спортчиларига берилган мукофотнинг 25 фоизи ўлчамида пул ҳаражатлари топширилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, олимпиадачиларга совға қилинган автомобилларнинг аксарияти эндигина Қирғизистонда ишлаб чиқарилган янги техника. Бу ҳақда президент маъмурияти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг қайд этишича, олимпия ўйинлари иштирокчиларининг 10 нафари Қирғизистонда ишлаб чиқарилган “Chevrolet” русумидаги автомобиллар билан тақдирланган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди