Олимпиада-2024: Миллионерларга айланган Қирғизистон спортчилари
Ҳаммага машина. Мамлакат раҳбарияти бирорта олимпиада иштирокчисини мукофотсиз қолдирмади.
Франция пойтахти Парижда ўтган XXXIII ёзги олимпияда мусобақалари якунига етиб, спортчилар ўз ватанларига қайтишди. Жумладан қирғизистонлик иштирокчилар ҳам мамлакатда катта тантана билан кутиб олинди.
Спортчилар ва мураббийларни Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортида давлат котиби Суюнбек Қасмамбетов ҳамда Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов, спортчиларнинг ота-оналари ва яқинлари кутиб олдилар.
Тантанали кутиб олиш тадбирида Суюнбек Қасмамбетов олимпиада ўйинларида Қирғизистон байроғининг олти марта кўтарилгани, бунинг ортида эса тинимсиз меҳнат ва саъй-ҳаракатлар турганини таъкидлади.
Ўз навбатида вазир Алтинбек Мақсутов XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Қирғизистондан 16 нафар спортчи муваффақиятли иштирок этганини, бу мусобақалар мамлакат учун энг муваффақиятли бўлганини таъкидлади.
«Сизлар миллионлаб қирғизистонликларга қувончли лаҳзалар бахш этдингиз. Ҳар бир муваффақиятга эришган спортчининг ортида йиллар давомида ўз тажрибаси билан ўртоқлашган мураббийлар штаби туради. Сиз спортчиларнинг иқтидорини чархлаб, уларни янада кўпроқ ишлашга ўргатдингиз. Келажакдаги ғалабаларингиздан яна хурсанд бўламиз деган фикрдаман, барчангизга омад тилайман”, – деди вазир.
Шундан сўнг Париж Олимпиадаси иштирокчилари автомашиналар ҳамроҳлигида пойтахт Бишкекдаги Т.Усубалиев номидаги майдонга бордилар. У ерда ташкил этилган тантанали тадбирда президент Садир Жапаров Парижда бўлиб ўтган олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, мустақил Қирғизистон тарихида илк бор олтита медални қўлга киритган спортчиларни табриклади.
“Кўз олдимизда Париж олимпиадасида қирғизистонлик спортчиларининг қўлга киритган муваффақиятлари ва ютуқлари туфайли Қирғизистон спортининг янги тарихи ёзилмоқда, – деди Садир Жапаров.
Президент спортчиларнинг ҳар бирига пул мукофотлари ва автомашиналар топширди. Улардан кумуш мукофот соҳибларига 10 миллион сўмдан (118 минг АҚШ доллари атрофида) ҳамда автомобил, бронза медали эгаларига 7 миллион сўмдан ҳамда автомашина берилган бўлса, 5-ўрин олган иштирокчиларнинг ҳар бирига 1 миллион сўм ва автомобил совға қилинди. Медалсиз қайтган яна 5 нафар қатнашувчига эса 500 минг сўмдан мукофот пули ҳамда автомобил топширилди.
Спортчиларнинг мураббийлари ҳамда тиббий шифокорларига ҳам пул мукофотлари топширилди. Аввал қабул қилинган қарорга кўра, мураббийларга уларнинг спортчиларига берилган мукофотнинг 25 фоизи ўлчамида пул ҳаражатлари топширилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, олимпиадачиларга совға қилинган автомобилларнинг аксарияти эндигина Қирғизистонда ишлаб чиқарилган янги техника. Бу ҳақда президент маъмурияти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг қайд этишича, олимпия ўйинлари иштирокчиларининг 10 нафари Қирғизистонда ишлаб чиқарилган “Chevrolet” русумидаги автомобиллар билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июл ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Чуй вилоятидаги Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигида очилган заводда автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилган. Ҳозирча заводда Ўзбекистондан олиб келинган қисмлар йиғилиб тайёр машина ҳолида чиқарилади.
Олимпияда иштирокчилари совғаларни қабул қилар экан, ўз миннатдорчилигини билдиришди. Жумладан бронза медалини қўлга киритган курашчи Узур Жусупбеков спортчиларни қўллаб-қувватлаётгани учун президентга раҳмат айтди. У ўтган олимпиада Марказий Осиё халқларининг бирлигини кўрсатганини таъкидлади.
“Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўз дўстлигини намойиш қилди. Спорт тинчлик элчисидир”, – деди у.
Ўз ўрнида Садир Жапаров ҳам қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришини тилади.
“…Қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш керакки, Париждаги олимпиадада бир тарих, бир илдиз, тил ва руҳ билан бирлашган қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бутун дунё томонидан тан олинди Спортчиларимиз хорижда илиқ туйғулари билан бўлишган, ғалабалар қувончини баҳам кўрган, қучоқлашиб, қўллаб-қувватлаган пайтларида уч халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталари ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамладилар”, – деди президент.
Эслатиб ўтамиз, Парижда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга ёрдам берган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановнинг фаолияти нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам олқишларга сазовор бўлди. Бу ҳолат нафақат икки миллат, балки Марказий Осиё давлатларининг иттифоққа бирлашуви яқин деган фикрларни пайдо қилди.
Нимчорак, чорак ва ярим финал ўйинлари давомида Ҳасанов Мунарбекнинг ёнида бўлиб, унга чин юракдан, самимий ва усталик билан секундантлик қилиб турди. Боксчининг эришган ютуқларига болалардек беғараз қувонди.
Таъкидлаб ўтсак, Олимпиадада Қирғизистондан 16 нафар спортчи сузиш, кураш, енгил атлетика, дзюдо ва бокс бўйича иштирок этдилар. Қирғизистон терма жамоаси олимпиадада жами 6 медални қўлга киритдики, уларнинг 2таси кумуш, 4 донаси бронза.
Аёллар курашида 68 килограм вазн тоифасида Мээрим Жуманазарова ҳамда Мунарбек Сейитбек ўғли бокс бўйича 57 кг вазнда кумуш медални қўлга киритишди. Грек-рим кураши бўйича 60 килограмм вазн тоифасида Жўламан Шаршенбеков, 77 килограмм вазнда Ақжўл Махмудов, 97 килограммгача вазнда Узур Жусупбеков, 62 килограмм вазн тоифасида эса Айсулуу Тинибекова бронза медаллари эгаси бўлишди.
Умумий ҳисобда 206 давлат орасида Қирғизистон 6 медал билан 68-ўринга чиқди. Иштирокчилар ва улар олган медаллар нисбати бўйича эса жаҳонда биринчи ўринни эгаллашди. Бу Қирғизистон тарихида энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Қўшни Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам олимпия ўйинларини тарихий натижаси билан, медаллар сони бўйича жаҳон давлатлари ичида 13-ўрин билан якунлади. Бу – Осиё қитъасида тўртинчи ўрин, постсовет макони, ислом олами ва туркий давлатлар орасида эса энг яхши натижа. Ўзбекистон ҳисобидаги 13 медалнинг 8 таси олтин, 2 таси кумуш ва 3 медал бронзадан иборат бўлди.
Олтин медал олганларга 200 минг АҚШ доллари, Tahoe автомобили ва икки қаватли коттежлар берилди. Кумуш медал эгаларига 100 минг доллар пул, BYD Song Plus EV Champion Flagship автомобили ва хонадонлар топширилса, бронза медали соҳибларига 50 минг доллар пул, BYD Song Plus DM-I Champion Flagship автомобили ва янги хонадонлар берилди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг «Газета.uz» нашрига хабар беришича, олтин медал олган спортчиларнинг мураббийлари 50 минг АҚШ доллари, кумуш медали олганларники 25 минг АҚШ доллари ва бронза медали эгаларининг мураббийлари 12 500 АҚШ доллари ўлчамида пул мукофоти билан тақдирландилар.
Париждаги ёзги олимпиа ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди