Олимпиада-2024: Офарин! Парижда Ўзбекистон спортчилари 13-ўринни эгалладилар

Бу Марказий Осиё ва умуман барча собиқ совет республикалари ичида энг яхши кўрсаткич бўлди.

Париждаги Олимпиада мустақил Ўзбекистон тарихида энг муваффақиятли ўйинлар бўлди. Республика спортчилари умумий ҳисобда 13 та медалга сазовор бўлишиб, улардан саккизтаси олтин, 2таси кумуш ва 3 мукофот бронза экани қайд этилди. Бу мамлакатга медаллар ҳисобида жаҳон бўйича 13-ўринни таъминлади. Олимпиада ўйинларида жами 206 давлат спортчилари иштирок этганини ҳисобга олсак, бу натижанинг нақадар юксак эканини тасаввур қилиш мумкин бўлади.

Газета.Уз нашри маълумотига кўра, Ўзбекистондан Олимпиадага жами 90 нафар спортчи борган. Улар медаллар ҳисобида жаҳон миқёсида 13-ўринни, Марказий Осиё, МДҲ, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилоти давлатлари орасида 1-ўринни, Осиё минтақаси бўйича эса 4-ўринни эгалладилар. Осиё минтақасида Ўзбекистон ўзига энг кучли спорт давлатлари бўлган Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейинги ўринни таъминлади.

Бунгача Ўзбекистон спортчилари ёзги Олимпиадаларда кўрсатган энг яхши натижаси 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтган ўйинларда кўрсатишган. Ўшанда Ўзбекистон спортчилари 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза медали билан 21-ўринни эгаллашган эди.

Қизиғи, 2021-йилнинг август ойида президент Шавкат Мирзиёев Олимпиада ўйинларида кучли 15 таликдан жой олиш учун мамлакатда барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлаганди. Парижда мамлакат спортчилари бу гапларнинг нақадар ҳаётийлигини намойиш қилдилар.

Айниқса бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси медаллар ҳисобида биринчи ўринни олиб дунёга спортнинг бу тури бўйича янги империя пайдо бўлганини кўрсатди. Эркаклар жамоасидаги 7 боксчидан 5 нафари олтин медални қўлга киритди. Улардан Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматов иккинчи бор олимпиада чемпионлари бўлишди. Чемпионлик шохсупасига кўтарилган боксчилар орасида Абдумалик Халоқов (57 килограммгача), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (71 кг) ва Лазизбек Мулложоновлар (80 кг) бор.

Шунингдек олтин медал соҳиби бўлишдек бахт Диёра Келдиёрова (дзюдо, 52 килограммгача), Улуғбек Рашитов (таэквондо WТ, 68 кг) ва келиб чиқиши россиялик бўлган Разамбек Жамаловга (эркин кураш, 74 кг) насиб этди.

Кумуш медал соҳиблари: Акбар Жўраев (оғир атлетика, 102 килограммгача), Светлана Осипова (таэквондо WТ, +67 кг), бўлган бўлишса, Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, 100 кг)

Алишер Юсупов (дзюдо, +100 кг) ва Ғуломжон Абдуллаев (эркин кураш, 57 кг) бронза медалини ютиб олдилар.

Ғолиблар орасида тарихий натижани қайд этганлар бўлди. Жумладан, Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи бўлди. Бунгача ўзбекистонлик дзюдочилар турли йилларда иккита кумуш, 5 бронза медалига эга бўлишган эди. Париж олимпиадасида Ўзбекистон учун биринчи медални олиб берган ҳам мана шу қиз бўлди. Диёра ёзги Олимпия ўйинларида аёллар ўртасида Ўзбекистонда олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи ҳамдир. Бунгача олтин медал тақиш 1994 йилги қишки Олимпиада ўйинларида эркин чанғичи Лина Черязовага насиб қилган.

Таэквондочи Улуғбек Рашитов Токио-2020 Олимпиадасида 19 ёшида олтин медални қўлга киритиб, Олимпия чемпиони бўлган биринчи ўзбек таэквондочиси ва Ўзбекистон тарихидаги энг ёш Олимпия чемпиони бўлган. Парижда эса Улуғбек боксчилар Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалоловлар каби иккинчи бор Олимпиада чемпиони бўлди.

Таэквондочи Светлана Осипова Ўзбекистон тарихидаги аёллар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медалини қўлга киритган спортчи бўлиб қолди.

Курашчи Разамбек Жамалов Париждаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди. Бу Ўзбекистон спортчилари орасида эркин кураш бўйича сўнгги 20 йил ичида қўлга киритилган биринчи медал бўлди.

Олимпиада ўйинлари якунларига кўра, АҚШ терма жамоаси 2024-йилги Олимпиада ўйинларида медаллар жамғармаси бўйича биринчиликни қўлга киритди. Америкалик спортчилар 127 медални (40 олтин, 44 кумуш, 43 бронза) қўлга киритдилар. Хитой терма жамоаси эса 91 медал (40 олтин, 27 кумуш, 24 бронза) билан медаллар ҳисоби жадвалида иккинчи ўринни эгаладилар. Учинчи ўринни эгаллаган Япония спортчилари ҳисобида эса 45 медал бор (20 олтин, 12 кумуш, 13 бронза).

Кеча, 11 август куни машҳур «Стад де Франс» стадионида ёзги Олимпиаданинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг