САЙЛОВ-САЙЛОВ ЎЙНАЙМИЗ

 

“Эй, аҳли диёнат, ҳангоматалаб,

Мана бу нидога қулоқни шайланг.

Ҳамзанинг давридан келар битта гап:

“Мени сайланг, мени сайланг”.

Уларнинг жисми-ку, йўқдур кўп замон,

Лекин руҳлари бор, эътибор айланг,

Барча жойда шу сўз янграйди ҳамон:

“Мени сайланг, мени сайланг!”

 

Ҳа, шундай. Ота-боболаримизнинг қулоқларини том битирган бу сўзлар жаранги бизнинг кунларимизда ҳам тингани йўқ. Аксинча, тобора авж пардаларга кўтарилмоқда. Бир пайт Чингиз Айтматов шундай деган эди: “Черчилль тўғри айтган экан, демократия қанчалик ёмон бўлса ҳам, инсоният ҳозирча бундан яхшироғини ўйлаб топгани йўқ. Жуда ғалати… Ҳамма бало шундаки, дастлаб демократияни биз бошбошдоқлик деб тушундик. Бўлмасам-чи, ҳар ким ўзига хон, ўзига бек, ҳар ким кўнгли тусаган ишни қилади. Кўнгил эса нималарни тусамайди?! Хўш, кўзимизни қоплаган ёғни артиб, мундоқ қарасак… нималарни кўрдик? Йўқ биринчи навбатда демократия – қаттиқ тартиб-интизом. У ўзига хос мезонларга, чек-чегарага эга бўлиши керак”.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эса “Халқнинг хоҳиш-иродаси давлат ҳокимиятининг асосини ташкил этиши керак. Бу хохиш-ирода даврий ва сохталаштирилмаган сайловларда ўз ифодасини топиши лозим”, деб битилган.

Хўш, бугунги сайловларда Чингиз оға айтган тартиб-интизом, инсон ҳуқуқлари декларациясида мустаҳкамланган ҳақиқий хоҳиш-ирода борми? Бир қарашда, бордек. Ҳамма нарса рисоладагидек. Ишлар ўша овруполик демократия оталари айтгандек кетяпти. Аммо, бир қарашда шундай. Марказий сайлов идораси, участкалар, раислар, вакиллар ҳаммаси жойида. Буларни кўриб, таҳлил қилаётган европалик кузатувчилар ҳатто демократияни ўзлаштириб олганимиз учун бизга таҳсинлар айтишмоқда. Аммо нимадир етишмаяпти. Ўша етишмаётган “нимадир” нима бўлсайкин?

Бу ҳақда кўплардан сўрадим. Уларнинг аксари, айниқса, ўзбекистонлик амалдорлар: “Барчаси рисоладагидек кечяпти. Партия десангиз бор. Улар шариллатиб кетма-кет қонунлар қабул қилишяпти. Сайловлар вақтида бўлиб ўтяпти. Эрта-индин ўша партиялар ўз номзодларини Президентликка кўрсатишади. Мана бу йил одамларимиз ўтган замонларда бўлганидек, совуқда дилдирамасликлари учун сайлов иссиқ кунларга кўчирилди. Сизга бундан ортиқ яна нима керак?”, дея мени мулзам қилганлар ҳам бўлди.

Қирғизистонлик сайловчиларнинг бу борадаги фикрлари сал бошқача. Жумладан, биз суҳбат қилган тадбиркорлардан бири ўз фикрини шундай ифодалади: “Бизда ҳар бир овоз сотиб олинади. Сайловга қатнашаётган депутатлар миллион-миллион пул сарфлашади. Оддий сайловчиларда эса ҳақиқий сайлов нималиги, у қандай бўлиши ҳақида тушунчанинг ўзи йўқ. Бу борада, айниқса, бизнинг ўзбек сайловчилари жуда ҳам бепарво. Балки “бепарво” сўзи бу ерда ўринли эмасдир, аммолекин кейинги ўн йилликларда Қирғизистонда юз берган ўзбек-қирғиз урушлари, улар ортидан бўлган ва бўлаётган қатағонлар ўзбекларни қийнаб қўйди. Улар ҳозирда мен сенга тегмайман, сен менга тугма, қабилида иш тутишмоқда. Сайловда ҳам шу аҳвол. Ким кўпроқ пул берса, кимнинг мавқеи баландроқ бўлса, ўшанинг ортидан кетишяпти. Ҳозир ўзбеклар орасида сайловга муносабат худди бир пайтлар ўз болаларига “ўқиб нима қилиб берардинг” деганларидек, “ҳа, уми, депутат бўлиб нима қилиб берарди”, қабилидаги аҳволга тушиб қолган. Аммо бугунги ҳаёт кўрсатдики, ўқиб-ўрганиб, нимадир қилса бўларкан. Демак, сайлов масаласида ўз миллатимиз орасидан депутатлар, ҳокимлар, давлат арбоблари етишиб чиқмаётганига ҳам ўзимиз сабабчи бўляпмиз”.

Ростан ҳам, ўйлаб кўрса арзийдиган фикр. Ана шу фикрнинг мавжудлиги ҳали миллатдошларимиз орасида умид сўнмаганлигидан далолат беради. Демак, баъзилар башорат қилганидек, ўзбеклар ўз юртини ташлаб чиқиб кетмайди. Аксинча, улар шу муқаддас маъвонинг гуллаб-яшнаши, ривожланиши учун бошқа халқлар билан ёнма-ён туриб меҳнат қилади.

Аммо бунинг учун “олма пиш, оғзимга туш”, деб ўтирган билан иш битмайди. Ахир бугун ХХI асрнинг 21 йили. Шу ҳақда ўйларканман, бир ашаддий коммунистнинг сўзлари ёдимга тушади. У бир куни мана бундай деган эди: “Сенлар СССРнинг қадрига етмадинглар. Қаердан бўлсаям, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини ўша урислар олиб келишди. Сенлар эса ҳамон маҳалланинг раиси нима деркин, деб юрагингни ховучлаб ўтирасан. Маҳалланинг раисига эмас, ўз юрагингга қулоқ сол. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқингдан бировнинг юзига, бошқанинг чўнтагига қарамасдан фойдалан!”

Ўша коммунист тўғри айтяпти. Сайловни ўрислар олиб келишди. Айни пайтда фақат маҳалланинг раисига мўлтираб қараб туришни ҳам ўргатишди. Демак, биз ҳамон ХХ асрда яшаяпмиз. Ўзимизнинг асримизга келиш учун ичимиздаги мутелик жинини ташқарига чиқариб юборишимиз керак. Бояги коммунист айтганидек, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқимиздан бировнинг юзига, бошқанинг чўнтагига қарамасдан фойдаланишимиз лозим. Балки ўшанда илгаригидек, биздан ҳам депутатлар, давлат одамлари, буюк олимлар яна чиқар, иншооллоҳ. Ҳа, бугунги ўзбек сайловчиларида, улар қайси мамлакатда яшамасин, ўз юрак амрига қулоқ тутиш етишмаяпти. Юраклари “дук-дук-дук” деб эмас, “пук-пук-пук” деб уряпти.

ХОЛИС НАЗАР

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг