Ўшлик адиб Раҳим Каримнинг китоби Ҳиндистонда, инглиз тилида чоп этилди

Китобхонларга кўпроқ “Камила” романи билан танилган адибнинг бугунгача чоп этилган асарлари нусхаси миллион донадан ошиб кетгани айтилади.

Қирғизистон китоб ноширлари ва китоб тарқатувчилари ассоциациясининг раҳбари Олег Бондаренконинг 24.kg ахборот агентлигига берган хабарига кўра, китоб Ҳиндистондаги Жаҳон адабиёти нашриёт уйида, “Қитъалараро шеърият” туркуми доирасида чоп этилган. “Нотўғри ижарачи” деб номланган шеърий тўпламга шоирнинг 25та асари киритилган. Инглиз тилида босилган китобнинг ҳаммуаллифи ҳам бўлиб, у ҳиндистонлик таниқли шоир Жернал Синг Ананддир.

Бондаренконинг айтишича, китобга кириш сўзни грециялик болалар шоираси Ева Петропулу-Ляну ҳамда австриялик файласуф олим ва ёзувчи Байрам Редзепагичлар ёзишган.

Шоир, ёзувчи в таржимон Раҳим Карим 1960 йилнинг 7 июлида Ўшда туғилган. М.Горький номидаги Москва адабиёт институтини битирган. Ўзбек, қирғиз ва рус тилларида ёзилган қирқдан ортиқ китобларининг умумий нусхаси миллион донадан ошиб кетган. Бундан ташқари унинг асарлари Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Беларусь, Украина ва бошқа давлатларда чиқадиган даврий матбуотда кўп марта эълон қилинган.

Машҳур “Камила” романи 2013 йили Лондонда ўзбек ва қирғиз тилларида нашрдан чиққан. Бунгача асар Қирғизистонда бир неча бор чоп этилиб, 2007 йилда Миллий китоб палатаси томонидан “Миллий бестселлер” деб тан олинган эди.

Китобга ёзган сўз бошида Байрам Редзепагич муаллифни “замонамизнинг буюк ёзувчиларидан бири” деб таърифлаган.

“Унинг асосий мавзуси – муҳаббат, дўстлик, тинчлик, уруш, – деб ёзади Редзепагич. – Раҳим Карим – халқаро тинчлик элчиси. Унинг ҳаётий шеърияти кучли овози билан тинчлик учун, урушга қарши курашади, ўқувчида ёрқин таассурот қолдиради”.

Биз юртдошимизни навбатдаги ижодий ютуғи билан самимий табриклаймиз ва бундан буёнги ижодий режаларига ҳам улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг