Жиддий таҳдидми ёки шунчаки пўписа? Туркия аскарлари Исроилга кириши мумкин

Исроилнинг Фаластиндаги қирғини ҳамда Украинадаги амалиёт учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин.

Президент Режаб Тоййиб Эрдўғон Туркия қўшинларининг фаластинликларга ёрдам бериш учун бунгача Ливия ва Озарбойжоннинг Арманистон томонидан босиб олинган Тоғли Қорабоғ ҳудудига киргани каби Исроилга ҳам кириши мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, “бундай қилмаслик учун сабаб”, яъни тўсиқ йўқ. Лекин Туркия раҳбари бу ҳарбий аралашув қандай шакл ва кўринишда бўлиши мумкинлигига аниқлик киритмади.

Эрдўғон 28-июл куни “Адолат ва тикланиш партияси”нинг Риза шаҳридаги мажлисида сўзлаган нутқида Исроилнинг Фаластиндаги хунрезликлари ҳақида айтар экан, бу ҳолатга Туркия бефарқ қараб тура олмаслигини иддао қилган.

“Исроил Фаластинда бу каби бемаъни ишларни содир этмаслиги учун биз жуда кучли бўлишимиз керак. Биз Қорабоққа қандай кирган бўлсак, Ливияга қандай кирган бўлсак, шунга ўхшаш ишни Исроилга нисбатан ҳам қилишимиз мумкин”, деди Эрдўғон.

Эслатиб ўтамиз, 2020-йили Туркия Ливиянинг БМТ томонидан тан олинган Миллий муроса ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбийларини ушбу мамлакатга йўллаган эди. Икки йил аввал эса, Озарбойжоннинг Арманистон томонидан босиб олинган Тоғли Қорабоғ ҳудудида икки давлат ўртасида қисқа уруш бўлиб ўтди. Бу урушда Арманистон қўшинлари икки кунда таслим бўлиб, 30 йилдан бери талашиб келаётган ҳудудни ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Бунгача Туркия ана шу урушда ўз қўшинларининг бевосита иштирок этганини рад этиб келган. Reuters тарқатган маълумотга кўра, турк расмийлари ўзининг яқин иттифоқчиси бўлган Озарбойжонни дастаклаш учун уларга ҳарбийларни тайёрлаш ва армиясини модернизация қилишга ёрдам бериш учун катта ёрдам бериб келишмоқда.

Маълумки, Исроил аскарларининг ўтган йилнинг кузида бошланган аёвсиз ҳужумлари оқибатида Ғазо ҳудуди тўла вайрон бўлган, тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар сони 40 минг кишига етди. Уларнинг асосий қисми аёллар ва ёш болалар ҳамда қариялар. Камига Исроил ҳудудга инсонийлик ёрдамларининг киришига ҳам ҳалал бериб, оқибатда Фаластин аҳолиси очликда, уйсиз ва дори-дармонсиз қолиб кетмоқда.

Ҳаводан, ердан ва сувдан берилган зарбалар, кучли зирҳли ҳарбий техниканинг ҳужумлари оқибатида шунингдек ўнлаб тиббиёт ҳодимлар, журналистлар ва халқаро ташкилотларнинг ходимлари ҳам ҳалок бўлишган.

Жаҳон ҳамжамиятининг, жумладан БМТнинг бу қатлиомни тўхтатиш бўйича қарорлари ва қатъий талабларини Исроил ва унинг асосий ҳомийси бўлган АҚШ рад этиб келмоқда.

Исроил мана етмиш йилдан ошибдики, Фаластин ерларини қадам-бақадам ишғол қилиб келади. Оқибатда миллионлаб мусулмонлар турли давлатларда ва Фаластиннинг бошқа ҳудудларида қочқин мақомида эплаб кун кўриб келишади. Бунга қарши ҳудудда бир неча ҳарбий тузилмалар пайдо бўлиб, Исроил босқинига қарши курашиб келади. Улардан энг машҳури ва қудратлиси ҲАМАС бўлиб, у 2023-йил 7-октябрида кутилмаганда Исроил жанубига ҳужум уюштириб, яҳудийлар давлатига қақшатқич зарба берган. Исроил ўшанда 1200 дан зиёд киши қурбон бўлганини айтиб келади. 250 атрофида исроиллик ва бошқа давлатларнинг фуқаролари гаровга олинган.

Бунга жавобан кўп ўтмай Исроил Ғазо секторида ҲАМАСга қарши кенг кўламли уруш бошлаган. Исроил ҳукумати гарчи тез орада ҲАМАС ташкилотини тугатиб, Ғазо ҳудудини тўла назоратга олишини эълон қилган бўлсада, 9 ой ўтиб ҳам фаластин ҳимоячиларининг қаршилигини синдира олмади. Ўртада бўлиб ўтган музокаралар натижасида гаровга олинганларнинг бир қисмини қайтариб бериш эвазига Исроил турмаларидан юзлаб фаластинлик озодлик ҳаракати иштирокчилари озод қилинди.

Тинкаси қуриган ва халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ сиқуви остида қолган Исроил ҲАМАС билан урушни тўхтатиш ҳақида музокаралар олиб боришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳаракатлар ҳозирча аниқ натижа бермаган бўлсада, ҲАМАСнинг енгилмаслиги ва БМТнинг, прогрессив халқаро ҳамжамиятнинг Исроил босқинчилигига қатъий равишда қарши экани маълум бўлди. Исроилнинг ўзида ҳам ҳозирги бош вазир Нетаняхуга қарши ҳаракатлар кучайган. Ундан зудлик билан урушни тўхтатиш ва гаровга олинганларнинг озод қилинишига эришишни талаб қилишмоқда.

Бу урушда Фаластинни Ливанда жойлашган “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти ва Йемендаги хусийлар фаол қўллаб келишмоқда. Араб давлатлари асосан кузатувчи ролида туришибди. Исроилга фақат Эрон ва Туркия очиқ қарши чиқиб, унга ҳарбий таҳдид солиб туришибди. Россия ва бошқа кўплаб давлатлар ҳам Исроилни қаттиқ қораламоқдалар, лекин улар араб-исроил жанжалига ҳарбий аралашувдан олис.

Ливан ҳудудида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жангарилари ва исроиллик ҳарбийлар чегара бўйлаб тинимсиз равишда бир-бирларини ўққа тутиб туришибди. 27-июл куни “Ҳизбуллоҳ” Исроил назорати остидаги Ғўлон тепаликларида жойлашган Маждал-Шамс шаҳрига ракета зарбаларини берган. Ракеталардан бири спорт майдончасига тушган. Натижада 12 киши ҳалок бўлиб, 30 дан зиёд одам яраланган. Уларнинг бир қисми ёш болалар. Шундан сўнг Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни бунинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирган. Умуман сўнгги пайтда Исроил Ливанга қарши уруш бошлашини ошкора айта бошлади. Бу эса минтақада учинчи жаҳон уруши бошланишига жиддий туртки бериши мумкин ва бу жаҳон давлатларини жиддий ташвишга солмоқда.

Германия, Италия, Норвегия ва Баҳрайн каби кўплаб давлатлар ўзларининг Ливандаги фуқароларига бу мамлакатни зудлик билан тарк этишни тавсия қилишмоқда. Бошқаларга эса Ливанга боришдан тийилиб туриш ҳақида огоҳлантиришлар беришмоқда.

“Немис тўлқини” (Deutsche Welle) радиоси хабарига кўра, Ливанда Германиянинг 1300 нафарга яқин фуқароси бор.

Ана шундай огоҳлантиришни АҚШ Давлат департаменти, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам берган.

Германиянинг Lufthansa, Швейцариянинг Swiss Airlines ва Eurowings авиаширкатлари 6 августга қадар Байрутга қатновларни бекор қилишган. Aegean Airlines, Qatar Airways, Air France ва Austrian Airlines қатновларнинг бир қисмини бекор қилиб, кейинги парвозлар жадвали вазиятга қараб ўзгариб боришини билдиришган. Ливандаги Middle East Airlines авиаширкати ҳам қатновлар жадвалида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Учинчи жаҳон урушига Россия-Украина уруши ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида кўплаб ташвишлар билдирилмоқда. Бу урушда АҚШ ва Европа давлатлари Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдалар. Россия эса бунинг оқибати ёмон бўлиши ҳақида тинимсиз айтиб келади. Экспертлар НАТО ва Россия ўртасида тўқнашув бўлиши эҳтимоли тобора ортиб бораётганини эътироф қилиб келишмоқда.

Яқинда Германиянинг Spiegel нашри мамлакатнинг Украинага ёрдам бериш учун яширин режа тузиб, 800 минг аскар ва 200 минг ҳарбий техникани тайёрлаётганини ёзган. Ғарб давлатлари Россия Украинани енгган тақдирда бошқа Европа давлатларига, ҳатто НАТОга ҳужум қилиши мумкинлигини айтиб, ваҳима қилишмоқда. Россия президенти Владимир Путин бу гапларни доимо рад этиб келган ва яқинда бу иддаоларни “алаҳсираш” деб атади.

Бунгача Франция президенти Макрон ҳам Украинага ёрдам бериш учун ўз аскарларини жўнатиши мумкинлигини айтган. Ғарб бугунги кунда Украинага юз миллиардлаб доллар ҳарбий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатиб келмоқда. Бироқ шунга қарамай, фронтдаги аҳвол Россиянинг фойдасига ўзгариб бормоқда.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг