Қирғизистон-Ўзбекистон: Автомобиллар қатнайдиган яна бир чегара пости очилади

Машҳур Қорасув бозори яқинидаги ушбу «Интимоқ»  чегара ўтказиш пункти 14 йил олдин ёпилган эди.

Янги қурила бошлаган кўприк битгач, қирғиз-ўзбек чегарасидаги «Интимоқ» назорат-ўтказиш пункти яна қайта очилади. Кўприк Ўзбекистон ҳисобидан қурилмоқда.

Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили ўринбосари Қурманбек Айтибаевнинг журналистларга маълум қилишича, айни пайтда Шарқан-Сай канали орқали автомобиллар қатнови учун катта кўприк қурилиши бошланган. Иншоот битгунга қадар томонлар чегара ўтиш жойларини очиш бўйича зарур ташкилий ишларни йўлга қўйишлари керак.

Ўн тўрт йил аввал Ўзбекистон ташаббуси билан ёпилиб кетган ушбу ўтиш жойи ишга тушса, «Дўстуқ – Дўстлик» чегара назорат-ўтказиш пунктидаги тирбандлик анча енгиллашади. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, ҳар куни «Дўстуқ» пости орқали икки томонга камида 18-22 минг киши ўтиб туради.

«Фарғона водийсининг энг йирик улгуржи бозори бўлган Қара-Суу бозори яқинида назорат-ўтказиш пунктларининг очилиши савдони рағбатлантиради,» – деди “Озодлик”нинг қирғиз хизматига Ўш давлат университети ходими, иқтисодчи Ерлан Камалов.

Иқтисодчининг айтишича, Ушбу назорат-ўтказиш пункти ишга тушса, “Марказий Осиёдаги энг йирик бозорлардан бири бўлган Қара-Суу бозоридан Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бозорларига товарлар оқимини йўналтириш учун ажойиб имконият пайдо бўлади».

Икки давлат ўртасидаги чегарада жами 15 назорат-ўтказиш пункти мавжуд бўлиб, улар 2005-йилдан Қирғизистонда бошланган сиёсий тўпалонлар туфайли бирма-бир ёпилган. Ўзбекистон 2016 йили Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигига келгач, икки давлат  ўртасидаги барча соҳадаги муносабатлар яхшилана бошлади. Жумладан, аҳолининг борди-келдилари жонланиб, чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари қайта очила бошлади. Ўш шаҳри яқинидаги «Дўстуқ» чегара ўтказиш жойи 2017 йилда, кўп ўтмай эса, Жалолобод вилоятидаги «Маданият», «Баймақ» ва “Бекабад” каби қатор чегара ўтказиш жойлари очилди.

Икки томонлама келишувларга кўра, 2021-йил баҳорида Ўзбекстоннинг Сўх анклавини ушбу мамлакат билан боғловчи Сўх-Риштон йўлидаги «Қайтпас» ва «Ўтукчи» бекатлари ҳам очилди.

Чегарадан ўтиш яхшилангандан бери икки давлат ўртасида йил давомида 5-7 миллион одам турист сифатида, қариндошларни зиёрат қилиш мақсади ва тижорат ишлари билан икки томонга ўтиб туради.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг