Ўйнаб куйласанг ҳам, ўйлаб куйла: Чегарадан чиққан яна бир қўшиқчи ҳибсга олинди
Марказий Осиё давлатларида эркинликка даъво қилаётган айрим ижодкорлар аслида унга путур етказишяпти.
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтган мусиқа фестивалида русларга қарши уят сўзларни ўз ичига олган «Йоу, ористар» («Йоу, ўрислар») қўшиғини ижро этгани учун фаол Мария Кочнёва 10 суткалик қамоқ жазосини ўтамоқда. Суд ҳукми ўқилгач, Кочнёва журналистларга ўз норозилигини билдириб, суд қарори устидан шикоят қилиш ниятида эканини айтди. Лекин унинг ариза ёзгани ёки ёзмагани ноъмалум.
«Бу Россия фуқароларига бизнинг қонунларимиз ишлаётганини кўрсатиш учун намойишкорона калтаклашдир. Бу нотўғри қарор. Агар жазолайдиган бўлсангиз, унда иштирокчиларнинг барчасини жазоланг”, деди Кочнёва реп куйчилари мусобақасида қатнашганларни назарда тутиб. – “Суд менинг ўз ишимдан пушаймон бўлганимни ҳам ҳисобга олмади”.
Сўнгги пайтларда Россия сиёсатчилари орасида Қозоғистонга қарши кайфиятлар кучайиб, бу мамлакатни ва қозоқ халқини пастга уришга уринишлар кўзга ташланиб турибди. Бунга асосан Қозоғистоннинг Россия-Украина уруши борасида мустақил сиёсат юритиб, бу урушга қарши эканини баён қилгани сабаб бўлган. Бунга жавобан Москванинг сиёсий пропагандачи ва ташвиқотчилари ҳамда айрим сиёсатчилари умуман Қозоғистон деган давлат ва ҳатто халқнинг бўлмагани ҳақидаги фикрларни билдириб, ҳаттоки, мамлакатнинг асосий ҳудуди Россия тегишли экани ҳақида баёнотлар беришдан ҳам уялмадилар.
Аҳвол шундоғам зиддиятли бўлиб турган шундай вазиятда ушбу қўшиқнинг куйланиши умуман сиёсий кўрлик ва ҳаддан ошишлик бўлгани ойдай аён. Россиянинг Украинага қарши урушини очиқча қоралаган айрим фаоллар ва санъаткорлар ўз ижодларида ҳам ушбу фикрларини ўтказишга уринмоқдалар. Бу табиий, эркинлик қоидаларига мос ишлар, лекин катта саҳнадан туриб уят сўзларни ҳам ишлатиш чинданам безориликка ётмайдими?
Тажриба кўрсатиб турганидек, айнан шунга ўхшаш “эркин чиқишлар” туфайли ва уларни баҳона қилиб, давлат органлари фаоллар ва журналистларни қисувга олиш сиёсатини кучайтирмоқдалар.
Албатта, Алмати полицияси ҳам Россия ва Қозоғистон алоқаларига салбий таъсир бериши мумкин бўлган бу ҳолатга жим қараб турмади. Қолаверса, Россия ва дунёнинг бошқа давлатларида Путинни ва унинг Украинага қарши олиб бораётган урушини қўллаётган ва аксинча босқинга қарши чиққанларга нисбатан кенг кўламли маълумот уруши олиб бораётган блогер ва журналистлар катта шов-шув кўтаришди. Қозоқ полицияси айнан ана шу шовқиндан сўнг ушбу қўшиқ тасвирланган видеолавҳага эътибор қаратгани айтилади.
«Ижтимоий тармоқларда ўтказилган мониторинг жараёнида жамоат жойида беҳаё сўзлар ишлатиб сўкиш билан боғлиқ майда безорилик ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда,» – дейилганди полициянинг бу борадаги хабарида.
Маълум бўлишича, «Йоу ористар» қўшиғи айнан Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган кенг кўламли урушини қоралаб ёзилган.
Мария Кочнёва ушбу қўшиқдан бир қатор айтгани учун унга ҳақорат ва қотиллик таҳдиди билан хабарлар кела бошлаганини ва шу боис Қозоғистондаги руспараст телеграм-каналларнинг маъмурлари устидан полицияга ариза ёзганини маълум қилган. Ҳозирча бу аризанинг натижалари номаълум.
Мария Кочнёва асли қўшиқчи ҳам эмас, бўлгани Qushtar аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатининг аъзоси бўлиб, фестивалда тилга олинган қўшиқдан бир неча қатор куйлаганини иддао қилмоқда.
Бу ўринда икки йилча аввал Ўзбекистонда ҳам давлатлараро муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган қўшиқ туфайли бир фаол Салим Иномзода қамалган. У тожикистонлик қўшиқчи Афзалшў Шодиевнинг сепаратистлик руҳидаги қўшиғини ижтимоий тармоқларда жойлаштирган эди. 2022-йилнинг октябр ойида «диний характерга ва сепаратизм белгиларига эга бўлган», деб топилган ушбу қўшиқда “Самарқанд – тожиклар ва форслар ватани”, деган гаплар мавжуд. Айрим нашрлар берган маълумотларга кўра, бу қўшиқ ўн йилча аввал, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар таранглашиб турган пайтда ёзилган.
«Овози Тожик» нашриётида ишлаб келган 58 ёшли журналист Салим Иномзода Facebook ижтимоий тармоғида 15 мингга яқин обуначиси бўлган «Ўзбекистон тожиклари» гуруҳининг маъмури бўлган. Гуруҳда Ўзбекистон тожиклари маданияти ва тожик-ўзбек маданий алоқаларига оид материаллар эълон қилиниши айтилади, лекин ушбу саҳифа ҳозир Фейсбукда топилмади.
“Озодлик” радиоси тожик хизматининг ўз манбасига таяниб берган хабарига кўра, Иномзода яқинда Зангиотадаги «Тоштурма»нинг тергов изоляторига ўтказилган.
Халқимизда, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, деган яхши гап бор. Кўриниб турибдики, бу гап қўшиқчиларгаям, уларнинг мухлисларигаям бирдай тегишли. Бугунги оламшумул алғов-далғов кунларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиб бораётгани кимларгадир ёқмаслиги аниқ. Шундай экан, билиб-билмай уларнинг тегирмонига сув қуяётганлар сал ўйланиб иш тутсалар, яхши бўлади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди