Мардлик ҳам танқисми? Россияда тожикистонлик йигитнинг жасорати тан олинмади
Тўрт ойлик гўдакни қутқариб қолган меҳнат муҳожирини расмийлар фақат гувоҳ сифатида тан олишган.
Москва шаҳрида курьерлик қилаётган тожикистонлик Муҳаммаджон Обидов 24-июл куни 4 ойлик қизчани бола ўғрисининг чангалидан қутқариб қолган. Бироқ Россия федерал тергов қўмитаси қаҳрамон йигитни воқеа гувоҳи деб атаган, унинг Тожикистон фуқароси экани ҳақида маълумот бермаган.
Бу ҳодиса Москва шаҳридаги болалар майдончаларидан бирида содир бўлган. 27 ёшли Россия фуқароси Алексей К. 4 ойлик гўдакни унинг онаси қўлидан болани тортиб олиб, қочиб қолган. Буни кўрган Муҳаммаджон нотаниш эркакнинг орқасидан қувишга тушган. Шунда бола ўғриси чақалоқни ерга ташлаб, қочиб қолишга ҳаракат қилган. Боши ва кўкрагидан лат еган бола онаси қучоғига қайтган.
Бир қатор маҳаллий нашрлар, жумладан, Mash воқеа тафсилотларини ҳикоя қилиб, “Яндекс Лавка” ширкатида курьер бўлиб ишлаётган Муҳаммаджон Обидов билан қисқа суҳбатни эълон қилган. Унинг айтишига қараганда, нотанши шахснинг шубҳали ҳаракатларини кўриб қолган, ўғри болани олиб қочганда уни қувлай бошлаган. Шунда жиноятчи болани ташлаб қочган. Муҳаммаджон уни қувиб етган ва оёғига тепиб, юзига бир-икки мушт туширган.
“Шундан кейин у нима қилаётганини билмаганини айтиб кечирим сўради. …Кейин мен кетиб қолдим. Агар яна шундай ҳолат содир бўлса, яна ёрдам бераман. Ахир одамларга ёрдам бериш керакда. У ерда бошқа ҳеч ким йўқ эди”, деган қутқарувчи Mash телеграм-каналига.
Россия Тергов қўмитасининг расмий сайтида ушбу ҳолат бўйича «Одам ўғирлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани айтилган. Лекин болани қутқариб қолган йигитнинг кимлиги, унинг кўрсатган жасорати ва одамгарчилиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Расмий хабарда Обидов бўлгани «ҳодиса гувоҳи» деб кўрсатилган, холос.
Сўнгги пайтларда, айниқса Москва яқинидаги Крокус концерт залида содир этилган террорчилик ҳужумидан кейин Россияда Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари, айниқса тожикистонликларга нисбатан нафрат туйғулари кучайган. Расмийларнинг муҳожирларга қарши ўйламасдан айтган гаплари туфайли аҳоли орасида ҳам “келгиндиларга” қарши кайфиятлар кенг тарқалган. Федерал тергов қўмитаси раиси Бастрикин эса ўзининг ксенофоб ва шовинистик қарашлари билан машҳур бўлиб, меҳнат муҳожирларига қарши қатор ташаббуслар билан чиқмоқда. Унинг сайъ-ҳаракатлари билан қоида ва қонунларни бузган минглаб муҳожирлар ватанларига бадарға қилинмоқда.
Муҳаммаджон ишлаётган «Яндекс Лавка» ширкатида журналистларга йигитнинг кўрсатган жасорати муносиб тақдирланиши ҳақида айтишган.
Ижтимоий тармоқларда Обидовнинг қилган иши ҳақида жуда кўп ижобий фикрлар билдирилган. Бироқ “битта яхши муҳожирнинг иши бошқа барча ёмон муҳожирларнинг қилиқларини оқлай олмайди”, каби фикрлар ҳам бор. Ижтимоий тармоқлар-ку майли, у ерда билими, маданияти турли одамлар ақлига яраша ҳар нарсани ёзаверишади. Лекин расмийлар фақат айблаш билан овора бўлмай, яхшини яхши деб айтиш учун ўзларида етарлича мардлик кашф эта билсалар яхши бўларди.
Ёки Россия расмийларида мардлик шунчалар танқисми?
Оқбура, Бишкек.
Расм ва видео интернетдан олинди