Фожиа қайталанмасин: 2010-йилдаги қонли воқеаларга 14 йил бўлди

Шу муносабат билан Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғизистонликларга мурожаат қилди.

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида 2010-йилнинг июнида содир бўлган фожеаларга 14 йил бўлди. Шу муносабат билан президент Садир Жапаров воқеани Хотирлаш куни муносабати билан қирғизистонликларга мурожаатнома йўллади.

Қуйида давлат раҳбарининг оммавий ахборот воситаларида чиққан мурожаати матнини келтирамиз.

“Азиз ватандошлар!

Миллатлараро тўқнашувлар бугунги кунда кўплаб мамлакатлар учун асосий муаммолардан ва оғир синовлардан бирига айланди. Бундай ҳалокатли ҳодисаларнинг оқибатлари нафақат мамлакат иқтисодиётининг беқарорлигига ёки заифлашишига, балки қайта тиклаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Афсуски, 2010-йилда кўпмиллатли Қирғизистонимизнинг бирдамлигини бузиш, асрлар давомида биродарлардек яшаб келаётган халқимиз ҳамжиҳатлигига путур етказишга бўлган ҳаракат қисман амалга ошди. Дунёда юз бераётган салбий тенденциялар мамлакатимизда ҳам ўз аксини топди. Бугун биз бундан 14 йил аввал Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган қонли тартибсизликларни қайғу билан ёдга оламиз, ўшанда ҳалок бўлган фуқароларимизга хотирасига мотам тутамиз.

Кўп асрлик тарихга эга Қирғизистон халқи баҳамжиҳатликка даъват қилиб бу фожиадан қутула олди. Бироқ, 2010-йилги бу фожиали воқеаларни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ҳукумат ҳам, халқ ҳам бундай ёвуз ниятли кучларга эргашмаслиги керак. Шахсий манфаатларга берилмасдан, Ватанимиз Қирғизистон эканлигини, уни биздан бошқа ҳеч ким ҳимоя қилмаслигини англашимиз лозим.

Айни пайтда давлатимиз томонидан кўп миллатли халқимизнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистон халқи ассамблеяси билан ҳамкорликда “Қирғизистон фуқароси” концепцияси ҳаётга татбиқ этилмоқда, дастурий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кўп миллатли жамоаларнинг масъулиятли ва фаол иштирокини таъминлашимиз зарур. Бироқ, мамлакатимиздаги миллатлар, конфессиялар ва бошқа ижтимоий гуруҳлар Конституциямиз асосида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга бўйсуниб, қонун устуворлиги қарор топсагина давлатимизда тотувлик, бирдамлик ва тараққиёт бўлади.

Ҳурматли қирғизистонликлар!

Ватанимиз яхлитлигини сақлаш, давлатчилигимизни мустаҳкамлаш учун масъул бўлайлик. Суверен давлатимиз фаровонлигига эришайлик.

Қирғизистоннинг порлоқ келажагини қуришда мустаҳкам бирлик ва қатъият бўлсин!

Умумий саъй-ҳаракатларимиз бирдамликни мустаҳкамлаб, фаровонликни таъминласин!”

Тарихга назар

Эслатиб ўтамиз, 2010-йилнинг 7-апрелида Бишкекда кўтарилган исён ортидан президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган эди. Ўшанда Бакиев Бишкекдан ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятига қочган. Аммо ижтимоий-сиёсий, жумладан, миллатлараро вазият қалтислашиб бориши оқибатида, Россия ва Қозоғистон президентлари Путин ҳамда Назарбоевларнинг маслаҳати ва кўмаги билан Бакиев мамлакатдан чиқиб кетган. Кейинроқ Беларусда бошпана топиб, ҳамон ўша ерда яшайди. Бакиев Қирғизистонни тарк этганидан сўнг июн ойининг бошларида мамлакат жанубида миллатлараро низо юз берган.

 

Норасмий шаклда “Июн воқеалари” деб аталувчи мазкур фожиада расмий ҳисоб бўйича 446 одам ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам турли жароҳат олган, 57 киши бедарак кетган. Cўнгги маълумотларга кўра, уларнинг 17 нафарининг тақдири бугунгача ноъмалум.

Халқаро экспертлардан иборат Халқаро комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматининг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Кильюненни мамлакатда “персона нон грата”, яъни мамлакатнинг душмани сифати бу ерга киришга ҳаққи йўқ одам сифатида эълон қилган.

Қирғизистон миллий комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия эса Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблашган.

Умумий ҳисобда 2010 йил июн воқеалари бўйича 5000 атрофида жиноий ишлар қўзғалган, бироқ унинг 3,5 минги (асосан, босқинчилик, талон-тарож қилиш, уй ва бошқа объектларга ўт қўйиш, зўрлаш каби айбловлар) кўп ўтмай ёпиб қўйилган. Ҳозирга қадар турли маълумотлар бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллатлар вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган. Қамалганларнинг аксарияти қўйилган айбларни бўйнига олишмаган. Уларнинг айримлари эса, жумладан журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров, қамоқхонада вафот этишди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг