Келаётган айём муборак! Қирғизистонда Қурбон ҳайити куни расман белгиланди
Ўтган жума куни мусулмонларнинг энг муқаддас ойларидан бири Зул-Хижжа ойи бошланди.
Бу йил Қирғизистонда Қурбон ҳайити байрами расман 16 июн, якшанба куни нишонланади. Диний қоидаларга кўра байрам уч кун давом этади. Байрамнинг биринчи куни мамлакат мусулмонлари жоме масжидларида ҳайит намозини ўқишади ва шундан сўнг уч кун давомида имкони бўлган оилаларда жонлиқ сўйилиб, қурбонлик қилинади. Қурбонлик гўшти эҳсон эгасининг оиласи, унинг яқинлари ва муҳтожлар орасида тенг тақсимлаб тарқатилади.
Қирғизистон мусулмонлари идораси 15 июн куни арафа, 16 июнда эса Ҳайит куни нишонланишини тасдиқлаб хабар тарқатди. Уламолар Зул-Хижжа ойининг дастлабки 10 куни, айниқса, арафа куни рўза тутишнинг хосиятлари жуда кўп эканини айтишади. Уларнинг айримлари арафа кунги рўзанинг савоби 365 кунлик рўза тутишнинг савоби билан тенглиги ҳақида айтишади.
Бу сафар Бишкекда ҳайит намозининг қаерда ўқилиши ҳозирча ноъмалум. Ўтган Рамазон ҳайити намози террорчилик хавфи кучайгани рўкач қилиниб, доимгидай Бишкекдаги эски майдонда эмас, катта жоме масжидларида ўқилган эди. Эслатиб ўтамиз, ўшанда байрам Москва яқинидаги Крокус концерт залида содир этилган террорчилик ҳужумидан кейинги кунларга тўғри келган. Ўша ҳужум оқибатида 140 нафар одам қурбон бўлган.
Сал аввалроқ мамлакат ҳукумати Ҳайит байрамининг 17 июн, душанба куни нишонланиши ҳақида хабар берган. Мусулмон тақвимига асосан байрам кунлари ой чиқишига қараб аниқланади, шу сабабли байрамларнинг аниқ кунини кўпинча олдиндан айтиш осон бўлмайди.
Қирғизистонда икки ҳайит расмий байрамлар саналади ва бу куни дам олиш куни деб эълон қилинади. Қонунга кўра, расмий байрам дам олиш кунига тўғри келиб қолса, ҳукумат қарори билан байрам куни ҳисобидан бошқа куни дам олиш берилади. Бунинг учун ҳукумат алоҳида қарор қабул қилиши ва оммага эълон қилиши зарур.
Келаётган байрамингиз муборак ва баракотли бўлсин, азиз мухлислар!
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди