Бугунги театр санъатининг аҳволи: Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиради
Қирғизистонда илк бор МДҲ давлатлари театр бошқарувчиларининг халқаро фестивали ўтказилди.
Бишкек шаҳрида бир неча кун давом этган театр менежерларининг халқаро фестивали ўз якунига етди. Жорий йилнинг 1-5 июнида 7 МДҲ давлатларининг 67 шаҳрида жойлашган 137 театрнинг 180 нафар раҳбарлари ва бошқарувчи-менежерлари учрашиб, жонли мулоқот ўтказдилар. Унда қирққа яқин мутахассис сўзга чиқиб, ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашдилар. 10000 нафар театр менежерлари эса тадбирда онлайн тарзда қатнашдилар. Тадбирда Ўшдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Давлат ўзбек академик мусиқали драма театри вакиллари ҳам иштирок этишди.
Фестивалнинг тантанали очилишида маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири, Қирғизистон халқ артисти Алтынбек Максутов ушбу халқаро фестивалининг айнан Қирғизистондан бошлангани мамлакат учун шубҳасиз катта шараф эканини эътироф этди. “Ҳеч қачон ўз актуаллигини йўқотмайдиган мавзулар билан келганингиз, тажриба алмашиш имконини берганинингиз учун миннатдормиз», – деди вазир.
Фестивал раҳбари, Москвадаги Евгений Вахтангов номидаги машҳур театр директори, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган маданият ходими Крилл Крок естивалнинг асосий вазифаларидан бири театр менежерларининг янги авлодини замон талабларига мос равишда тарбиялашдан иборат эканини таъкидлади.
Вахтангов театр менежерлари фестивали Россияда фаолият кўрсатаётган 600 га яқин саҳна санъати менежерларини (Россия Федерациясининг 60 га яқин минтақалари) бирлаштирган кенг кўламли таълим форумидир. У 2019-йилдан бери ҳар ярим йилда бир марта ўтказилади. Тадбир доирасида МДҲ мамлакатлари ва чет эллардаги театр лойиҳалари раҳбарлари ва турли мутахассислари билан иш олиб борилади.
Крилл Крокнинг таъкидлашича, умуман Вахтангов театри ва фестивал ташкилотчилари профессионал ишлаб чиқарувчилар жамоасидир. Улар турли мамлакатлар театрлари вакиллари билан театр ишини ташкил этиш, халқаро ҳамкорлик, менежмент, гастрол ва фестивал лойиҳалари соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашиб келадилар.
Шунингдек туризм соҳасидаги дастурлар, малака ошириш, грант танловлари, халқаро тажрибалар алмашинуви, турли фестивалларда иштирок этиш каби ишларда бугун Россия институтлари очиқ ва халқаро лойиҳаларни кўплаб қўллаб-қувватлаб келаётганини айтди у.
Фестивалнинг биринчи куни барча иштирокчилар Бишкекдаги миллий тарихий музейда учрашдилар, танишдилар ва Вахтангов фестивалининг мақсад ва вазифалари ҳақида кенг ва қизиқарли маълумотларни олдилар. Эртаси куни турли театр менежерларининг тажрибалари, ютуқлари ва муаммолари ҳақида маълумотлар алмашилди. Россия, Беларус, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, каби давлатлардаги театр менежерлари тайёрлаган чиқишлар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Иккинчи куннинг таассуротлари тўғрисида Ўш Давлат ўзбек академик мусиқали драма театрининг директори, Қирғизистон маориф аълочиси, шоир Аъзамжон Абдуразақов шундай деди: «Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради экан. Бугун барча касбдошларимизнинг маърузаларини тинглаб, шундай хулосага келдим. Биздан фарқли ўлароқ, Россия театрларида томошабинларнинг фаоллиги рост. Лекин уларда рақобат кучли экан. Биз Қирғизистонда ягона ўзбек театри бўлганимиз учун рақобат ҳақида ўйламабмиз”.
Абдураззақовнинг фикрича, тадбирда иштирок этган 180 нафар бошқарувчининг муаммоси деярли бир хил экан. Булар – томошабинларни кўпроқ жалб қилиш, пул топишнинг спектакллардан ташқари бошқа манбаларини қидириш ва театр моддий-техника, маънавий базасини юксалтириш.
“Мен ўзимизнинг театримизни бошқаларга солиштириб кўрдим. Жуда фаол ва намунали бўлмаганимиз баробарида жуда ночор ҳам эмас эканмиз. Театримизнинг 107 йиллик тарихи бор, репертуарларимиз, улардаги жанрлар хилма-хиллиги ёмон эмас экан. Янги реконструкция қилинган театр биноси ҳам барча шароитларни ўз ичига олган рисоладагидек театр эканмиз”, – деди у.
Театр раҳбари тадбирдан сўнг турли режалар ва лойиҳаларнинг хомаки вариантлари пайдо бўлганини, театр бош маъмури билан анчагина режалар тузилганини ва бу масалада фестивалнинг анча фойдаси бўлганини айтди.
“Фақат спектакл орқали пул топиш керак, деган қолипдан чиқиш кераклигини тушундик. Саундрама ва бир актёр театрларини синаб кўришимиз керак. Грантлар ва фестивал орқали ҳам яхши натижаларга эришса бўларкан», – деди Абдураззақов.
Фестивалнинг қолган кунлари иштирокчилар икки гуруҳга бўлинишиб, театр фаолиятига доир турли йўналишларда иш олиб бордилар. Уларга Театр менежменти бўйича мутахассис, маданий ташкилотлар учун ёрдамчи амалиётчи, ўқитувчи, театр продюсери Юлия Юдина ва Вахтангов театри менежерлари фестивали ташкилий қўмитаси аъзоси, ижтимоий-маданий лойиҳалар соҳасидаги бизнес-мураббий, маблағ йиғиш, «халқаро театр менежерлари клуби» ва «ҳомийлар билан ишлаш» профессионал медиа платформаларининг яратувчиси Евгения Карпаниналар раҳбарлик қилишди.
Иккинчи гуруҳда эса Саундрама (овозга асосланган жанр) ҳақида москвалик режиссёр Владимир Панков ўз тажриблари билан ўртоқлашди. Сўнгида ҳар икки гуруҳ ўзлари биргаликда яратган ғоя ва лойиҳаларини иштирокчиларга тақдим қилишди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларига Бишкекдаги Қирғиз миллий драма театрида Иссиқкўл вилояти театри жамоасининг ёзувчи Султон Раев қаламига мансуб «Кунни тутган болакай» асарини саҳнада намойиш қилдилар.
Фестивалнинг ёпилиш маросими Бишкекдаги «Дасмия» ресторанида бўлиб ўтди. Беш кун давом этган янги дўстлар қувончи хайрлашув байрамига айланиб кетди.
Сокина, Оқбура, Бишкек.
Расмлар муаллифники