Қирғизистон: Собиқ президент Жеенбековни иссиқ ўрнидан қўзғатишмоқчи

Давлатни уч йилгина бошқарган амалдор собиқ президент мақоми билан қатор имтиёзларга эга.

Турли йилларда Қирғизистонга президентлик қилган беш кишидан фақат иккитаси собиқ президент мақомига эга. Уларнинг иккаласи ҳам давлатни қисқа муддат бошқаришган. Улардан бири, 2010-йилнинг июнида референдум йўли билан президентлик ваколатлари юкланган Рўза Ўтунбаева мамлакатни 1,5 йилгина бошқарган. Алмазбек Атамбаев сайлов йўли билан 2011-йилнинг декабрида президентлик лавозимини эгаллагач, унга собиқ президент мақоми берилган.

Собиқ президент мақомига эга бўлган шахсни жиноий жазога тортиш мумкин эмас, бошқа имтиёзлар қаторига сўлим табиат қўйнида барпо қилинган давлат қароргоҳида бепул яшаш, хавфсизлик хизмати томонидан қўриқланиш, транспорт ҳамда бутун оиласи билан бепул тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби ҳуқуқлар киради.

Атамбаевнинг қўллови билан 2017 йилда президентлик лавозимини эгаллаган Сўўрўнбай Жеенбеков бу ўринда салкам уч йил ўтирди холос. 2020 йилнинг октябрида бошланган оммавий норозиликлар натижасида қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров ва унинг маслакдоши Қамчибек Ташиевлар уни ўз лавозимидан воз кечишга мажбур қилишган. Афтидан, бунинг эвазига унга собиқ президент мақоми берилган. Бироқ бу ҳолат шу кунгача кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келади. Бунгача ҳам собиқ раҳбарни ушбу мақомдан маҳрум қилишга уринишлар бўлиб келган.

Бу масалада Жўғўрқу Кенеш депутати Ақилбек Тумўнбаев ташаббус кўрсатиб, қонун йўли билан бу ишни охирига етказишга қарор қилган. Унинг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, бу борада имзо йиғиш ишлари деярли якунланиб қолган.

Агар Жеенбеков собиқ президент мақомидан маҳрум қилинса,у барча имтиёзлардан, жумладан, жиноий жавобгарлик дахлсизлигидан ва моддий имтиёзлардан ҳам маҳрум қилинади.

Депутат Сўўрўнбай Жеенбековнинг “Ала-Арча” давлат қароргоҳида яшаши учун сарфланадиган ҳаражатларни ҳисоблаб чиқиш, уни қўриқлаш ва дам олишини таъминлашга кетадиган ҳаражатларни ҳисоблашни топширганини маълум қилди.

“Нафақат унинг ўзи, балки оила аъзолари ва қариндошлари ҳам имтиёзлардан фойдаланадилар. “Мен бу масалани парламентда кўтараман, қонун лойиҳасини киритаман, президент Садир Нурғўжўевичга мурожаат қиламан ва бу одамдан собиқ президент мақомини олиб ташлашга ҳаракат қиламан, чунки у бу мақомга лойиқ эмас”, деган эди Тумўнбаев аввалроқ.

Мустақиллик эришгандан буён Қирғизистонни беш президегт бошқарган. Улардан фақат иккитаси собиқ президент мақомига эга бўлиб, тўнғич президент Асқар Ақаев ва унинг издоши Қурманбек Бакиев давлат тўнтариши натижасида мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлишган. Тўртинчи президент Алмазбек Атамбаевнинг собиқлик мақоми эса собиқ дўсти Сўўрўнбай Жеенбеков пайтида, парламентда овоз бериш натижасида бекор қилинган.

Барча собиқ президентлар ичида айнан Жеенбеков ўзининг бўшлиги билан ажралиб туради. Давлат раҳбари сифатида салкам уч йиллик фаолияти давомида бирорта эсда қолгулик иш қилмаган. Аксинча рақиблари уни нутқидаги камчиликлари учун танқид қилиб, мана шуниси билан кўпроқ хотирланади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг