Яхши хабар! Келаси ҳафтада Тошкентдан Иссиқкўлга автобус қатнай бошлайди

Бугунги кунда икки давлат пойтахти Тошкент ва Бишкекни боғлаб турувчи автобус қатнови йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 10-июнидан бошлаб, Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳридан Қирғизистоннинг Чўлпонота курорт шаҳригача мавсумий автобус қатнови бошланади. Бу қатнов арзонроқ саёҳат тарафдорлари учун катта имконият бўлиб, Иссиқкўлнинг асосий курорт шаҳри билан Ўзбекистоннинг турли шаҳарлари ўртасида туристлар алмашувига шароит яратади.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, қатновлар кунора, ҳафтанинг жуфт кунлари (сешанба, пайшанба ва шанба) Хитойнинг мухташам Yutong русумли автобусларида амалга оширилади. Автобус соат маҳаллий вақт билан 15:00 да Тошкент автовокзалидан жўнайди. Сафар чегара постларидаги текширувлар билан қўшиб ҳисоблаганда 20 соат давом этади. Йўналиш узунлиги 1060 километр.

Чипта нархи ўзбек пулига 300 минг сўмга (салкам 24 АҚШ доллари) тенг. Бишкек-Тошкент қатновининг нархи эса 14 доллар атрофида. Бу йўналишда автобус қатнови кунига икки марта йўлга қўйилган. Аввалроқ Тошкентдан Иссиқкўлга самолёт қатнови йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилинган.

Илк бор Тошкент-Чўлпонота автобус йўналиши 2022-йилнинг июнида очилган. Ўзбекистонлик меҳмонлар ёзнинг иссиқ кунларида Иссиқкўл ва Бишкек атрофидаги тоғли масканларда дам олиб, Бишкек бозорларида нарсалар харид қилишни ёқтиришади. Қирғизистонликлар эса, қўшни давлатнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа тарихий шаҳарларини кезишни, асл ўзбек миллий таомларидан тотиб кўриш мақсадида сафар қилишади.

Ушбу алоқалар туризм соҳасида ҳар икки давлат учун жуда манфаатли бўлиб, моддий ва молиявий фойдадан ташқари икки давлатнинг қардош халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожланишига ҳам кучли замин яратади. Ҳар икки давлатда ҳам туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда тегишли амалдорлар олдига 10 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бўлган 50 нафар хорижлик блогерни мамлакатга таклиф қилиб, улар учун инфо-турлар уюштиришни топширган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги миллий туризм брендини яратиш борасидаги тадбирларга 5 миллион доллар маблағ ажратиладиган бўлди. Оқибат натижада жорий йилда Ўзбекистонга 11 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиниб, улардан келадиган даромадни 2,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил натижаларига кўра Ўзбекистонга 7 миллионга яқин хорижлик туризм мақсадида келиб кетган.

Қирғизистон ҳам охирги йилларда бу соҳада катта ютуқларга эришмоқда. Расмийлар ўтган йили мамлакатга 14 миллион чет эллик киргани ва уларнинг деярли ярми туризм мақсадида келганини айтишган. Қирғизистонга асосан сўлим Иссиқкўлда дам олишни яхши кўрадиган ва тоғ туризми ишқибозлари кўпроқ келишади. Мамлакатга келаётган чет элликларнинг катта қисмини, мамлакат жанубидаги вилоятларга Ўзбекистондан қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик сабабли келаётган ўзбекистонлар ташкил қилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг