Беш юз миллион доллар қарз: Қамбарота ГЭСи қурилиши шу йил бошланиши керак

Ушбу ноёб иншоотни Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистон билан биргаликда барпо этишга келишишган.

Қирғизистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, мамлакат Қамбарота-1 ГЭСини қуриш учун Жаҳон банкидан 500 млн. доллар миқдорида қарз олмоқчи. Жумладан, бу сармоячи ГЭС қурилиши лойиҳасини тайёрлашга қўшимча 14 млн. доллар кредит ажратади. Бу маблағ лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламасини (ТЭО) ҳамда бошқа экологик ва ижтимоий соҳага оид ҳужжатларни янгилашга ишлатилади.

Бу лойиҳага жиддий қизиқиш билдирган Жаҳон банки аввал ҳам ушбу ГЭС лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқиш учун 5 миллион доллар ажратган эди.

Ҳаммаси бўлиб, Қирғизистон ҳукумати Қамбарота-1 ГЭСини қуриш учун Жаҳон банкидан 500 млн. доллар қарз олмоқчи. Мамлакатнинг ташқи ва ички қарзи 2023 йилнинг охирига келиб 6 миллиард доллардан ошган. Ташқи қарзни тўлашнинг энг оғир йиллари 2035 йилгача бўлиб, Қирғизистон йилига 50 миллиард сўм (таҳминан 560 млн. доллар) маблағни ташқи қарзларини узишга ажратиши лозим бўлади.

Бунгача ушбу иншоот қурилиши бўйича минтақа давлатлари ўртасида турли тортишувлар бўлиб келган. Жумладан, Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов унга қарши чиқиб, бу қурилиш Марказий Осиёда жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқаришини айтиб келган. Бу фикрни Қозоғистон ҳам қўллаб келган. Шунга ўхшаш сабаблар туфайли ушбу ГЭС қурилишини бўйнига олган Россия ўз ниятидан қайтиб, бу Қирғизистон билан алоқаларининг совишига ҳам сабаб бўлган.

Сўнгги йилларда эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ушбу иншоотни Қирғизистон билан биргаликда барпо этиш ва ундан биргаликда фойдаланиш бўйича қизиқиш билдиришган. Ўзаро музокаралар натижасида уч давлат томонидан ушбу лойиҳани биргаликда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳам имзоланган. Шундан сўнг Россия ҳам яна бир бор ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган.

Уч томонлама имзоланган “йўл харитасига” кўра Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ГЭСни бошқариш учун қўшма ширкат ташкил этишади. Унинг 34 фоиз акциялари Қирғизистонга берилиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон 33 фоиздан акцияларга эгалик қилишади.

Қирғизистон ҳукумати ГЭСни барпо этиш учун салкам 3 миллиард АҚШ доллари талаб қилинишини билдирган. Бироқ экспертлар ушбу лойиҳанинг камида 4-5 миллиард долларга тушишини айтишмоқда.

Қирғиз расмийлари ГЭС қурилишининг 2024-йилда бошланиши ва 2028-йилда фойдаланишга топширилишини айтишган. Қўшни давлатлар ҳозирча бу ҳақда бирор фикр билдиришгани йўқ. Аммо Норин дарёси сувининг асосий фойдаланувчилари бўлишгани сабабли биринчи галда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бу лойиҳада иштирок этишдан жуда манфаатдор эканини айтиб келишмоқда.

Мавжуд лойиҳага кўра, бўлажак ГЭСнинг қуввати 1860 МВтга тенг бўлади. ГЭС ишини таъминловчи сув омборида эса 5,4 миллиард куб/метр сув сақланиши кўзда тутилган. Бу сувни баландлиги 256 метр бўлган тўғон тўсиб туради. Станция йилига ўртача 5,6 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқарилган қувват асосан қўшни давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Бу қувватни импорт қилишга ўз вақтида Покистон ва Хитой ҳам катта қизиқиш билдирган.

Ушбу ГЭС қурилиши нафақат Қирғизистон, балки минтақада ҳам энг катта шундай иншоотларнинг бири бўлиб қолиши кутилмоқда. Бугунги кунда энг йирик ҳисобланган Тўқтағул ГЭСининг тасдиқланган қуввати 1320 Мегаваттни ташкил қилади. Лойиҳага кўра йилига 4,4 млрд. кВТ/соат электр энергиясини ишлаб чиқара олади. Сувни ушлаб турадиган тўғоннинг баландлиги 215 метрни ташкил қилади. Марказий Осиёда энг йирик шундай иншоот бўлган Тўқтағул сув омбори энг тўлган вақтда 19 миллиард куб/метр сувни ушлаб тура олади. Лекин сўнгги йилларда ёғиннинг кам бўлиши ва бошқа турли сабабларга кўра, йиғилган сув ҳажми 15 миллиардга ҳам етмаяпти.

Тўқтағул ГЭСи қурилиши 1962-йилда бошланиб, 1976-йилда тўла фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишларига собиқ Совет Иттифоқининг турли шаҳарларидан минглаб мутахассислар жалб қилинган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг