Яхши гаплар: Жануб-Шимол йўли очилади, “Осмон” шаҳри қурилиши бошланади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатдаги йирик лойиҳалар бўйича баёнотлар берди.
Президент Садыр Жапаров Иссиқкўл вилоятидаги Балиқчи шаҳрида янги гўшт комбинатини очиш пайтида мамлакатда кўпдан бери тилдан тушмай келаётган, айримлар шубҳа билан қараётган йирик лойиҳалар бўйича маълумотлар берди. Аниқ санасини атамаган ҳолда Жапаров мамлакат жануби ва шимолини боғловчи муқобил автомобил йўли яқинда очилажагини билдирди. Бу йўл очилгач, жанубликлар Иссиқкўлга ҳозиргидай Бишкек орқали 15-20 соатда эмас, тўғри йўл билан, бор-йўғи 5-6 соатда кириб келадиган бўлишади.
Бу йўллар, темир йўллар…
Бу муқобил йўл 2014-йили бошланган бўлиб, унинг узунлиги 433 километрни ташкил қилади. Унинг энг оғир участкаси Кўгарт водийсидаги туннел бўлиб, унинг узунлиги салкам 4 километр, кенглиги 10 ва баландлиги 8,5 метрдан иборат. Бу иншоотда узун ва баланд юк машиналари ҳам тиқилинчсиз бемалол ўта олишади. Бишкек-Ўш йўлидаги ягона трассада, денгиз сатҳидан 3,5 километр баландликдаги тоғ чўққисида қурилган туннелнинг эни икки баробар кичик бўлиб, у ерда доимий равишда тирбандлик бўлиб туради. Бунинг олдини олиш мақсадида туннелдан катта юк машиналари навбат билан бир томонга қараб ўтказилиб туради.
Бундан ташқари Садир Жапаров келажакда икки минтақани боғлайдиган темирйўл ҳам қурилишини маълум қилди. Бу иншоот қурилиши ҳам бошланган. Темирйўл аввалига Балиқчигача келса, кейин то Қорақўл шаҳригача чўзилади. Бу иншоот жанубий вилоятларни Иссиқкўл вилояти пойтахти билан боғлайди.
Ҳозирги Бишкек-Ўш автомобил йўли тоғли довонлар орқали ўтгани учун қиш мавсумида бу ерда катта муаммолар туғилади. Баҳор ойларида эса йўлнинг бир неча қисмида кўчки тушиш хавфи кучаяди. Бу йўлнинг узунлиги қарийб 700 километрни ташкил қилади. Тоғли туманлардан ўтгани боис бу йўлда автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Шу сабабли йўловчилар фақат такси хизматидан фойдаланишади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳудуди бўйлаб ўтадиган йирик трансконтинентал “Ўзбекистон-Хитой” темир йўли қурилиши ҳақида ҳам кўп йиллардан бери айтилиб келади. Ниҳоят, яқинда бу муҳим иншоот қурилиши бошланиши ҳақида уч давлат ҳукуматлари келишиб олишди. Садир Жапаров 6-май куни бу йўлнинг қурилиши жорий йилнинг кузида бошланиши ҳақида айтган.
“Осмон” шаҳри ҳам ўз навбатини кутиб турибди
Садир Жапаров Қирғизистонда кўпдан бери турли гап-сўзларга сабаб бўлиб келаётган яна бир йирик қурилиш – бутун бошли янги шаҳар лойиҳасининг тақдири ҳам ижобий ҳал бўлганини маълум қилди. Аҳолиси 500 минг кишидан иборат бўлиши кутилаётган бу шаҳар Иссиқкўл бўйида барпо этилади.
Ўтган йилнинг июнида президент Садир Жапаров бу шаҳар қурилиши бошланиши рамзи сифатида капсула жойлаштириш маросимида иштирок этган. Қурилиш 7-10 йилга мўлжалланган, унинг ҳаражатлари 20 миллиард долларга баҳоланган. Қурилиш учун 3 минг гектардан кўпроқ ер ажратилган.
Қурилиш бошланишининг чўзилиб кетаётгани сабабини Жапаров аввалги лойиҳага жиддий ўзгартиришлар киритилгани билан тушунтирган.
“Биласизки, ҳозир жаҳон ҳамжамияти яшил иқтисодиёт, яшил энергетика, яшил шаҳарлар қурилишига ўтишни талаб қилмоқда”, – деди Жапаров. – Бундан ташқари Иссиқкўлга ҳам зарар етказиб қўймаслик учун биз янгича, замонавий шаҳар қурилишига рози бўлдик”.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди