Қирғизистонда вояга етмаганларга жинсий зўравонлик учун жазо яна кучайтирилди

Лекин ҳаёт бундай ўзгартиришларнинг вазиятга айтарли таъсир қилмаётганини кўрсатмоқда.

Қирғизистонда тез-тез содир бўлиб турадиган вояга етмаганларни зўрлаганлик учун жазо кучайтирилди. Президент Садир Жапаров Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига тегишли ўзгартиришларни киритишни маъқуллади.

Қонунларга киритилган ўзгаришларга кўра энди ёш болалар ва ўсмирларга нисбатан жинсий кўринишдаги жиноят содир этган шахслар 60 ёшга тўлган бўлса ҳам умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Амалдаги қонунда кекса ёшдаги жиноятчиларга умрбод қамоқ жазосини қўллаш тақиқланган эди.

Яна бир ўзгаришга кўра, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ёки бошқа кўринишда шундай жиноят содир этганларга нисбатан сўзсиз жиноий жазо қўлланиши керак. Бунгача турли сабабларга кўра, судлар зўравонларга нисбатан қамоқ жазосини қўлламасдан аҳлоқ тузатишга доир чораларни (пробация) белгилаб келган ҳолатлар қайд этилаётган эди.

Ушбу жиноятлар учун жазо санкцияларини кучайтиришни 2023-йилнинг декабрида депутат Марлен Маматалиев таклиф қилган эди.

Бу Қирғизистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазонинг кучайтирилиши бўйича навбатдаги уриниш. Лекин бу чоралар вазиятга деярли таъсир қилмаяпти. Масалан, 2022-йилда бундай жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш муддати ва жарималар миқдори жиддий оширилган эди. Фақат бу ҳайвоний ҳирс билан боғлиқ жиноятлар сони камаймаяпти. Аксинча, деярли ҳар ҳафта, бўлмаса бир ойда бир-икки марта ана шундай жиноят содир қилингани ҳақида хабарлар чиқиб турибди.

Жабрланган ёш қизалоқларнинг келажагига салбий қилишидан қўрқиб, бундай ҳолатлар овоза қилинмаган ҳоллар ҳам оз эмас. Бундай ҳолатларда айбдор зўравонликка гирифтор бўлган қизалоқнинг яқинларига маълум миқдорда пул тўлаш билан қутулиб кетмоқда. Суд енгил жазо қўллаб, қамоқдан қутулиб қолган жиноятчи яна шу ишга қўл урган ҳолатлар ҳақида ҳам хабарлар эълон қилинган.

Жамиятда бу жиноятга қарши энг олий жазо – ўлим жазосини белгилаш ҳақидаям таклифлар янграб туради. Лекин мамлакатда ўлим жазоси конституцияда тақиқланган. Жинсий зўравонларни кимёвий ёки жисмоний йўл билан кастрация қилиш (бичиш) таклифи ҳам расмийлар томонидан қўллов топмади.

Куни-кеча Талас вилоятининг Чингиз Айтматов туманида 15 ёшли қизнинг ҳомиладор эканлиги аниқланди. Бу ҳақда 23-май куни “Озодлик”ка вилоят милицияси матбуот хизмати хабар берган. Қизнинг ҳомиладорлиги ҳақида милицияга унинг ўқитувчилари хабар беришган. Қизнинг онаси ҳам милицияга ариза билан мурожаат қилган.
Тергов давомида мактаб ўқувчисининг ҳомиласи 26 ҳафталик бўлиб қолгани аниқланиб,  «зўрлаш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Гумонланувчи сифатида 31-ёшли маҳаллий фуқаро ҳибсга олинган.

Бундай ҳолатлардан яна бири жорий йилнинг апрелида содир бўлган. Ўшанда Ўш вилоятининг полицияси 5 ёшли қизни зўрлаганликда гумон қилинган 31 ёшли эркакни ҳибсга олган эди. Ундан аввалроқ қирғизистон омбудсмени Жамила Джаманбоева Бишкек яқинидаги Сўқулуқ қишлоғида 13 ёшли қизни бир йил давомида зўрлаб келган икки нафар шахс ҳибсга олинган.

Ёш болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва аҳлоқсизлик муносабатда бўлиш ҳоллари кенг тарқалган бўлишига қарамай, мамлакатда бу масалани ўрганиш учун жиддий тадқиқот ўтказилмаган. Давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар ҳам тизимли характерга эга эмас. Милиция ва суд органларининг жиноятчиларга нисбатан юмшоқ, “тушуниш” билан қилган муносабатлари ҳам жиноятнинг камаймай келаётганига сабаб бўлаяпти, дейиш мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг