Зеленский: Путиндан қўрқманг, у сизларга танк билан бостириб бормайди

Украинанинг муддати ўтган президенти Марказий Осиё давлатларига панд-насиҳатлар қилди.

 

Украинанинг расмий президенти Владимир Зеленский яқинда Швейцарияда ўтадиган Тинчлик саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини кўришни исташини маълум қилди. Бу ҳақда у Марказий Осиё давлатларидан борган 4 журналист билан учрашув чоғида айтди. Учрашув 24-май куни Харьков шаҳрида, Россия ҳужуми натижасида вайронага айланган босмахона биносида бўлиб ўтди.

“Озодлик” қирғиз хизмати журналистининг минтақадаги беш давлат ва Украина ўртасидаги муносабатлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Украина президенти Марказий Осиё лидерларининг мувозанатга риоя қилолмаётганини урғулади.

“Менимча, улар Кремлдан чўчигани учун руслар тарафга оғиброқ туришибди. Сўзларимга изоҳ бериб кетай… Бу менинг шахсий фикрим, ҳеч кимга таъна тошини отаётганим йўқ. Биз ўз танловимизни қилдик ва биз курашяпмиз. Мен шунчаки дилимда йиғилиб қолган гаплар билан ўртоқлашяпман”, деди Зеленский.

У Швейцарияда Тинчлик саммитини уюштираётгани ва унга дунё давлатлари лидерларини таклиф қилинганини билдирди. Саммитга Россия таклиф қилинмагани боис унга асосан Россияга қарши бўлган давлатлар раҳбарлари келиши кутилмоқда. Шу сабабли кўпчилик экспертлар бу учрашувдан бирор наф чиқамаслигини башорат қилмоқдалар.

“Биз барчани таклиф қилдик, шу жумладан, Марказий Осиё лидерларини ҳам. Биз ҳаммани таклиф қиламиз, биз уларнинг ҳаммасини шу саммитда кўришни истаймиз”, деди Зеленский ва минтақа лидерларининг Тинчлик саммитида иштирок этишдан чўчишига асос йўқ”, деган фикрини айтди.

“Бу ерда қўрқадиган нима бор? У ерда Путиннинг бўлмаслигигина қўрқувга сабаб бўляпти. Фақат шуни деб Путин танкка ўтириб, Марказий Осиё мамлакатларидан бирига бостириб борармиди? Йўқ, [бундай қилиш учун] бу камлик қилади. Унда айтинг-чи, саммитга қўшилмаётганлар нимадан қўрқишяпти? Улар нималарнидир йўқотишдан чўчишмоқда. Улар ҳатто бугунги Кремл билан алоқани йўқотиб қўйишдан ҳам қўрқишяпти. Бу ҳолат урушни тугатишга ёрдам бермайди», – деган сўзларини келтиради «Озодлик», – Худо сақласин-у, сизларнинг мамлакатларингиздан биттаси бизникидай ҳолатга тушиб қолганингизни тасаввур қилиб кўринг – мамлакатларингиз, халқингиз қўллов кўрсатмаган, қўллов кўрсатса-да, саммитга қўшилмаган мамлакатларга қандай қараган бўларди? Санкцияни ҳукумат киритади, бироқ бу саммит тинчлик тўғрисидаги, мулоқот ҳақидаги саммитдир”.

Табиийки, Зеленскийнинг айтган гаплари Россияда турли аччиқ-чучук, кескин танқидий гапларга сабаб бўлди. Рус нашрлари Зеленскийнинг президентлик муддати ўтгани, шу сабабдан у билан мулоқот қилишга ўрин йўқлигини айтиб чиқишди. Украина қонунларига кўра, Зеленскийнинг муддати март ойида тугаган, янги сайланган президент эса 20-майда ўз хизмат бурчини ўтагани киришиши керак эди. Лекин уруш туфайли Зеленский президентлик сайловларини ўтказмаслик ҳақида фармон чиқарган.

Владимир Зеленский назарда тутган Тинчлик саммитини эса жорий йилнинг 15-16-июн кунлари Швейцарияда ўтказиш режалаштирилган. Унга дунёнинг 160 давлати раҳбарлари таклиф қилингани айтилмоқда.

Матбуот анжуманида Зеленский Украинанинг ўз мустақиллиги учун оғир курашни бошдан кечираётганини айтиб, бу урушда ўз мамлакатининг “охир-оқибат ғалаба қозонажаги”ни ишонч билан таъкидлаган. Лекин охирги пайтда Украинанинг бу урушда ғалаба қозонишига шубҳа билдирган турли даражадаги экспертлар сони ортиб бормоқда.

Тасодифми, ёки махсус ташкил қилинганми, Зеленскийнинг бу учрашуви Россия президенти Владимир Путиннинг 26-27 май кунлари ўтаётган Ўзбекистонга сафари арафасида бўлиб ўтди.

Марказий Осиё давлатлари Украинадаги уруш бошлангандан бери имкон қадар бетарафлик позициясида туришга интилиб келишмоқда. Фақат Қозоғистон аввалига бу урушда Россияни қўлламаслиги ва у босиб олган ҳудудларни давлат сифатида тан олмаслигини расман айтиб чиққан. Лекин кейинги пайтларда минтақа давлатларининг, жумладан Қозиғистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқи киритаётган санкцияларга қарамай, Россия билан алоқаларини мустаҳкамлаб бораётганлари кузатилмоқда.

АҚШ ва Европа давлатларидан фарқли ўлароқ Россия Марказий Осиё давлатлари билан асрий иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик қилиб келган. Уларни бирлаштириб турган Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан кейин ҳам бу алоқалар сақланиб қолган ва, турли муаммоларга бой бўлсада, ўзаро фойдали шароитларда давом этиб келмоқда. Украинадаги уруш ва ғарб давлатлари киритаётган санкциялар натижасида Россиянинг Марказий Осиё давлатларига муносабати тенгликка асосланган янги даражага ўтаётганини пайқаш мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг