ҚАДРИЯТ 

“ЎХШАТГУМ” ҚЎШИҒИ МУАЛЛИФИ КИМЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг қалбларимизга нақшланиб қолган жозибали қўшиқларидан бири – “Ўхшатгум”ни қанча тингласак-да яна қайта-қайта эшитгимиз келаверади. Қўшиқ аввалида раҳматли Шерали аканинг: “Бу қўшиқнинг муаллифи номаълум. Фарғонада стадионда концерт қилаётган эдик, кўринишидан ҳаётда жуда кўп азият чеккан бир аёл ёнимга келиб, “Мана шу шеър Сизга аталган”, деб бир қоғозни қўлимга тутиб кетди. Шеърни ўқиб кўрсам, бу биргина менга эмас, балки қўлидан иш келадиган ҳаммамизга аталган экан. Афсуски, ўша аёлнинг исми-фамилияси ёзилмаган экан…” деган гаплари мухлисларини ҳаяжонга солган. Ким эди у, шеъри шу қадар ёқимли қўшиққа айланган шоира?

Менимча, минглаб қўшиқ шайдоларининг ўша аёл кимлигини билгиси келса, ажабмас.

Бу машҳур шеърнинг муаллифи Ҳавасхон Олимова деган аёл экан! Турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиб, Қамчиева бўлган онахон 1959 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида деҳқон оиласида таваллуд топган. 1966 йил тумандаги Алишер Навоий номли ўрта мактабни биринчи синфига ўқишга қабул қилиниб, 1976 йилда 10 синфни тамомлаган. Тақдир тақозоси ила Андижон вилояти Марҳамат туманига келин бўлиб тушгач, иш фаолиятини 1985 йил шу туман марказий кутубхонасидан бошлаган. 2007 йилдан Марҳамат туман ҳокимлиги “Соғлом авлод” хайрия жамғармаси раиси лавозимида, 2021 йилдан тумандаги 43-сонли умумий ўрта мактабда маънавий ва маърифий ишлар тарғиботчиси лавозимида ишлаган. Ҳозирда туман оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда республика оқила аёллар ҳаракатининг Марҳамат туман раҳбари лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Ҳавасхон опа ижод билан шуғулланиб, бир неча китоб чоп эттирган. “Сабрнинг сариқ олтини”, “Мен йиғлаган оқшомлар”, “Тақдирдан тобланган муҳаббат” ҳикоялар ҳамда “Қирлардаги қизғалдоғим”, “Қалбим гавҳари” шеърий тўпламлари мухлислари қалбидан жой олган.
Булардан ташқари, бир неча алманахларга шеърлари киритилган.

У Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси “Дунё талантлари” аъзоси. 2023 йилда “Мўътабар аёл”, 2024 йилда “Ибратли оила” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Истеъдодли шоира Миср, Озарбойжон, Ҳиндистон, Араб амирлиги каби давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, туркум шеърлар, очерклар ёзди.
Унинг “Мен йиғлаган оқшомлар” ҳикояси АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Озарбойжон мамлакатларида нашр этилган, 26 та давлат сайтида ёритилган.

Мана ўша шеър:
ЎХШАТГУМ

Кимларгадир ҳавас сизнинг шуҳратингиз шонингиз,
Санъату маҳоратда бу қадар имконингиз.
Кимларгадир керак, билинг, ёлғизгина жонингиз,
Ерни – Она, қуёшни мен дояларга ўхшатгум.

Асрларнинг қаъридан куй-оҳанглар келар оқиб,
Бобур йиғлар қаро тунлар олис Ҳиндудан боқиб,
Нодиранинг армон тўла мисрасига ўт ёқиб,
Сизни ҳеч ким айтолмаган нолаларга ўхшатгум.


Юракда ишқ – гўзал армон, олисларда нигоҳлар,
Кескир қилич оҳанг эса фалак бағрин тароқлар,
Тўлғонсангиз, кўз ёшлардан ялтираса яноқлар,
Сизни ўша Бургут қўнган қояларга ўхшатгум.


Тўрғай мисол еру кўкдан илҳом олган, завқ олган,
Кўкка очиб кўксин, зумда она ерга қайтолган,
Юз йилда бир туғиларкан эл дардини айтолган,
Сизни ўша айтаолган наволарга ўхшатгум.


Юракларга урилиб, акс-садо берар қўшиқлар,
Олам узра яраларкан, унга йўқдир тўсиқлар,
Олис йўлдан карвон келар, тингланг, дўсти содиқлар
Қўшиқни сиз оқ тонгдаги оқ сояларга ўхшатгум.

*     *     *

Ҳавасхон опа бу шеърни 1987 йилда ёзиб, 25 май куни Фарғона стадионида Шерали Жўраевга тақдим этган. 1991 йили Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» саройида Шерали Жўраев ўша шеърга бироз ишлов бериб, қўшиқ қилиб ижро этган! Бу ажойиб қўшиқ ўзбек қўшиқчилик санъатининг бебаҳо дурдоналаридан бирига айланиб қолди.

 

Дилмурод Қирғизбоев

 

боғлиқ хабарлар