Қирғизистон бугун: Қошиқлаб тўпланган обрў, яхши ном чўмичлаб сочилмоқда
Бишкекда безори зўравонларнинг хорижлик талабаларга ҳужуми қандай оқибатларга олиб келмоқда?
Бишкекда бир гуруҳ ёшларнинг ҳорижий талабаларга қилган босқинчилик ҳужуми оқибати ўлароқ Қирғизистоннинг халқаро мавқеига путур етмоқда.
Бўлиб ўтган мудхиш воқеадан ташвиш билдириб, қатор хорижий давлатлар, жумладан АҚШ, Ҳиндистон ва Покистон баёнот ёйинлаб, Қирғизистондаги ўз фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақирди. Шунингдек, ватанидаги фуқароларига агар зарурат бўлмаса, бу давлатга вақтинчалик ташриф буюрмай туришни тавсия қилишди.
Маҳаллий кузатувчилар бу тартибсизликларнинг халқаро оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ортидан, Қирғизистонга туристларнинг келиши озайиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 13-май куни Бишкекда бир неча маҳаллий ёшлар хорижлик талабаларга ҳужум қилиб, уларнинг телефонлари ва пулларини тортиб олган. Муштлашув акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, 18-май куни миллатлараро тартибсизликларга сабаб бўлган ва камида 41 киши жароҳат олган. Улар орасида хорижликлар ҳам бор.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги президент Садир Жапаров топшириғига кўра, можарода жароҳатланган хорижликлар бепул даволанини маълум қилди.
Бишкекда махаллий аҳоли ва кўнгиллилар хорижлик талабаларга озиқ-овқат етказиб бериб, уларга ўзларини хавфсиз хис қилишлари учун зарур ёрдамларни бермоқдалар.
Учрашувдан сўнгги ташриф
Покистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ишоқ Дар 21-май куни оқшомда Бишкекка келди. У Қирғизистонга Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишидан сўнг қисқа муддатга ташриф буюрди. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари Остонада ҳам учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Меҳмон Бишкекда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев билан учрашди. Раcмий баёнотда, томонлар Қирғизистон-Покистон муносабатларини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашгани айтилади. Жээнбек Қулубаев Қирғизистондаги покистонлик талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан барча зарур чоралар кўрилганини маълум қилган.
Қирғизистондаги олий ўқув юртлари қошидаги кўнгилли жамоат ташкилотлари, икки давлат ёшлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказмоқда.
Вазирнинг таъкидлашича, 13-май куни содир бўлган воқеа юзасидан атрофлича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, айбдорлар қонун доирасида тўлиқ жазоланади.
“Ўз навбатида Покистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ишоқ Дар, Қирғизистон томонининг вазиятни тартибга солиш бўйича тезкор чоралар кўргани ва кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди”, -дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Бунгача покистонлик меҳмоннинг Бишкекка келиши эълон қилинган эди. Кейин ушбу маълумот рад этилиб, бу учрашув Остонада ўтиши маълум қилинган. Остонадаги учрашувдан кейин Покистон вазирининг Бишкекка ҳам келишининг сабаб ноъмалум. Афтидан вазир ўз юртдошларини маънавий томондан қўллаш учунгина келган. Муҳаммад Ишоқ Дарнинг тиббиёт муассасаларида даволанаётган Покистон фуқароларидан хабар олиши шунга далолат қилади.
Уйга иложсиз сафарлар
Шу вақтнинг ўзида Покистон ўз фуқароларини махсус рейслар билан ватанига олиб кетмоқда. 21-май куни Бишкекдан Покистонга олтита чартер рейс амалга оширилган. Ҳар бир рейсда ўртача 200 одам парвоз қилганида ҳам, жами 1200 талаба ўз ватанига қайтган.
“Манас” аэропорти сайтида кун давомида Исломобод, Пешовор ва Лаҳорга парвозлар амалга оширилгани кўрсатилган. Аэропортда самолёт кутаётган кўплаб Покистон фуқароларини кўриш мумкин.
Бугун, 22-майда ҳам Бишкекдан Покистоннинг турли шаҳарларига тўққизта чартер рейс амалга оширилиши кутилмоқда. Бунгача 670 нафар покистонлик талаба ва ишчи Қирғизистондан учиб кетгани хабар қилинган эди. Дастлаб, 18-май куни Бишкекдан Покистонга зудлик билан 130 нафар талаба олиб кетилган. Унда асосан оломон ҳужумида жабрланганлар ватанига етказилган. Расмий Исломобод ўз фуқароларини хавфсизлик сабаб Қирғизистондан олиб кетаётганини маълум қилган.
Яна нечта махсус рейслар амалга оширилиб, қанча покистонлик ўз ватанига олиб кетилиши ҳозирча айтиш қийин. Қирғизистондан ўз ватанига кетаётган покистонлик талабалар ва улар ўқиётган олийгоҳ вакиллари, талабаларнинг ўқишни давом эттириш учун яна қайтишларини айтишади.
2023-йил охирига оид расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 25 774 хорижлик талабалар ўқийди. Улардан қарийб 14 000 нафари ҳиндистонлик бўлса, 9600га яқини покистонликлар. Бироқ, бунгача уларнинг сони 29 минг, 42 минг нафар экани ҳақида ҳам айтилган. Яъни мамлакатда аниқ статистик маълумотлар йўқ.
Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги 20-майдан бошлаб чет эллик талабаларни онлайн ўқишга ўтказди. Вазирликка кўра, бу чора бир ҳафта муддатга жорий қилинмоқда.
Зўравонлар қўлга олинди
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги безорилик бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида тўрт нафар хорижлик ва уч нафар қирғизистонлик фуқаро қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилганини маълум қилди.
Ҳибсга олинган тўрт нафар Миср фуқароси, 20-май куни суд қарори билан уй қамоғига чиқарилган. Айнан ана шу талабалар биринчи жанжалда ўз ҳамюртларини ҳимоя қилиб чиқишган эди. Яъни, маҳаллий безориларнинг айби билан биринчи уруш мисрлик талабалар билан бўлган. Покистонликлар эса ҳеч қандай сабабсиз калтакланишган ва туналган. Қимматбаҳо буюмлари тортиб олинганлар орасида Қирғизистон халқаро университетнинг бир аёл ўқитувчиси ҳам бор.
Кеча, 21-май куни милиция чет элликларни калтаклашда гумонланганлардан яна бирини қўлга олган. Расмий маълумотда 25 ёшли гумонланувчи тартибсизликлар вақтида ўз машинасида одамларни хорижликлар яшайдиган жойга олиб боргани айтилади. 18-май куни эрталаб “Мерседес-Бенц Спринтер” русумли автомашинада тўрт нафар номаълум шахс «Дўрдўй» бозори яқинидаги уйга бориб, хорижликларни уриб, номаълум томонга қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Оммавий тартибсизлик» ва «Безорилик» моддалари бўйича иш қўзғатилиб, машина эгаси ҳибсга олинган, машина жарима майдонига киритилган.
Ҳозирда воқеага алоқаси бор бошқа гумонланувчилар ҳам қидирилмоқда.
“Барчамиз қонун олдида тенгмиз”
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ёшларнинг иғвога берилиб, мамлакатга ва қадимдан ўзининг меҳмондўстлиги билан машҳур бўлган халқ обрўсига зиён етказганини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари баъзи блогерлар ва иғвогарларнинг кенг кўламли тартибсизликларга чақирувчи видеомурожаатларни тарқатишга ҳозирлик кўраётганини аниқлаган. Жапаровнинг таъкидлашича, видеотасвирларда «мана, ҳукуматимиз қирғизларни ҳимоя қилиш ўрнига, аксинча, халқни камситмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаяпти» деган маънодаги сўзлар айтилиб, улар кенг кўламли қўзғалишга чорлаган. Хавфсизлик кучлари вазиятни назоратга олишга муваффақ бўлган.
Жапаров Қирғизистонда миграция жараёнлари ва туризм соҳасини ривожлантириш муҳимлигини эслатган.
«Бир миллиондан ортиқ одамларимиз хорижда ўқиб, меҳнат қилмоқда. Фуқароларимиз каби хориждан ҳам одамлар ўқиш ва ишлаш учун бизга келишади. Биз бундан хурсанд бўлишимиз керак…», – дейди Жапаров. – «…Уларга хизмат кўрсатувчи таълим муассасалари, кичик бизнес вакиллари фойда кўради ва бу иқтисодиётимизга миллиардлаб даромад келтирмоқда».
Мамлакат раҳбари чет эллик талабаларнинг Қирғизистонда олаётган билими учун пул тўлаётганлари ва солиқларни ҳам шу давлатда қолдираётганларини эслатди. “Иш ўринларига келсак, уларнинг ҳаммаси ҳам маҳаллий аҳоли орасида талабгир эмас. Ватандошларимиз бу ишларга бормаётгани боис тадбиркорларимиз чет эллик меҳнат муҳожирларини таклиф қилишга ва улар билан шартномалар тузишга мажбур бўлмоқда», – дея тушунтирди президент.
Унинг статистик маълумотларга асосланиб айтишича, Қирғизистонда бугун 6,5 мингдан ортиқ иш ўрни бўш, яқин йилларда яна ўн минглаб иш ўринлари яратилади, чунки мамлакатда янги йирик лойиҳалар ишга туширилади.
«Бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз хорижда истиқомат қилади. Мамлакатимизда меҳнат муҳожирлари сони бугунги кунда атиги 5322 нафарни ташкил этади. Чет эллик талабаларнинг сони 42 минг 620 нафардан иборат», – деди Жапаров.
Президент шунингдек, юртдошларни фарзанд тарбиясига жиддий ёндашишга, уларни «инсоний фазилатларга зид, мусулмонга ярашмайдиган» ишлардан сақланишни ўргатишга чақирди.
«Ота-оналар, фарзандларингиз ёшлик ва тажрибасизлик қилиб, оломон таъсирига тушиб қолмаслиги, ўз тақдирини поймол қилмаслиги учун эҳтиёт бўлинг. Мен ёшларимизни сабр-тоқатли бўлишга ва шубҳали чақириқларга берилмасликка чақираман», – дейди Қирғизистон президенти.
Жапаров ёшларни ўз манфаатларини кўзлаб, «кўчага олиб чиқиб, кечаги кунга ўхшаш воқеаларни юзага келтирувчи, қабиҳ ниятларини рўёбга чиқараётганларга нисбатан» қаттиқ чоралар кўришга ваъда берди.
«Агар шундай ҳолат такрорланса, ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки дақиқаларданоқ тартиббузарларни куч билан тарқатиш усулларига ўтади. Ким бўлишидан қатъи назар, бизнинг фуқаромизми, хорижликми, давлатимиз яхлитлигига тажовуз қилса ёки тартибсизликлар келтириб чиқарса, у қаттиқ жазоланади», дея огоҳлантирди президент Садир Жапаров.
Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, қозоқ-қирғиз чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уринган 6 нафар Покистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, Бишкекдаги изоляторга жойлаштирилган.
Бунгача, қўмита раҳбари Қамчибек Ташиев, Покистон ва Бангладешдан келаётган ноқонуний муҳожирлар оқими билан курашаётганини, уларнинг аксарияти қонунни бузаётганини айтган.
«Кунига камида 20-30, баъзан 50 нафар ноқонуний муҳожирларни аниқлаб, уларни мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпмиз. Расмий статистика маълумотларига кўра, қонунни бузган хорижликларнинг аксарияти Покистон ва Бангладеш фуқаролари. Улардан 1500 га яқинини ўз мамлакатларига қайтариб юбордик», деган эди у, тартибсизликлардан кейин видеомурожаат билан чиқиб.
Ўз мурожаатида у мамлакатда тартиб ўрнатилишини талаб қилиб, 18-май куни кўчага йиғилган ёшларга ҳайрихоҳлик билдирган. Қатор олийгоҳларнинг ректорлари ва бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов чет эллик талабаларга ҳужум қилган ва яна талабаларга қарши чора кўришни талаб қилиб намойишга чиққан ёшларни кескин қоралашган.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар ва видео интернетдан олинди.