Яна бир имконият: Тошкентдан Иссиқкўлга самолёт қатнови йўлга қўйилмоқда
Ҳозирча ҳафтасига уч кун, мавсум ойларида эса қатнов ҳар куни амалга оширилиши кўзда тутилган.
Янги туристик қатновни Ўзбекистоннинг “Silk Avia” компанияси амалга оширади. Бу янги компания “Ўзбекистон ҳаво йўллари” (Uzbekistan Airways) гуруҳига кириб, ўртача катталикдаги самолётларга эга. Унинг 70 кишилик сиғимга эга бўлган ATR 72-600 самолётлари унча узоқ бўлмаган йўналишларда, асосан мамлакат ичкарисидаги шаҳарларни бири-бири билан боғлаш мақсадида тузилган.
Қатнов шу йилнинг 16 июнидан тортиб, Тошкентдан Иссиқкўлнинг Томчи қишлоғидаги халқаро аэропортга ва у ердан яна Тошкентга учади. Учиш вақти икки соат. Йўлкира нархи бир томонга ўзбек пулига 1 240 368 сўмни (100 доллар атрофида) ташкил қилади.
Аввалига қатнов ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Кейинроқ талабга қараб, кунига бориб-келиш йўлга қўйилади.
Самолёт Тошкентдан маҳаллий вақт билан 9.30 учиб, Томчига маҳаллий вақт билан 12.35да етиб келади. Қайтишда эса Томчидан 13.35 да учиб, Тошкентга 14.50да етиб боради. Тошкент ва Бишкек ўртасида бир соат фарқ бор, яъни Бишкек бир соат олдинда юради.
Кейинги йилларда Иссиқкўл дунёнинг турли давлатларида, айниқса собиқ Совет Иттифоқи республикаларида, жумладан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон аҳолиси орасида оммалашиб қолган. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг кўл бўйларида ўз пансионатлари бор.
Иссиқкўл – денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган бўлиб, дунёнинг энг катта 30 кўли орасидан жой олган. Жаҳондаги энг чуқур етти кўлнинг бири. Тоғ устида жойлашган бўлишига қарамай, қишда ҳам суви музламайди. Иссиқ ёз мавсумида эса атрофидаги тоғларда қорни кўриш мумкин.
Қиш-ёз ишлайдиган пансионат ва меҳмонхоналари, емакхона ва бошқа ҳар хил хизмат турлари мавжуд. Туристлар учун кўл атрофининг ажойиб табиати ва тарихий жойлари бўйлаб отда, пиёда ва кўлнинг ўзида кемада қизиқарли саёҳатлар ташкил қилинади.
Оқбура, Бишкек.
Сурат А.Мамараимовники