Намангандаги анъанавий гуллар фестивали иштирокчилари жўғрофияси кенгаймоқда

Байрам тадбири доимгидай шаҳар кўчалари бўйлаб ўтказилган гуллар паради билан бошланди.

Бу йил Олтин водийда 63-чи марта гуллар фестивали старт олди. Шу вақтгача бу байрам Наманган шаҳрининг бренди, ташриф қоғози бўлиб келган эди. Энди эса у бутун Ўзбекистоннинг йирик халқаро мақомини кўтарган улкан нафосат анжуманига айланмоқда. Фестивалда маҳаллий ва турли ўлкалардан келган гул боғчалари эгалари ва боғ дизайнерлари ўзларининг бадиий композицияларини намойиш этишади. Бу уларга маҳаллий ва халқаро компанияларга ўзларини танитиш имконини беради.

Гуллар паради Наманган шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб бўлиб ўтди. Парадда гуллар ва миллий рамзлар туширилган енгил автомобиллар, ғалла ўриш комбайнлари, ҳатто ўт ўчириш машиналари, тракторлар, изли автомобиллар ва тез тиббий ёрдам машиналари каби 200 дан ортиқ техника иштирок этди.

Тадбирда Жанубий Корея, Россия, Туркия, Покистон, Нидерландия ҳамда Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби қўшни давлатлардан келган меҳмонлар ўзларининг миллий кийимларида иштирок этишди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан президентнинг вакили ўринбосари Мақсат Сидиқов бошчилигидаги айрим туман ҳокимлари ҳамда муассаса, ишхоналардан ўнга яқин киши иштирокидаги делегация борди. Интернет манбаларида уларнинг қирғиз миллий либосларда, «Гуллайвер, Қирғизистон!», «Гуллаган Бургўнду”, “Жалолобод вилояти Новкент тумани Бургўнду қишлоқ ҳукумати» каби қирғиз тилидаги ёзувларни кўтариб, параддан ўтишганини кўриш мумкин.

Гуллар фестивалида Ўш вилоятидан ҳам аҳоли билан биргаликда мухбирлар, вилоят ҳокимлигидан ҳам вакиллар қатнашишди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, гул байрами Наманганда биринчи марта 1961-йилда ташкил этилган. Шундан буён байрам баъзан 3 кун, баъзи йилларда бир ҳафтагача давом этган. Бу йил эса гуллар байрами салкам 40 кун, 19-майдан 23-июнгача давом этадиган бўлди.

 

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг