Буюк ғалаба меъморлари: Етимлар бошини силаб, фронтга танк юборган инсон

Йиллар ўтиб, Иминохунбой отанинг қаҳрамонликлари аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.

 

Бунда бор: Ҳарорат,

Муҳаббат,

Шафқат

Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам…

(Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеъридан)

Иминохунбой

Ўз даврида бутун собиқ Иттифоқига донғи кетган, замонасининг энг саҳоватли бойларидан, меҳр-мурувватда беқиёс инсон, бир пайтлар номи тилларда достон бўлган бу инсонни бугунги ёшлар билмаслиги мумкин. Негаки, кейинги чорак асрдан кўпроқ давр мобайнида шўро даври қаҳрамонларидан саналган, «Иминохунбой» номи билан танилган юртдошимиз номи матбуотда деярли эсланмаган. Биз ушбу камчиликни бироз тўғрилашга қарор қилдик.

Инсонпарвар ишбилармон, раис ва фронт ҳомийси

Асли қашқарлик бўлган Иминохунбой Иккинчи жаҳон уруши йилларида икки марта қаҳрамонлик кўрсатади. Биринчиси – битта танкка етадиган жуда катта маблағини Сталинга шахсан жўнатган бўлса, иккинчиси – инсонийлик бурчини адо этиб, уруш даврида 18 нафар қаровсиз қолган болани асраб олиб, уларга ғамхўрлик қилган.

XX аср ўрталарида Ўш шаҳрида замонасининг энг саҳоватли бойларидан бўлган

Аҳмаджон ўғли Иминохун 1878-йилда Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳридаги Саманд даҳасида туғилган. Миллати ўзбек, мактаб маълумоти ҳам йўқ. 1916-йилда Ўш шаҳрининг Мажримтол маҳалласи ҳудудида, Пахта кўчасидаги 110-уйни сотиб олиб, ҳовли-жой қилган ва бир умр шу ерда яшаб ўтган.

Иминохунбой меҳнат фаолиятини 1925-йилда “Саройвандли уй” артелида бошлаган. 1935-1939 йилларда бугунги Шарқ қишлоқ ҳукуматида ҳудуда тегирмонбоши, 1939-йилдан 1954-йилгача “Октябр ХХ йиллиги” артели раиси лавозимида фаолият юритган. Бир пайтнинг ўзида, 1947-1953 йилларда “Ўттизадир” қишлоқ совети раиси ҳам бўлиб турган.

Иминохунбой Ўшда замонасининг энг саҳоватли бойларидан бўлиб, шаҳар марказидаги «Откечик»да (Собиқ «Космос» кинотеатри, ҳозирги Филармония биносининг пастроғида) катта чойхона эгаси бўлган. «Оқбура» дарёси бўйида ўнга яқин тегирмон, мойжувоз, обжувоз ва чойхоналарни юргизган. Бундан ташқари урушгача бўлган йилларда у Навоий номли боғ ва Оқбура дарёси атрофида 3 та ошхона ва меҳмонхона барпо этиб, 200 нафардан зиёд одамни иш билан таъминлаган. Кўприк ёнидаги 2 қаватли бинонинг биринчи қаватида қандолатчилик маҳсулотлари тайёрланса, иккинчи қаватида кенг ва шинам чойхона ишлаб турган. Навоий боғи бошига ҳам яна бир ошхона қурдирган.

Иминохун ака Аҳмедов Улуғ Ватан уруши бошланган даврда ҳунармандчилик артели раиси сифатида ўз қўли остида ишлаётганларга кўп мадад кўрсатди. Бундан ташқари ота-онасиз қолган 18 болани уйига олиб келиб, боқиб-тарбиялади. Бундай меҳр-мурувват намунаси, тимсоли сифатида 14 нафар болани асраб олган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатилиб қолган. Аслида эса бундай оилалар сони жуда кўп бўлган.

Эски шаҳар марказидаги катта кўприк атрофида оч қолганларга таом улашган ва қурбига қараб фронтга ёрдам уюштириш ҳаракатида бўлди. 1942 йили Иминохун Аҳмедов ўз жамғармасидан фронтга битта самолёт, битта танк, 25 от ва 250 минг сўм пул ҳисобида ёрдам кўрсатганини шаҳримизнинг кекса авлод вакиллари ҳамда маҳалладош оқсоқолларнинг кўпчилиги тасдиқлайди. Ушбу маблағ ҳисобидан Челябинск танк заводида танк қурилган ва шахсан Сталиндан Иминохунбойга миннатдорчилик қоғози келган. Улуғ Ватан уруши пайтида Иминохун отанинг фронтга кўрсатган мадади ҳақидаги материаллар Москвадаги архивларда сақланаётган бўлиши керак.

Иминохун ота ўша пайтда ўз уйида тарбияланаётган етим болалардан ташқари шаҳарнинг Шаҳидтепа ва Туятош (Сун Ят Сен) кўчаларида жойлашган болалар уйларидаги 300дан зиёд болага умумий жамғармадан ҳафтасига 2 маҳалдан иссиқ овқат бердириб турган.

1947-йилдан 1953-йилгача Иминохун ота хўжалик ишларига раҳбарлик қилиб, Жанубий Ўттизадир канали чиқарилиши жонкуярларидан бири бўлган. Канал орқали сув келгач, “Ўттизадир” совхози ташкил этилиши ҳам Иминохун Аҳмедовнинг меҳнатлари туфайлидир.

Отасидан ўрнак олган Маҳмуджон Иминов узоқ йиллар Ўш шаҳар умумий овқатланиш трестида раҳбарлик лавозимларида хизмат кўрсатган. Яна бир ўғли Умаржон Иминов Навоий боғи ободончилиги учун кўп меҳнат қилди. У боққа 900 тупга яқин турли манзарали дарахтлар эктирган.

Никулин ва Тамарахонимларни меҳмон қилган

Бугунги кунда 86 ёшни қаршилаган Умаржон оқсоқол биз билан суҳбатда отаси ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

“Отам 18 нафар фарзандни асраб олди. Улардан 15 нафари болалар уйларидан, қолганлари Ўш маҳаллаларидан олинган. Отам, оиламизда яшаш тарзимиз қандай бўлишидан қатъий назар, бу масалага жиддий ёндошган ва болаларга ўз уйларидан, нафақат уйлари, балки қалбларидан жой берган. Чунки улар кимда ким етимга жой берса, унинг бошини силаса ва унга ғамхўрлик қилса, жаннатда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишларини яхши билардилар”, – дея эслайди Умаржон бува.

Ўша йиллари суҳбатдошимиз отасининг кўрсатмаларини бажариб, ҳафтасига 2-3 марта 100 литрли дошқозонда атала пиширтириб, маҳалла гузарларида муҳтожларга тарқатилишига бош бўлар эди. Уруш йилларида Эски шаҳар марказидаги катта Оқбура кўприги атрофида оч қолган камбағалларни овқатлантирар, ўлиб қолган одамларни дафн қилдирар эди. Ҳар куни 2-3 киши кўчада очликдан ва совуқдан вафот этарди.

“1942-йили ўртоқ Сталиндан отамга миннатдорчилик хати келган… Урушдан кейин Қирғизистон ССР Олий Кенгашининг раиси Тўрабай Қулатов отамдан “Ўттизадир” қишлоғини ободонлаштириш ва уни совхозга айлантиришни илтимос қилди. Шу мақсадда отамни қишлоқ совети раиси лавозимига тайинлади. Отамнинг меҳнати билан “Ўттизадир” қишлоғидан сув канали тортилди”, – дея хотиралари билан бўлишди Умаржон бува.

Иминохунбой ота 1946-йилда Эски шаҳар марказидаги Оқбура дарёсининг икки қирғоғини боғлаган кўприкни қайта қуришда ҳам бош-қош бўлган. Ўзининг юқорида тилга олинган ишлари билан Иминохунбой ота бутун Иттифоққа танилган эди.

Иминохунбой санъат шайдоси, ўзбек миллий мусиқа санъатининг бебаҳо мумтоз санъатига ошуфта мухлислардан бўлган. Ўзбек мумтоз қўшиқчилик санъати дарғалари – академик Юнус Ражабий, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Таваккал Қодиров, Неъматжон Қулабдуллаев, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова ва бошқалар қачонки Ўшга ташриф буюрсалар, уларни албатта уйларига таклиф қилиб, меҳмон қилар эди.

Умаржон буванинг эслашича, 1968 йили отаси оғир дардга чалиниб қолади. Шунда Москвадан СССР халқ артистлари Юрий Владимирович Никулин ва Александр Сергеевич Демьяненколар унинг хонадонига ташриф буюриб, ҳол-аҳвол сўраб кетадилар.

Ҳаттоки 1968-йили Москвадан Виктор Ковуновский ва Қирғизистон кинематографияси раҳбари Пўлатов келиб, Иминохун ота тўғрисида ҳужжатли фильмни суратга олиб кетишади. Улар отага фронт ичкарисида қилган олийҳимматликлари учун Москвадан икки хонали уй ва “Москвич-412” машинаси берилади, деган гапларни ҳам айтишади. Лекин Иминохун ота Москвага боришга кўнмайди. Бу маблағларни етим-есирларга беринглар, деган таклифни айтади.

Меҳр-мурувват, инсонпарварликда беқиёс инсон Иминохун Аҳмедов 1969-йилнинг 25-февралида Ўш шаҳрида вафот этган. Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга дафн этилган. Иминохунбойнинг уч нафар фарзандлари бўлган: ўғиллари Рўзиохун, Маҳмуджон ва қизлари Мақсудахон.

Москвадан ва республика пойтахтидан келган расмий вакиллар Иминохун отага тегишли деярли ҳамма ҳужжатларни олиб кетишган. Улар асосида яратилган ҳужжатли фильм ота вафот этгандан кейин уч кун ўтгач, яъни 1969-йилнинг 28-февралида Совет Иттифоқи Марказий телевидениесида намойиш этилган. Буни отанинг фарзандлари ҳамон эслаб юришади.

 

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар Иминовларнинг оилавий архивидан олинди

 

Таҳририятдан: Эслатиб ўтамиз, Улуғ Ватан уруши йиллари Ўрта Осиёга Россия, Украина ва Белоруссиядан бир миллиондан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган. Уларнинг 200 мингдан зиёди ёш болалар бўлган. Юзлаб ўзбек, қирғиз оилалари бу болаларни ўз бағирларига олган. Жумладан Қирғизистонга 140 минг одам эвакуация қилиниб, уларнинг 16 мингги қамалда қолган Ленинграддан келган. Улар орасида бўлган 3,5 минг ёш болани маҳаллий аҳоли ўз уйига қабул қилган. Улардан энг машҳури, 17 ёшида қишлоқ кенгашига раис бўлган иссиқкўллик Тўқтўғўн Алтибасарова эди. Бу аёл 150 боланинг асраб олинишга бош-қош бўлган ва уларни ўз болаларидек бағрига олган.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг