ҚАДРИЯТ 

ШОИР  ЎҚИТУВЧИ ЮБИЛЕЙИ

Бозорқўрғондаги Алишер Навоий номли ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиётидан 40 йил сабоқ берган шоир ўқитувчи Шерали Ўринбоевнинг 100 йиллик юбилейи  ўтказилди.

Мактаб жамоаси устознинг хотира кунига пухта тайёргарлик кўришди. Домладан сабоқ олган унинг жияни, айни пайтда Ўзбекистонда яшаётган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бир неча китоб муаллифи Салима Холдорова, Бозорқўрғон туман халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Ғолиб Абдукаримов, халқ таълими бўлими касаба уюшмаси раиси Суюн Жарқинбаев, республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Мамасоли Қодиров, собиқ касбдошлари Зуҳриддин Ҳожиматов, домланинг ўқувчилари, шаҳар хотин-қизлар комитети раиси Турсуной Мамажонова, мактаб директори Ҳакимжон Мансуралиев, туманда қалам тебратаётган ижодкорлар, мактаб жамоаси ва ўқувчилари қатнашди.

Шерали Ўринбоев деганда кўз олдимизда билимдон, адабиёт илмини пухта эгаллаган инсон гавдаланади. У 1924 йили Бозорқўрғон қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилди. Фарғона давлат педагогика институтида сиртдан ўқиди. Бозорқўрғон, Ленин (ҳозирги Новкент) туманидаги мактабларда 40 йил директор ва ўқитувчи лавозимларида ишлади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари 70 ёшларга бориб қолган Шерали Ўринбоев “Жалолобод тонги” таҳририятига келиб: “Назм ва наср соҳасида анчагина ижод намунларим бор”, – дея китоб қилиб чиқаришга  маслаҳат сўради. Муҳаррир Ботиржон Ғозибоев домланинг ўқувчиси эди. Шерали акага ёрдам беришга қарор қилдик. Мен домланинг қўлёзмаларини машинкамда босиб бердим. Ботиржон муҳаррирлик қиладиган бўлди. Китобнинг биринчи бетида муаллиф дил сўзларини шундай изҳор этган: ”Ҳечдан кўра кеч” қабилида иш кўриб, кўпйиллик машаққатли меҳнат маҳсулининг кичик бир қисмини ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз. Унинг ёруғлик юзини кўришдек хайрли ишга ҳомийлик қилиб моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган саховатли шахслару жамоа аъзоларига миннатдорчилик изҳор этаман”.

Унинг нафис шеърлари, дилбар ғазаллари, эртак ва достонларида  она-Ватан, дўстлик, муҳаббат, табиатни муҳофаза қилиш каби эзгу тушунчалар уйғунлашиб кетган. “Дил рози” номи билан 2000 нусхада  чоп этилган  280 саҳифали китоб қишлоқда қўлма-қўл бўлиб кетди.

Домла “Дил рози” китобининг сўзбошисини шундай якунлаган эди:

“Баҳолиқудрат, меҳнат маҳсулимизнинг қолган йирик қисмлари билан талабчан ўқувчиларимизни хушнуд этмоқ юксак орзумиздир. Насиб этса, қолган куч-иродамиз ушбу орзунинг ушалишига сарфланиши турган гап. Ҳозирча ёмонни яхши деб, озни кўп ўрнида қабул этишингизни бажонидил истаб қоламиз”.

Афсуски, домла кейинги асарларини чоп эттиришга улгурмади. Илк китоби чоп этилгандан икки йил ўтиб, 1997 йили  73 ёшида вафот этди.

– Биз Шерали ака Ўринбоев каби ижодкор, ўз фанини чуқур билиб ўқувчиларга пухта билим берган устозларимиз борлигидан фахрланамиз. Домланинг номи барҳаёт, асарларини одамлар севиб ўқимоқда. Бу муаллимнинг хотира кечасини ташкил этган мактаб жамоасига, адабиёт муаллимларига тасанно. Ўз амакисининг бир асрлик тўйини ташкил этишда ташаббускор бўлган ва ўз ҳиссасини қўшган, Навоий шаҳридан ташриф буюрган ёзувчи синглимизга ҳам катта раҳмат. У кишининг яна бошқа ижод намуналарини ёруққа чиқарасиз деган умиддамиз, – деди туман таълим бўлими раҳбари ўринбосари Ғолибжон Абдукаримов.

Шерали Ўринбоев билан ишлаган муаллим Зуҳриддин Ҳожиматов унинг ҳаёт йўли, ўқитувчилик фаолияти, ташкилотчилиги ва бошқа ижобий фазилатлари ҳақида фахрланиб гапирди. “Шерали домланинг фикрини доим очиқ айтишига, билимдонлигига, мардлигига тан берардик. Домла юксак мукофотлар олмаса-да, ўқувчилари, мухлислари қалбида яшамоқда. Домла ижод намуналарини кечроқ чоп эта бошлади. Унинг бу китобига кирмай қолган яна назм ва анчагина наср йўналишида асарлари борлигини биламиз. Уларни чоп этиш йўлларини топишимиз керак”, – деди у.

Шерали Ўринбоевнинг жияни, ёзувчи Салимахон Холдорова қўли кўксида ҳаммага миннатдор боқиб, шундай деди:

– Амакимизнинг излари ўчмабди, у мактаб жамоаси, ўқувчилари, замондошлари ёдида. Амаким  туфайли менинг китобга муҳаббатим ошди ва ўзим орзу қилган кунларга етдим. У кишининг назм ва наср йўналишидаги ижод намуналарининг айримлари менда. Юртдошларимиз мададкор бўлса, албатта асарлари дунё юзини кўради. Юбилейни ташкил этган Навоий номли мактаб жамоасига, унинг директори Ҳакимжон Мансуралиевга ташаккур.

Салимахон Холдорова “Дунё талантлари уюшмаси”нинг “Алишер Навоий” медали билан тақдирланган эди. Юбилей сўнгида Бозорқўрғон туман ўзбек миллий маданий маркази раиси муовини Юнусжон Тешабоев шу медални тантанали равишда  Салимахон Холдоровага  топширди.

Юбилей кечада мактаб ижодкор ўқувчилари домланинг шеърларини ёддан ўқишди, ҳаваскорлар қўшиқ ва рақслар билан ҳаммани хушнуд этди.

Қуйида домланинг “Бағишлов” шеъри эътиборингизга ҳавола этилади:

 

Кўнгли, қўли очиқ ўзбекнинг

Ғариб, фақир бир заррасиман.

Рақибиман гинаю кекнинг,

Орзу қилган эл маррасиман.

 

Шеър осмонин порлоқ силласи

Аксин топар юлдуз, ой, кунда.

Бироқ шамнинг ҳазин шуъласи

Кўзга элас чалинган тунда:

 

“Бу – тушкунлик, иғвою исён”

Деб дилимни этдилар сиёҳ.

Гуноҳ юклаб жигаримни қон –

Айлаб, нари элтдилар, эвоҳ!

 

Доноликни қилмасдим даъво,

Асло юзин очмади олқиш.

Ҳақ сўз айтиб айласам наво,

Шўр бошимга ёғилди қарғиш.

 

Адолатдан сўзласам, хўрлаб,

Дилхасталик этдилар зуҳур.

Қулоқ бурмай турткилаб, зўрлаб,

Истагимга босдилар муҳр…

 

Итлар хурар, эшаклар ҳанграр,

Бироқ кўзлар манзилни карвон.

Эзгу ният ёр бўлса агар,

Йиғлаб-сиқтаб ошарман довон.

 

“Умид – дунё, ноумид шайтон”

Ҳикматини қолдим ардоқлаб.

Кун кўрмадим бедил, безувон,

Ўтай деб эл ишончин оқлаб.

 

Булут янглиғ кўкда зор йиғлаб,

Ўткинч излаб самода суздим.

Ҳар ўткинчда дунёлар илғаб,

Улардан рост хулоса туздим.

 

Қўлингизда жажжи арзи ҳол,

Ташланг ўткир кўзлар қирини.

Ўқиш, ўйлаш келмаса малол,

Англагайсиз юрак сирини.

 

Сиздан ўзга йўқ одил ҳакам,

Сизга дардим, сизгадир додим.

Бисот лафзин, ахтариб ҳамдам,

Бағишладим сизга, авлодим.

 

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон.

 

боғлиқ хабарлар