ЮБИЛЕЙЛАР ИСЛОҲГА МУҲТОЖ
Фалончи Пистончиевнинг 70 йиллик юбилейига таклифнома олиб келган йигитчани бир лаҳзага тўхтатдим.
– Бу Фалончи акамиз умрида садақаи жория қилганми?
– Билмадим, – деди йигитча ийманиб,
– Садақаи жория нима ўзи?
Савол жавобсиз қолмасин, деб мухтасар тушунча бердим: одам, қазои қадари етиб кўзи мангу юмилгач, унинг ҳаёти дунёдаги яхши ва ёмон амалларини ёзишни икки елкасидаги котиб фаришталар бас қиладилар. Аммо муфассирлар таъкидлашича, одамнинг вафотидан сўнг ҳаёти дунёдаги садақаи жориясининг савоби қиёматгача жамланиб, етиб бориб турар экан.
Хўш, садақаи жория нима ўзи?
У уч турли, дейилади исломий манбаларда. Биринчиси, агар одам илм олиб, илм ўргатса, бирон ихтиро қилса, шогирдлари давом эттирса, фойдали китоб, тадқиқотлар қолдирса… Иккинчиси, ҳалол топган маблағидан йўл, кўприк, илм маскани, масжид қурса, боғ-роғлар барпо этса ва ҳоказо… Учинчиси, ўзидан эл-юрт хизматига камарбаста солиҳ фарзандлар қолдирса…
Аслида, инсон умр уммонининг бир соҳилидан иккинчи соҳилига етгунча қилиши зарур бўлган амалларнинг мағзи-маъноси шу. Садақаи жорияси, ўзидан қоладиган бирон-бир беминнат савобли амали бўлмаса, агар 30 йил ишлайдими, 50 йил ишлайдими, мол-дунёси ошиб-тошиб кетадими, унга юбилей қилиб сохта, қалбаки ҳамду санолар тўқиш жоиз бўлармикин?
Бу муаммонинг бир томони. Иккинчи томони – юбилейларнинг барчаси бир қолипда, стереотип ҳолатда, зерикарли, бемаза хўжакўрсин қутловлар, эл кўзига совғалар топшириш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликлар ботқоғига уйғун қилиб ўтказилмоқда. Устига-устак, бу пучак тадбирларни гапдон маҳмаданалар, қистир-қистирга ишқивоз шахслар 3-4 соатга чўзиб, юзлаб одамларнинг қимматли вақтларига, тақдирда ўлчаб қўйилган саноқли умр соатларига чанг солмоқдалар.
Юбилей ва тўйлардаги яна бир нохуш ҳолатга эътибор беринг. Табрик учун сўзга чиққанки одамни, у қарими, ёшми барибир, бошловчи “Энди бир ўйнаб беринг”, деб ўртага тортади, унамаса мажбур қилади. Агар табрикловчи раҳбар ёки машҳурроқ тадбиркор бўлса, қўл кўтариши биланоқ яқинлари, қўл остидагилар, қуда-андалар пул қистиришга хоҳ-нохоҳ мажбур бўладилар. Қизил, кўк, сариқ пуллар «раққос» нинг қўлига тутқазилади. Зеро дўпписига қистирай деса, у ялангбош. Пуллар ғижимланиб, санъаткорларга ташланади.
Хўш, ўйинга тушганда пул қистиришдан қандай мантиқ? Нима, бу «раққос»га садақами, эҳсонми? Қўполроқ айтсак, ўйинга тушиб тирикчилик қиладиган қашшоқми?
Санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари, куйларига мазза қилган меҳмонлар пулини, «раққос»га тутамлатмай санъаткорлар созининг оғзи очиқ чамадонига ташлаб қўйиши маъқул эмасми?!
Хоразм «Лазги»сига, водийнинг «Андижон полкаси»га, кавказликларнинг якка ва гуруҳли эркаклар рақсига қойилмиз. Аммо бизда санъаткор бўлмаган оддий авом меҳмонларни, айниқса ёши 50 дан ошган эркагу аёлларни ўртага чиқариб дикир-икир қилдиришдан ким завқ олади?
Баъзи бешарм аёлларнинг эркаклар даврасида ҳам юкхоналарини ҳаёсизларча ликиллатишларига, муқомларига кўникиб қолаётганимиз ачинарли эмасми? Бир донишманднинг «Уятсиз, шармандали рақс – бу горизонтал туйғуларнинг вертикал ифодаси» деган сўзлари нақадар ҳақлигига ишончимиз комил бўлаяпти.
Хулоса тарзида билдирмоқчи бўлган таклифларимиз:
- Юбилей ва тўйлар маросимларини 4-5 соатлаб эмас, 1,5-2 соатга келтириб, ихчамлаштирсак.
- Юбилярнинг, тўй эгасининг эл-юртга кўрсатган беминнат, саховатли хизматлари маърузаларда эмас, аввалроқ видеога олиниб, мониторда кўрсатилса, ёш авлодга ибрат бўлса…
- Ҳадя ва тўёналар эл кўзига, ҳамма билиб қўйсин демай, маросимга киришдаёқ хуфиёна топширилса…
- Дабдабали ёрлиқлар, нишонлар узундан-узоқ маърузасиз, сохта мақтовларсиз топширилса…
- Меҳмонларни «қистир-қистир» учун рақсга тортиш тўхтатилса, санъаткорлар хизматига ҳақ тўлаш пул қистиришсиз амалга оширилса…
- Ҳикматли ривоятлар, ҳадислар, илмий, адабий-бадиий савол-жавоблар, «заковат» интеллектуал ўйинлари жорий этилса…
- Дастурхон риёсиз, исрофгарчиликсиз, камтарона тузалса…
- Шунга эришайликки, ҳар бир маросимдан меҳмонлар тафаккури чархланиб, маънавий бойиб, кўнгли кўтарилиб чиқсин.
Ушбу таклифлар бизнинг шахсий фикримиз холос. Маъқул кўрмаганлардан узр сўраймиз.
Абдуғани Абдуғафуров,
Қирғизистон халқ ёзувчиси.
