Россия тежашга ўтди: Оналик капиталини оладиганлар сафи қисқартирилди

Меҳнат муҳожирлари орасида туғилишнинг кўпайиши Россия расмийларини ташвишга соляптими?

Россия қонунларига кўра, Россияда туғилган болалар ўз-ўзидан ушбу мамлакат фуқаролигига эга бўладилар. Бунга қўшимча чақалоқнинг ота-онаси каттагина миқдорда “суюнчи пули”, яъни оналик капиталини ҳам олар эдилар. Энди фарзандлари Россияда туғилган ота-оналар бу давлат фуқаролигини олмаган бўлсалар, улар оналик капиталини ололмайдилар. Бу борада оналик капитали сертификатини бериш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Янги қоидага кўра, оналик капиталини олиш учун Россияда туғилган ёки асраб олинган боланинг ота-оналари, ҳеч бўлмаса улардан бири Россия фуқароси бўлиши шарт. Янги қонун келаси йилнинг 1-январидан кучга киради.

Хўш, оналик (оилавий) капитал нима ва у кимларга берилар эди?

Оналик капитали – бу болаларни тарбиялаётган россиялик оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбири. Жорий йилнинг 1 февралига нисбатан биринчи бола учун оналик капитали миқдори 630 минг 380 рублни ташкил қилган. Иккинчи бола учун қўшимча тўлов – 202 минг 643 рублга тенг. Иккинчи бола учун оналик капитали олишда, агар биринчи фарзанд 2020-йилга қадар туғилган бўлса, давлат ёрдами миқдори қарийб 835 минг рублни ташкил қилади.

Оналик капиталини жорий этиш тўғрисида Россия президенти Владимир Путин 2006-йил 10-майда Федерал мажлисда қилган нутқида эълон қилган. Дастур 2002-йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра туғилиш даражаси сезиларли даражада пасайган эди. Туғилиш даражасини кўтариш ва Россия аҳолиси сонини кўпайтириш мақсадида болаларни туғилганидан бошлаб қўллаб-қувватлаш учун оналарга шундай моддий кўмак кўрсатила бошлаган.

Бундай имкониятни Россияга мигрант сифатида борган Марказий Осиёликлар ҳам қўлдан бой бермади. Кўпчилик мигрантлар ўша ерда муқим яшаб қолиши натижасида Россия фуқаролиги билан бирга, оналик капиталини ҳам ола бошлаганлар. Уларнинг 2007-йилдан бошлаб туғилган болалари бўлса (қайси давлатда туғилган бўлишидан қатъий назар) ота-онаси РФ фуқароси бўлса оналик капитали берилган.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, Давлат Думасининг меҳнат қўмитаси раҳбари Ярослав Ниловнинг сўзларига кўра, бу «адолатсиз кўринади, чунки оналик капитали дастурига киритилган мафкура бутунлай бошқача эди». Лекин бу мафкуранинг моҳияти ҳақида аниқроқ айтмади.

Яъни, кўплаб Европа давлатлари каби Россияда ҳам туғилишнинг кескин камайиши натижасида аҳоли сони қисқариб боряпти. Расмий маълумотларга кўра, Путин ҳокимиятга келгунга қадар мамлакат аҳолиси йилига 700-800 минг кишига камайиб бораётган эди. Кейин расмий маълумотларда аҳоли сони ўсаётгани ҳақида айтила бошлади. Айрим фикрларга кўра бу ўсишни Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари таъминлай бошлаганлар. Афтидан, айнан шу ҳолат Россия расмийларини ташвишга сола бошлаган. Қолаверса, Украинадаги уруш туфайли давлат бюджети катта қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Муаммо эса ечимсиз қолмоқда. Масалан, 1990-йилда Россия аҳолиси 148 млн. кишини ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 146 миллионга тушган. Украинадаги урушда ҳар икки томондан минглаб ёш эркакларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам урушаётган давлатлар аҳолиси сонига кескин салбий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда.

Мамлакат аҳолисининг ўсиб бориши учун ҳам бир янги оилада ўртача камида икки яримта фарзанд туғилиши керак. Россияда бу кўрсаткич, 1,5гаям етмайди. Қолаверса, ғарб қадриятлари таъсирида оила қураётган ёшлар сони ҳам камайиб бормоқда. Солиштириш учун айтсак, Ўзбекистон аҳолиси йилига 700-800 минг кишига кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатда аҳоли сони 37 миллион кишини ташкил қилса, бир неча йил ичида бу кўрсаткичнинг 40 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг