Қўшнингни ковласанг кўчади: Муҳожирларнинг Россиядан кўнгиллари совимоқда

Меҳнат муҳожиримисиз? Унда ушбу мақоладаги амалий маслаҳатлар сиз учун фойдали бўлади.

Сўнгги йилларда қирғизистонлик муҳожирлар Россиядан кўнгиллари совиб, Ғарб давлатларига кўчмоқдалар. Улар олдиндан тузилган меҳнат шартномалари асосида Европанинг дала ва боғларида ишламоқдалар.

Халқаро Республика институти (IRI) Қирғизистоннинг ижтимоий аҳволи бўйича ўтказган тадқиқотида қирғиз фуқаролари кетма-кет икки йил ичида ишсизликни энг жиддий муаммолардан бири деб аташган.

Турли маълумотларга кўра бугун фақат Россияда 600 мингдан бир миллионгача қирғизистонлик меҳнат муҳожири ишлаб истиқомат қилади. Лекин яқин орада бу кўрсаткич анча камаядиган кўринади.

Қирғизистондан Жанубий Корея, айрим Европа давлатлари, жумладан Англияга дала ва боғ ишлари учун кетаётган қирғизистонлик муҳожирлар сони ортиб бормоқда. Уларни давлат томонидан ташкил этилган шароит ва тадбирлар асосида аниқ иш жойига етказиб қўйилмоқда. Яқинда Британияга ишлаш учун меҳнат шартномасини олган 66 нафар Қирғизистон фуқароси Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигининг малака ошириш курсидан ўтди. Уларга Британия қонунлари, солиқлар, иш ҳақи даражаси ҳамда мамлакат тарихи ва маданияти ҳақида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, уларга Қирғизистоннинг Британиядаги консуллик хизмати ва бошқа тегишли муассасаларнинг алоқа рақамлари берилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, 26 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси Hops Labor Ltd оператор орқали Британияда мавсумий ишларга бориш учун мурожаат қилган. Вазирлик ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Қайрат Жақипов хорижга ишлаш учун кетаётган ватандошларни Британия қонунлари ва виза талабларига қатъий риоя қилишга, Қирғизистоннинг халқаро майдондаги обрўсини туширмасликка чақирди.

Маълумки, жорий йилнинг 22-мартида Москва яқинидаги фожиали терактдан сўнг Россияда ҳам муҳожирларга қарши рейдлар ва ёқимсиз кайфият кучаймоқда (ҳужум оқибатида 140 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган). Бунинг далили сифатида 24-март куни Ўш, Бишкекдан Москвага учиб келган одатий рейсдаги қирғизистонликларнинг кўпчилиги Россияга киритилмаган ва Шереметъево аэропортидан уйларига қайтарилганини айтиш мумкин.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, жиддий зарурат бўлмаса, Россияга саёҳат қилишдан тийилиб туришга чақирган.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бақит Қадировнинг “Азаттиқ” радиосига берган интервьюсида маълум қилинишича, Москвадаги терактдан сўнг Россиянинг бутун ҳудудида хавфсизлик чоралари ва чегара назорати қаттиқ кучайтирилган. Куч органлари олиб бораётган рейдларда муҳожирларга нисбатан муносабат ёмонлашиб, қонунбузарларга қарши энг қаттиқ чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари россияликлар орасида ҳам меҳнат муҳожирларига қарши кайфиятлар кучайган. Бунинг ортидан Россияга кетаётган муҳожирлар оқими бироз сусайган.

Қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Россиядан ташқари Туркия ва Қозоғистонда фаолият юритади. Бугунги кунда ишлаш учун Жанубий Кореяга бораётганлар сони ҳам кўпайган. Йил бошида Италия расмийлари ҳам Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилиб, чорвачилик соҳасида 60 минг атрофида ишчилар қабул қилиши мумкинлигини айтган. Буюк Британия янги йўналиш бўлиб қолди.

Совет Иттифоқи парчалангач, 20-25 йил давомида Россияга Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг катта оқими кузатилган. Аммо 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши ҳамда юқорида айтилган фожиали терактдан сўнг муҳожирларга қарши рейдлар ва ёқимсиз кайфият кучаймоқда.

Хуллас, доно халқимизнинг “Оловни ковласанг ўчади, қўшнингни ковласанг кўчади”, деган гаплари амалда исботини топмоқда.

Хўш, хорижга ишлашга бориш, у ерда қонуний иш топиш, яхши даромад олиш ва фирибгарлар қўлига тушиб қолмаслик учун нима қилиш лозим? Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги ушбу саволларга жавоб берувчи махсус буклет чиқарган. Ушбу ҳужжатни 24.kg сайтидан таржима қилиб беришга қарор қилдик.

Савол: Қирғизистонликлар қайси давлатларда қонуний ишлашлари мумкин?

Жавоб: Қирғизистоннинг меҳнат миграцияси соҳасида асосий ҳамкори Россия. Бундан ташқари, энди фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш маркази орқали Буюк Британия ва Жанубий Кореяда ишга жойлашишингиз мумкин. Қирғизистонликлар Қозоғистон, Туркия, Германия, Япония, Форс кўрфази давлатлари, Миср ва айрим Европа давлатларида қонуний равишда ишлашлари мумкин. Ҳаммаси бўлиб 25 та давлат бор.

Савол: Қандай қилиб чет элда иш топиш мумкин?

Жавоб: Чет элга чиқмоқчи бўлган қирғизистонликлар бундай хизматларни кўрсатиш учун расмий рухсатномага эга бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш маркази ёки хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилишлари мумкин.

Керакли ҳужжатлар – ID-карта, чет эл паспорти ва уларнинг нусхалари.

Буюк Британияга сиз онлайн ариза топширишингиз мумкин. Жанубий Кореяга – фақат офлайн режимда. Фуқароларни рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотлар migrant.kg сайтида эълон қилиниб боради.

Савол: Ариза берувчиларга қандай талаблар қўйилади?

Жавоб: Асосийларидан бири тил билишдир. Масалан, Жанубий Кореяда ишга кириш учун корейс тилини ҳеч бўлмаганда бошланғич даражада билиш керак. Буюк Британияда тил билиш шарт эмас. Бунинг учун рус тилида гаплашиш кифоя. Лекин инглиз тилини билиш сизга катта имкониятлар беради.

Мигрантлар, шунингдек, ишдаги эпчиллик, кўриш қобилияти, танлаган иш бўйича малака синовларидан ўтказилиб, суҳбатлардан ўтишлари керак.

Савол: Ишга жойлашиш қанча туради?

Жавоб: Қирғизистон фуқаролари учун Давлат ишга жойлаштириш маркази орқали ишга жойлашиш бепул. Қирғизистонликларни ишга жойлаштиришга рухсати бор хусусий агентликлар хизматлари учун маълум миқдорда тўлов олинади. Бир марта тўланадиган ҳақ миқдори ўша шахснинг чет элда олиши кутилаётган бир ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

Савол: Қирғизистонликлар чет ўлкаларга қанча муддатга бориши мумкин?

Жавоб: Буюк Британия ходимларни қисқа муддатга, олти ойгача мавсумий ишларга ёллайди. Жанубий Кореяда тўрт йилу тўққиз ойгача ишга жойлашиш мумкин.

Бошқа мамлакатларда қолиш муддати шартномага боғлиқ. Бу олти ойдан икки-уч йилгача бўлиши мумкин.

Савол: Қанча хусусий агентликлар расмий рўйхатдан ўтган ва лицензияланган?

Жавоб: Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш марказининг маълумотлар базасида 150 дан ортиқ хусусий бандлик агентликлари мавжуд. Сиз migrant.kg веб-сайтида истаган компаниянинг қонуний фаолият юритишини текширишингиз мумкин.

Савол: Қирғизистонликлар хорижда қанча пул ишлаб топишлари мумкин?

Жавоб: Буюк Британияда иш ҳақи соатига тахминан 10 фунт ёки тахминан 1 минг сўмни ташкил қилади. Кундалик иш вақти об-ҳавога, ҳосилдорликка ва бошқа омилларга боғлиқ.

Туркия ва Форс кўрфази давлатларида ўртача иш ҳақи 600 доллардан бошланади. Энг даромадли жойлар йирик авиакомпаниялар ҳисобланади. Шартнома, шунингдек, бепул овқатланиш, турар жой ва йўл ҳаражатларини ўз ичига олади.

Жанубий Кореяда энг кам иш ҳақи 1,5 минг доллардан бошланади, турар жой ва овқатланиш иш берувчи ҳисобидан. Ижтимоий пакет, суғурта ва навбатдаги таътил ҳам иш берувчи томонидан тақдим этилади.

Савол: Фирибгарлар қурбони бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Жавоб: Қирғизистон фуқароларига фирибгарлар “чангалига” тушиб қолмаслик учун фақат чет элдаги фуқароларни ишга жойлаштириш маркази ва аккредитациядан ўтган хусусий бандлик агентликлари орқали иш қидириш тавсия этилади. Чет элга чиқишдан олдин сиз migrant.kg веб-сайтига кириб, маълум бир мамлакатда қолишнинг асосий қоидалари билан танишишингиз ва хусусий агентликлар берган маълумотларнинг қонунийлигини текширишингиз керак.

Сиз Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш марказида меҳнат миграциясига оид барча масалалар бўйича батафсил маълумот ва маслаҳатлар олишингиз мумкин.

Марказ билан боғланиш воситалари ва унинг манзили:

Телефон: +996 559189900

Ишонч телефони: +996 312641342

Манзил: Бишкек шаҳри, Тўқтўғул кўчаси, 237-уй.

Иш излаган юртдошларимизга омад тилаймиз ва алданиб қолмасликлари учун яна бир бор огоҳликка чақирамиз.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг