Муҳаммадамин Исмаилов: Рўза кунларида ширинлик улашаётганимдан бахтлиман

Бугунги кунда Ўшда севиб, талашиб истеъмол қилинадиган нишолданинг ўзига хос тарихи бор.

Юртимизда муқаддас Рамазон ойи ўз шукуҳини сурмоқда. Ана шундай муборак ойда халқимизни миллий ширинликлар, таомлар билан таъминлаётганларнинг ўз ўрни бор. Уларнинг бири – нишолда тайёрлайдиган ҳаваскор пазанда Муҳаммадамин Исмаилов.

Асли касби қурувчи бўлган қаҳрамонимиз, бунгача кўп жойларда ишлаган. Мустақиллик йилларининг бошларида Қўқон шаҳрига бориб, энг ширин нишолда тайёрлаш сирларини ўрганиб келган.

“Шундан буён рамазон ойида узлуксиз нишолда қилиб келаман. Кейин-кейин бунинг олдига нимадир қўшиш керак деб, Қўқон ҳолвасини ўрганиб келдим. Мақтаниш эмаску, Ўш шаҳрига Қўқон ҳолвасини биринчи мен олиб келганман”, – дейди уста.

Унинг айтишича, дастлабки йилларда 5 килограмм шакарга тайёрлаб чиққан нишолдани сотиш ҳам машаққат эди.

«Нишолдани болаларимга идишга солиб бериб, бозор айлантирар эдим. Фрунзенский деган бозорда ўтириб олиб сотардим. Ҳозир эса, [маҳсулот] уйимиздан чиқиб улгурмайди. Улгуржи харидорлар эшигимиз олдидан олиб кетишади”, – дейди нишолдапаз.

Ўшда қандолатчилик тарихи Қўқон хонлиги даврида ривожланиб борган. Ўтган асрнинг ўрталарида эса бу кенг қулоч ёза бошлади. Унга устазода қандолатчилардан Ҳотамжон ҳамда Арапжон акалар асос солиб, қандолатчилик мактабини яратиб беришган. Муҳаммадамин ака ана шу устазодаларнинг шогирдларидан ҳисобланади.

Асли нишолда халқимиз орасида рамазон ойида севиб истеъмол қилинадиган ширинлик ҳисобланади. Нишолда енгил кўпик ҳолатида бўлгани учун рўза тутган одам организмида ўзига хос амортизатор ролини бажаради.

“Кечгача рўза тутиб, оч юрган одам ифторликда оғиз очганидан кейин истеъмол қилган нишолда овқат ҳазм қилишда катта ёрдам беради”, – дейди Муҳаммадамин ака.

Нишолда етмак дарахтининг илдизи шарбати, тухум оқи, шакар эритмасидан тайёрланади. Бу аралашма беҳи шохларидан тайёрланган махсус чилчўп билан аралаштиради. Муҳаммадамин ака бугунги кунда чилчўпни замонавий техникадан фойдаланган ҳолда қўллайди.

«Дастлаб етмак дарахти илдизини қайнатиб шарбатини оламиз. Уни совутиб, тухум оқи билан бирга аралаштириб кўпиртирамиз. Тайёр массага шакар сиропини қуйиб, аралаштирамиз, ҳид ва таъм бериш учун «ванилин» қўшамиз. Бўлди, нишолда тайёр», – дейди нишолдапаз.

Бизнинг маълумот: Етмак ўсимлиги чиннигулдошлар оиласига мансуб бўлиб, Ўзбекистоннинг адир ва тоғ ён бағирларида ўсади. Бўйи 50—80 см, гуллари майда, меваси бир уруғли. Етмак илдизининг таркибида 10—30% сапонин ва бошқа фойдали моддалар бор. Илдизидан кўпиртирувчи сифатида фойдаланилади. Етмак озиқ-овқат, қандолатчиликда, тиббиётда қўлланилади. Тўқимачилик саноатида газламаларни оқартириш, ипак ва жун газламаларни ювиш учун ҳам ишлатилади.

Биз билан суҳбат чоғида қаҳрамонимиз нишолдани ёғоч капгирга олиб, пастга қаратиб кўради. Агар масса оқиб кетмаса, демак ширинлик тайёр.

«Яна бир сири – нишолда тайёр бўлгунча ўзидан читир-читир деган овоз чиқаради. Тайёр бўлганини ана шу овоз йўқолганидан билса бўлади», – дея ширинлик тайёрлаш сири билан ўртоқлашди қаҳрамонимиз.

Эндиликда Муҳаммадамин ака нишолда билан бирга ҳолва ҳам тайёрлайди. Ширинликларга доим бирор янгилик киритишга ҳаракат қилади. У ўзининг ҳунарини бугунги кунда  фарзандларига ҳам ўргатиб келмоқда.

Ҳозирда нафақа ёшида бўлган қаҳрамонимиз халқимиз дастурхонига яхши кунларда ширинлик улашаётгани унинг учун бахт эканини таъкидлайди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг