Ҳўкизнинг шоҳига урсанг… Россияда қимматлаган бензин Бишкекда нима бўлади?

Россияда нефтни қайта ишловчи заводларнинг ишдан чиқиши Қирғизистонга таъсир қилиши мумкин.

Россиянинг европа қисмидаги қатор шаҳарларидаги нефтни қайта ишловчи заводларга Украина дронларининг қилган ҳужуми натижасида уларнинг бир нечтаси вақтинча ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Россия ҳукумати мамлакат ичидаги талабни қондириш мақсадида бензин экспортини тақиқлашга мажбур бўлди.

Заводларнинг қачон тикланиши ноъмалум, чунки уларга зарур бўлган эҳтиёт қисмлари ва жиҳозлар одатда чет элдан келтирилар эди. Улар эса ғарб давлатларининг санкциялари туфайли Россияга келмай қолган.

Ўша санкциялар туфайли шундоғам Россияда бензиннинг нархи ўсиб келаётган эди. Россия ўз заводларининг ҳимояси устида бош қотирмоқда. Кўплаган заводларга берилган зарбаларнинг олди олиняпти ҳам. Бироқ масала жиддийлигича қолмоқда. Сўнгги пайтда Украина ҳарбийлари рақибининг таъминот базасини ишдан чиқариш устида фаол иш олиб бормоқдалар.

Рус ҳукуматининг бензинни экспорт қилишни тақиқлашига қарамай, яқин орада нархларнинг ўсишда давом этиши тахмин қилинмоқда. Дизель ёқилғиси мамлакатда катта заҳираларга эга бўлишига қарамай, бу маҳсулот экспортига ҳам тақиқ қўйилиши мумкин. Чунки Украинада олиб борилаётган уруш кўлами кенгайиб, тобора кўпроқ ресурслар жалб қилишни тақозо қилмоқда.

Бу ҳолатнинг Қирғизистонга қандай таъсир кўрсатиши бўйича ҳозирча тахминлар йўқ ҳисоби. Мамлакат Россия билан ўзига керакли миқдорда ёқилғи етказиб берилиши ҳақида келишимга эга. Лекин нархлар борасида муаммолар туғилиши мумкин. Чунки Россия заводларининг ўзида бир ҳафта ичида нархлар 15 фоизга ўсган.

Қирғизистон ёқилғи борасида деярли тўлалигича Россияга қарам. Муаммони ҳал қилиш мақсадида бир неча йирик нефтни қайта ишловчи заводларнинг қурилиши кутилган натижани бермади. Чунки заводларга ҳом ашё етказиб бериш муаммо – қўшни Қозоғистон ҳом нефтни сотишни истамаяпти, Туркманистон ва Россия эса узоқ. Мамлакатнинг ўзида қазиб олинадиган нефт ҳажми жуда кичик.

Аҳолисининг 60 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлган Қирғизистон учун бу жуда жиддий масала. Айниқса, баҳорги дала ишларининг бошланиши олдидан ёқилғи тақчиллигининг пайдо бўлиши – йўл қўйиб бўлмайдиган масала. Биргина умид Россиядан.

Бунгача ёқилғининг Россиянинг ўзида ҳам қимматлаб кетишига қарамай, маҳсулот Қирғизистонга арзон нархда келиб турган. Бунинг учун икки давлат экспорт ва импортга бўлган пошлиналарни олиб ташлашган ва бошқа чоралар кўришган. Қолаверса, Қирғизистондаги талаб ҳажми Россиядек улкан давлат бозори учун сезиларли таъсир қилмайди.

Бензин нархи Қирғизистонда бир неча йилдан бери сакраб  турсада, умумий анъанага кўра тобора ошиб бормоқда. Масалан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нархлар 15-20 фоизга ўсган. Бу эса мамлакатда барча маҳсулотларга бўлган нархларнинг ошишига олиб келмоқда. Чунки Қирғизистонда ишлаб чиқариш даражаси паст бўлиб, энг оддий буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам четдан олиб келинади.

Ўтган ҳафта Украина дронлари Россиянинг олти нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилиб уларни қисман ишдан чиқаришга муваффақ бўлишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг