Ўз сўзини жангда айтадиган қиз: Рўмол ўраганим ва қиз бола эканлигим муаммо эмас…

Икки марта Осиё чемпиони бўлган 13 ёшли спортчи билан суҳбат, тўғрироғи, уни гапиртиришга бўлган уриниш.

Ҳали 14 ёшга тўлмаган, лекин Кунгфу яккакураши бўйича икки марта Осиё чемпиони, уч марта Қирғизистон чемпиони ва спорт ҳаками ҳам бўлиб улгурган Оиша Номанжановани биз Бишкекда, Кунгфу бўйича республика чемпионатида учратдик. Биз Бишкекдаги Қўжўмқул номидаги миллий спорт саройи залига кирганимизда Оиша жанглардан бирига ҳакамлик қилаётган экан.

Суҳбатдошимиз Жалолобод вилояти, Новкент тумани, Моси қишлоғидаги Саадат Нўғўева номли 2-мактабнинг 6-синфида ўқийди. Уч йил давомида ўнлаб спорт мусобақаларида ғолиб бўлиб, тезда ушбу спорт тури ишқибозларига танилди. Бишкекда, Ўш ва бошқа шаҳарларда ўтказилган мусобақаларда, жумладан, қўшни Ўзбекистонда ўтказилган турли хил нуфузли турнирларда ҳам ҳар сафар олтин медаллар билан қайтади.

Яқинда ўтган мусобақалардан бирида Оишанинг юксак маҳоратини кўрган Қирғиз Республикаси Ҳақиқий қўл жанги федерацияси вакиллари уни Москвага, қуролсиз қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатига таклиф қилишди. Федерация Оишанинг йўл ҳаражатларини ўз бўйнига олди.

Одатда катта ютуқларга эришган одамлар жуда камтар ва камгап бўлишади. Сабаби иш, машғулотлар билан бўлиб, гап сотиб ўтиришга уларнинг вақтлари бўлмаса керак. Оиша ҳам худди шунақалар хилидан экан. Лекин у ўз сўзини жанг майдонида ишонарли қилиб айтади.

Бизнинг суҳбатимиздан сўнг Оиша учинчи бор Қирғизистон чемпиони бўлди

Қолаверса, бу ёшда катта одамга интервью бериш ҳам осон эмас. У саволларимизга асосан, “ҳа” ёки “йўқ”дан иборат қисқа жавоб бериб турган бўлса ҳам, ундан анча гап олишга уриниб кўрдик. Натижаси қуйида.

– Оиша, қиз бола бўлатуриб, спортнинг бу турига қандай келиб қолдинг?

– Қизиқишим сабаб. Аввал дадам қизиқтирган. У, ўзингни ҳимоя қилишни билишинг керак, деган.

– Залга келибоқ бу спортни яхши кўриб қолдингми?

– Йўқ. Уч ойгача унча ёқмади, кейин қизиқиб қолдим.

– Нимаси ёқди?

– Ҳамма нарса. Уришишлари ёқди.

– Сен 13 ёшга тўлмай туриб, Кунфу бўйича икки карра Осиё чемпиони, икки бора Қирғизистон чемпиони бўлибсан. Кикбоксинг бўйича ҳам республика чемпиони экансан. Бунга эришиш осон бўлмаса керак?

– Унчаликмас. Машқларга вақт кўп кетади. Ҳафтасига 4 кун залга борамиз.

– Уйдаям шуғулланасанми, қандай шароит бор?

– Уйда гантель, скакалка, муштлайдиган спорт қопим бор.

– Уй ишларигаям ёрдам берасанми?

– Ҳа.

– Рус синфида ўқийдиган, спорт билан бу даражада шуғулланадиган кичкина қиз учун рўмол ўраниб юриш осонми? Мактабда, спорт залида бунинг салбий таъсири йўқми?

– Йўқ. Аксинча фойда, рўмол сочимни йиғиштириб туради. Атрофимдагилар ҳам яхши қарайди.

– Мактабда чемпион деб ҳурмат қилишса керак?

– Ҳа… Билмадим яна.

– Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?

– Тренер бўлгим келади. Кичкиналарга ўргатишни яхши кўраман. Лекин уйдагилар унашмаяпти. Улар доктор бўл, дейишяпти.

– Ўзинг бунга қизиқасанми?

– Озгина қизиқишим бор. Кейин янаям қизиқиб кетсам керак.

– Ўзингга қўйса нима қилган бўлардинг?

– Билмадим. Спорт билан турмушга чиққандан кейин ҳам шуғуланавераман, рухсат беришса.

– Мактабда аълочисан, уй ишларига ёрдам бериш керак, камига дала ишларигаям борар экансан. Қийналиб қолмаяпсанми?

– Йўўқ. Қийинчилик йўқ. Эрталаб мактабга бораман, кейин далага, кечки пайт спортзалга. Далага кўпинча экин, терим пайтида борамизда. Даладан кейин залга борган яхши.

– Нега?

– Билмайман. Менга ёқади. Кўпроқ шуғулланаман, тажрибам ошади.

– Сендан бошқа синфдошларинг ҳам шуғулланишадими?

– Қизлардан бештаси шуғулланишади.

– Қолганларичи? Уларга нима деган бўлардинг?

– Уларгаям спорт билан шуғулланишни тавсия қилган бўлардим. Айтаман ҳам. Уларнинг ота-оналари унашмайди, ўзлари хоҳлайди.

– Биз мактабда ўқиганда ўғил болалар қизларни ҳафа қилишарди. Энди қизлар спортчи бўлиб кетишяпти. Ўғил болаларни ҳафа қилмаяпсанми?

– Йўўўқ! (Ҳижолат бўлиб кулади). Ўғил болалар ҳам спорт билан шуғулланишади.

– Қанақа тури билан?

– Кўпчилиги футбол билан.

– Тушунарли. Улар қизларнинг сочидан тортишмайдими?

– Йўқ. Мен рўмол ўраганману…

– Спортдан бошқа нимага қизиқасан?

(Ўйланиб туриб қолади) Бўлди…

– Ие? Спорт бўлса бўлдими?

– Ҳа. (Кулиб) Ҳозирча.

– Шу ёшингда жудаям банд экансан. Дам олиш кунларинг ҳам борми?

– Ҳа… Бозор куни дам оламиз.

– Бу куни нима қиласан?

– Уй ишларига қарашаман, дарс қиламан.

– Ие, дам олмайсанми?

– Шу дам олишда…

– Биз болалигимизда кўчага, боққа чиқиб ўйнардик, музқаймоқ ердик. Сенда бунақаси йўқми?

– Бор. Мана, мусобақаларга Бишкекка келяпману! Бошқа шаҳарларга боряпман. Шу етади менга.

– Бахтлимисан, ҳаётингдан мамнунмисан?

– Ҳа. Армоним йўқ.

– Муштлашишдан ташқари сен ҳакамлик ҳам қилар экансан. Бўлгандаям сени энг кучли, билимдон ҳакам дейишди. Қийинмасми бу иш?

– Ҳакамликни ўтган йили бошладим. Устозимиз ўргатади. Мусобақаларда “разборлар” (у ёки бу ҳакам қарорини муҳокама қилиш. – таҳр.) бўлади ўшандаям ўрганаман. Лекин “разбор” жуда кўп бўлади. Бизни ёш, қиз бола дейишиб, (ютқизганлар. – таҳр.) ишимизни кўп текширтиришади. Биз ўзимизнинг тўғри қилганимизни исботлаймиз.

– Сени апрелда Москвада ўтадиган қуролсиз муштлашув бўйича жаҳон чемпионатига таклиф қилишибди. Борасанми?

– Борсам керак. Унгача шерикларим йўлкирага пул топиши керак.

– Энди интервью беришни ҳам машқ қилиб тургин, чунки катта спортга кириб, жаҳон чемпиони бўлиб кетсанг, атрофингда журналистлар гирдикапалак бўлиб қолишади.

– Хўп. (Яна ҳижолат бўлиб кулади).

– Суҳбатинг учун раҳмат, Оиша, сенга бугунги мусобақаларда ва ҳаётингда омад тилаймиз!

– Раҳмат!

Шу куни қарийб ярим тунгача давом этган мусобақаларда Жалолобод вилоятининг Новкент тумани марказидаги Оиша аъзо бўлган “Олимп” спорт клуби спортчилари умумий ҳисобда 6та олтин, 4 кумуш ва 2 бронза медалига сазовор бўлишди. Чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганлар орасида, албатта, ёш қаҳрамонимиз Оиша ҳам бор.

 

Таҳририятдан: Қирғизистонлик ёш спортчиларнинг шу йилнинг апрелида, Москвада ўтадиган қуролсиз жанг бўйича жаҳон чемпионатига боришлари учун қўллов кўрсатишни истаганлар биз билан +996 550517456 вотсап рақами орқали боғланишлари мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар муаллифники ва “Олимп” спорт клуби архивидан

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг