Баҳор келди: Қирғизистон ва Ўзбекистонда айрим чекловлар олинди, лекин…

Бу ҳавонинг исиши туфайли энергия ресурсларига бўлган талаб ва эҳтиёж камайгани билан боғлиқ.

Қирғизистонда 10 мартдан бошлаб об-ҳаво исиб кетиши натижасида аҳоли электр энергиясини камроқ истеъмоли қила бошлаган. Шу боисдан сал аввал жорий қилинган электр энергиясига киритилган чекловлар бекор қилинди.

Энергетика вазирлиги вазирлиги тарқатган хабарга кўра, вақтинчалик чекловлар Тўқтўғул ва Учқўрғон гидроэлектр станцияларида олиб борилган реконструкция ишлари туфайли киритилган эди. Унга кўра, кунига айрим соатларда бир-икки соатга электр қуввати навбат билан ўчирилаётган эди.

Қўшни Ўзбекистонда эса 7 мартдан бошлаб барча автомобилга газ қуйиш шахобчалари очилди. Бунгача Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида газ босими меъёри пастлиги боис, ушбу вилоятлардаги газ қуйиш шохобчаларида вақтинчалик чекловлар сақланиб турган эди.

Газ сотишга чеклов 18 февралда ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида магистрал газ қувурларида босимнинг камайгани сабабли киритилган эди. Газ таъминотидаги муаамони ҳал қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати Россиядан келтириладиган газ ҳажмини кўпайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Шу вақтнинг ўзида ҳар икки давлат раҳбариятини ташвишга солаётган омил бор. Бу Тўқтўғул сув омборида сув ҳажмининг пасайиб кетиши. Чунки бу Қирғизистонда электр қувватини ишлаб чиқариш масаласида, Ўзбекистонда эса дала экинларини суғориш билан боғлиқ жиддий муаммоларни яратади.

Расмий маълумотларга қараганда бугун омбордаги сувнинг ҳажми 7 миллиард 570 миллион метр кубдан пастроқ. Ўтган йили бу вақтда бу кўрсаткич сал юқорироқ эди. Қиш мавсумида электр қувватига бўлган катта эҳтиёж туфайли омбор сувининг ҳажми йил бошидан буён 2 миллиард 960 минг метр кубга камайгани айтилади.

Қишнинг камёғин келиши муаммони чуқурлаштирган. Бугунги кунда сув омборига оқиб кираётган сув, чиқиб кетаётганидан 4,6 баробар кам. Демак, сув ҳажмининг камайиши катта суръатлар билан давом этяпти.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 апрелга қадар сув ҳажми 7 миллиард метр кубга тушиб кетади. Бу сув омборининг хавфсиз ишлаши учун зарур бўлган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Бу муаммо билан боғлиқ аҳоли орасида Тўқтўғул сув омборида сув сатҳининг пасайишига сабаб ундаги сувнинг сотилаётгани ҳақида айтила бошлади. Лекин қишда сувни ким сотиб олиши мумкинлигини улар айтишмаган. Бу миш-мишларга жавобан президент Садир Жапаров Тўқтўғул сув омборидаги сувни сотишга имкон йўқлигини билдирди.
Миллий «Кабар» ахборот агентлиги билан суҳбатда президент бу гап популистлардан чиққан туҳмат эканини тахмин қилган.

“Бу улар томонидан энергетика соҳаси ходимлари номига айтилаётган оддий туҳмат. У ерда онлайн ишлаб турувчи камералар ўрнатилган. Бутун вазият бевосита назорат қилинмоқда», – деди президент.
Шу билан бирга Жапаров агар ҳақиқатан ҳам кимдир сув омборидаги сувни сотаётган бўлса, улар қаттиқ жазоланишини қўшимча қилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг