Худди кинодагидек: Қишлоқ спортчилари пойтахтда бирдамлик намунасини кўрсатишди
Кунфу бўйича республика чемпионатидан «Олимп» спорт клуби мислсиз ғалабалар билан қайтди.
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтган Кунфу бўйича мамлакат биринчилигида Жалолобод вилояти, Новкент туманидаги Моси қишлоғи ҳамда «Олимп» спорт клубининг номи тез-тез тилга олиниб турди. Чунки ушбу клубдан ўз жанговар маҳоратларини намойиш қилиш учун борган 15 ёш спортчидан 11 нафари ғолиблар шоҳсупасига кўтарилди.
Улардан 5 нафари республика чемпиони номига сазовор бўлса, тўрт киши кумуш медал соҳиби бўлди, яна икки жангчи уйига бронза медаллар билан қайтди.
Мусобақаларда Бишкек ва Ўш шаҳри ҳамда вилоятлардан сараланиб келган 270 дан кўпроқ спортчи қатнашди. Муросасиз жанглар билан ўтган мусобақалар тунги соат 12ларга бориб ниҳоясига етди. Чарчоқ нималигини билмаган ёшлар, қолаверса ютуқларидан руҳланган спортчилар ўша туни 600 чақирим йўл босиб, уйларига қайтишди.
Ёш авлод вакиллари шундай ажойиб жанг санъатини намойиш қилишдики, уларнинг номлари бирма-бир атаб ўтишга арзийди:
Чемпион номига сазовор бўлганлар: Қурбонов Абдурроҳман, Юнусалиев Муҳаммадсаид, Адилжанов Беҳруз, Номанжанова Аиша ва Джумабаева Севинч. Кумуш медал соҳиблари: Ҳурмаматова Муниса, Қўчқорбоев Ҳожимурод, Абдижалилова Сейил, Хўжаҳмедов Абдурашид. Бронза медали эгалари: Мамажонова Муслима ва Раимжанов Ихтияр.
Шундай қилиб, «Олимп» спорт клуби чемпионатда иштирок этган командалар ичида энг самарали натижаларга эга бўлган сермаҳсул жамоа бўлиб қолди. Айниқса, ғолибларнинг деярли ярми қиз болалар экани қувонтиради. Чемпионатнинг энг ёш иштирокчиси ва чемпионликни қўлга киритган жангчи ҳам шу клуб аъзоси, 7 ёшлик Абдурроҳман бўлди. Бундан ташқари «Олимп»дан чиққан беш нафар спортчи мусобақаларда ҳакам сифатида ҳам иштирок этди.
Ушбу спорт клуби асосчиси ва раҳбари, бош мураббий Абдумажид Матҳолиқов шогирдларининг бу кўрсаткичларидан жуда мамнун. Бироқ уни кўпроқ хурсанд қилган нарса тарбияланувчиларининг бири-бирига бўлган бирдамлик туйғуси, клубда шаклланган команда руҳи бўлди. Бу кўпчилик тажрибали мураббийларнинг фикрича, олинган медаллардан ҳам муҳимроқ нарса ҳисобланади.
Мураббийнинг айтишича, клубда реферилар, яъни спорт ҳакамларини тайёрлашга ҳам катта эътибор берилади. Чунки турли мусобақалар пайтида уларга талаб жуда кучаяди. Ҳакамлик қилиш эса спортчиларнинг маҳоратини янада оширишга, жанг майдончасида ўзларини ишонч билан тутишига ёрдам беради. Билими ҳам, ўзлари ҳам ўсади.
Қолаверса, уларга ҳакамлик қилгани учун ҳақ ҳам тўланади. Бу гонорар ўлчами унча катта бўлмаса ҳам, йўл ҳаражатларининг кичикроқ бир қисмини қоплаши мумкин.
Бу сафар клуб ҳаётида худди киноларда бўладигандек ажойиб ҳодиса рўй берди.
«Бу чемпионатда биз эришган энг зўр ютуқ – ёш спортчилармизнинг бири-бирига бўлган дўстона муносабати, бирдамлиги бўлди. Молиявий муаммо сабаб спортчиларимиздан бири Бишкекка бора олмайдиган бўлиб қолувди. Шунда ёш реферилар ўз гонорарларини йиғиб, ўша спортчига беришга қарор қилишди», – дейди спортчиларнинг бу ишидан таъсирланган мураббий ҳаяжонланиб.
Дўстларидан нафақат моддий, балки биринчи ўринда катта маънавий қўллов топган спортчи Джумабаева Севинч уларнинг ишончини тўла оқлади. Финал жангида у рақибасини нокаутга учратиб, соф ғалаба қозонди. Бу мусобақада қайд қилинган ана шундай ягона ҳолат бўлди.
Мураббий ўсмирларнинг “спорт бирлаштиради, кучли қилади”, деган ҳаққоний гапларни яна бир яққол исботлашганини эътироф қилди.
«Менга ўсмирларимизнинг ўз гонорарларини шундай эзгу ишга эҳсон қилиб, шерикларини қўллаб-қувватлашгани жуда таъсир қилди. Бу кўпчилик катталарга ҳам сабоқ бўладиган иш бўлди. – дейди Абдумажид Матҳолиқов. – Рости шу нарса мени кўпроқ қувонтирди. Чунки спортнинг асосий мақсади ҳам ёшларимизни ватанпарварликка, аҳилликка, эзгуликка ва мардликка тарбиялашдан иборатда».
Шу маънода мусобақалар Қирғизистонда ҳар йили нишонланадиган Оқ қалпоқ кунига тўғри келиб қолгани муносабати билан мосилик спортчилар бошларида қалпоқ билан юришгани ҳам таҳсинга сазовор бўлди.
Мукофотлар топшириш маросимида спортчилар билан бирга мураббий Абдумажид Матҳолиқовнинг меҳнатлари ҳам эътироф этилди. Унга Қирғиз Республикасининг Маданият, маълумот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг Жисмоний тарбия ва спорт департаменти ҳамда Спортнинг олимпиадага кирмаган турлари бўйича дирекцияси “Инсоннинг маънавий ва аҳлоқий томондан ривожланиши ва бадан тарбияси ҳақидаги концепция доирасида самарали ишларни амалга ошириб, ёш авлодни жисмоний, маънавий ва аҳлоқий томондан шакллантиришга ва спортнинг ривожланишига қўшган катта ҳиссаси учун” Миннатдорчилик мактубини топширдилар.
Ўз навбатида Қирғизистон Республикаси Кунфу Федерацияси ҳам толмас мураббийга Мамлакатда Кунфуни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, махсус сертификат топширди.
Мураббий Абдумажид Матҳолиқов бу ютуқларга эришишда ёрдам беришга тайёр турган ота-оналардан ва юртдошлардан жуда миннатдор. Улардан бири, ишбилармон Нодирбек Рустамжанов спортчиларни Бишкек шаҳри марказига олиб бориб сайр қилдирса, бошқалари баҳоли қудрат йўл ҳаражатлари, спортчиларнинг озиқ-овқатларига ёрдам қилишди.
Албатта, бу ёрдам каттароқ кўламда, жумладан, давлат томонидан кўрсатилса нур устига аъло нур бўларди. Чунки қишлоқ шароитида молиявий масала доим истеъдод эгаларининг қўлини боғлаб келган. Қизиғи, одатда истеъдодли ёшлар ҳам, қайси соҳада бўлмасин, ўта бой бўлмаган оилалардан чиқади. Улар эса доимо қўлловга муҳтож.
Навбатдаги довондан шараф билан ўтиб олган “олимп”чиларнинг олдида бундан жиддийроқ синовлар турибди. Жумладан, ёш спортчиларнинг маҳоратини кўрган ташкилотчилар уларни жорий йилнинг апрелида, Москвада ўтадиган қўл кураши бўйича жаҳон чемпионатига таклиф қилишди. Декабрда эса кунфу бўйича жаҳон чемпионати кутилмоқда. Демак, улардан янги-янги зафарлар кутиб қоламиз.
Таҳририятдан: Биз қоронғу осмонда чаққан чақмоқдек ярқ этиб майдонга чиққан спортчиларни самимий қутлаб, уларга спортда, ўқишда ва шахсий ҳаётларида улкан зафарлар тилаб қоламиз. Фурсатдан фойдаланиб, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ниятида юрган юртдошларимизга, миллатпарвар инсонларга мана шундай имконият пайдо бўлганини эслатамиз.
Сиз ёшларимизни қўлланг, миннатдор спортчилар ва уларнинг яқинлари Яратгандан эзгу ишларингизнинг ўзингизга ҳиссалаб қайтишини сўрайдилар.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар “Олим” спорт клуби архивидан