Қизлар учун футбол академияси очилишини орзу қилган футболчи келин
Сетора футбол соҳасида қизлар ҳам ўғил болалардек карьера қилиши мумкинлигига ишонади.
Йигирма уч ёшдаги Сетора Султонова Ўшдаги футбол академиясининг ўйинчиси. Шу билан бирга ўсмир футболчи қизларнинг мураббийси. Ёш келин фарзандли бўлгандан кейин ҳам футболни ташламади. Ҳаттоки ҳомиладорлик даврида ҳам футбол майдонидан унча йироқлашмади.
Сетора қизлар учун махсус футбол академияси очилишини орзу қилади.
“Футболсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Фарзандимни дунёга келтирганимдан кейин ҳам бироз муддат ўтиб, Қизилқия шаҳри жамоаси билан футбол учрашувида иштирок этдим. Бир таймгина ўйнадим”, – дейди Сетора Султонова.
Сетора 11 йилдан буён футбол ўйнайди. Ҳозирда у Ўш шаҳридаги футбол академиясида ёш футболчи қизларга мураббийлик қилади. У Қирғизистон терма жамоаси таркибида ҳам ўйнаган. Қаҳрамонимиз, “инсон севган касби билан албатта муваффақиятга эришади”, деб ҳисоблайди.
Сетора фақат футболчигина эмас, жуда кучли футболчидир. Аёллар футболи бўйича 2021 йили ўтган Қирғизистон чемпионатида у энг яхши ярим ҳимоячи деб тан олинган.
“Ўшда қизлар футболи ҳам борлигини кўпчилик билавермайди. Ҳозир ҳам ҳайрат билан сўрашади: “Ўшда қизлар футболи борми”, деб. Ҳамма сўраганларга, “қизлар футболи бор, 10 йилдан кўпроқ бўлди, ташкил этилганига”, дейман, – дейди Сетора.
Сетора ўзбеклар менталитетида, “агар сен қиз бола бўлсанг, сенга футбол ўйнаш мумкин эмас. Катта бўлсанг, турмушга чиқишинг керак, фарзанд дунёга келтиришинг, уйда ўтириб, пишир-куйдир билан шуғулланишинг лозим”, деган тушунча борлигидан бироз изтироб чекади.
“Тўғри, буларни бажариш керак. Лекин нима учун қиз бола ўзининг севимли спорти билан шуғулланиши мумкин эмас? Футбол ўйнагиси келса, майли, ўйнасин. Турмушга чиқиб ҳам футбол ўйнаш мумкин-ку”, – дейди футболчи келин.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда қизларини футболга олиб келаётган ота-оналар кўпайди. Сетора келажакда қизларнинг футбол академияси очилишини орзу қилади. Шу билан бирга, уларнинг (футболчи қиз-келинларнинг. – таҳр.) меҳнати баҳоланса, дейди.
“Қанийди, қизлар футболига эътибор берилса, бу уларнинг ҳам касби, деб қаралса. Ўғил болаларга футболда ўйнагани учун маблағ тўлашади. Қизларга ҳам шундай бўлса”, – дея умид қилади футболчи келин Сетора.
У ўзи мураббийлик қилаётган қизларни ҳар томонлама қўллаб, уларнинг орзуларини амалга ошишига туртки беради. Шукрки, унинг ўзини оиласи, қайнона-қайнотаси, турмуш ўртоғи қўллаб-қувватлашади. Ўйин бўладиган куни фарзандига қараб туришади.
Онаси Гузалья Мухамедшина қизи футболни бутун борлиғи билан яхши кўришини айтади.
“Қизим болалигидан коптокни яхши кўрар эди. У қўғирчоқ, ўйинчоқ ўйнамаган. Қизлар билан идиш-оёқ ушлаб ҳам ўйнамаган. Тўпни кўрганда кўзлари ёниб, қувнаб кетарди. Кечгача ҳовлида тўп ўйнаб юраверарди”, – дейди футболчининг онаси «Азаттиқ» радиоси билан суҳбатда.
Сеторанинг отаси Дилмурод Султонов ошпаз бўлиб ишлайди. Бошқа давлатларга мусобақаларга борганда, қизига молиявий томондан кўмаклашади.
“Қирғизистонда қизлар футболига эътибор қаратилмайди. Шуниси ачинарли. Ҳукумат томондан қўллаб-қувватланмайди. Дубайга, Ҳиндистонга ҳам ўзимиз маблағ топиб юборамиз”, – дейди Султонов.
Ота қизининг Бангладешда, Ҳиндистонда футболчи қизлар билан танишиб қолгани, улардан бири қизидан қанча қанча маош олишини сўраганини айтади. Сетора, “биз маблағ олмаймиз” деса, улар ҳайрон бўлишиб: “шунча олис ердан келиб, наҳот маош олмайсизлар”, дейишибди.
“Бўлмаса, Бангладеш ҳам унчалик бой давлат эмас. Лекин уларда бир ўйин учун ҳар бир ўйинчи қизга 50 доллар тўлаб беришар экан. Қизим, “биз бепул ўйнаймиз” дебди”, – дейди ўксиниб Сеторанинг отаси.
У қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлайди. Ҳозирча эса, ўзи ва қудалари Сеторани қўлларидан келишича қўллаб-қувватлаб туришибди.
Маълумот ўрнида: Аёллар футболи бўйича Жаҳон рейтингидаги биринчи беш ўринни анъанавий равишда АҚШ, Германия, Швеция, Англия ва Франция командалари эгаллаб келишади. Рейтингга кирган 30 мамлакат орасида бирорта мусулмон давлати йўқ.
Осиё минтақасида хитойлик футболчи қизлар олдинги сафларда. Аёллар футболи тарихида 1975 йилдан бери ўтказилган 20 чемпионатда хитой қизлари 11 марта чемпионлик унвонига сазовор бўлишган. Улардан кейин Жанубий Корея ва Япония ўйинчилари пешқадамлик қилишади.
Аёллар ўртасидаги футбол бўйича охирги жаҳон чемпионати ўтган йилнинг ёзида Австралия ва Янги Зеландияда ўтказилди. Мусобақаларда 32 давлат вакилалари иштирок этиб, Испания футболчилари чемпион бўлишган. АҚШ иккинчи ва Швеция учинчи ўринларни эгаллашган.
Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.
Расмлар муаллифники