Миллат ойдинларини ёд этиб…
Ўш шаҳрида шоир ва таржимон Усмон Темур хотирасига бағишланган кеча ташкил этилди.
Шанба, 2-март куни Ўш шаҳрида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Давлат ўзбек академик мусиқали драма театри биносида Жанубий Қирғизистон ўзбек адабий муҳитидаги етакчи ижодкорлардан бири, шоир ва таржимон Усмон Темур хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
«Туркона тафаккур дунёни олар» деб номланган адабий-бадиий кечада Қирғизистон жанубидаги адабиёт ихлосмандлари, шоирни таниган яқин инсонлари, фарзандлари қариндошлари, дўстлари қатнашдилар. Шаҳардаги 43-ўрта мактаб директори Ферузахон Содиқовага кўра, тадбирнинг ушбу мактабда ўтиши режалаштирилган эди. Лекин чироқ ўчиб қолгани сабабли у театрга кўчирилди.
“Ҳар бир ишда хайр бор экан, шу баҳона ўқувчиларимиз катта саҳнага илк бор чиқиб, шеърлар ўқидилар, рақсга тушдилар. Тадбир биз ўйлагандан ҳам яхшироқ ўтди, назаримда. Келган меҳмонларга, шоиримизнинг оила аъзолари ва қариндошларига яна бир бор, хуш келибсизлар, деймиз”, – деди Содиқова.
Тадбирни мактаб ўқитувчилари Зулфия Бозорбоева, Алишер Саримсоқовлар олиб бордилар. Шеърлар ўқилди, рақслар ижро этилди, қўшиқлар куйланди. Кўтаринки руҳда ўтказилган кечада 43-мактаб ўқувчилари шоирнинг шеърлари ва афоризмларидан айтиб, меҳмонларни хурсанд қилишди:
Бўлса ҳам отаси, онаси ҳотам,
Ҳотам бўлиб туғилмас одам.
Қуруқ ёғоч ҳеч эгилмайди,
Мўмин одам кекни билмайди.
Ақл асло танламайди ёш,
Унинг суйган жойидир бош.
Учраса гар шундай нусха,
Тили узуннинг ақли қисқа.
Ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлган бу тадбирга Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услуб бирлашма раисаси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, республика Ўзбек миллий-маданий маркази раисининг маориф ишлари бўйича ўринбосари, халқаро “Бобур” фонди раисининг ўринбосари Илтифотхон Отахонова бош-қош бўлди.
“Энг муҳими, тадбирдан кўзлаган мақсадимиз – ёш авлодни Усмон Темурдек залворли ижодкорнинг ҳаёти ва ижоди билан таништиришдан иборат, – дейди Отахонова, – яқин тарихга айланган шоир шеърияти ҳақида уларга билдириш, ўргатиш орқали ўзбек адабиётини ривожлантиришни кўзлаганмиз. Бугун мана кўрганингиздек, 15 кундирки, мактабда фақат шоир Усмон Темур шеърлари ёдланди, ҳаётига назар ташланди ва саҳнага олиб чиқилди”.
Лойиҳа раҳбари, жамоат фаоли Одилжон Дадажоновнинг айтишича, бу тадбир олти ой олдин режалаштирилган, ҳар ойда турли мактабларда миллатимиз ойдинларини элимизга танитиш мақсад қилиб олинган. Лойиҳанинг биринчи қаҳрамони Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғофуров бўлиб, унинг ижодига бағишланган тадбир Ўшдаги 8-гимназия мактабида бўлиб ўтган эди. Кейин эса 18-ўрта мактабда Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг ижодий кечаси, сўнг 53-ўрта мактабда шоир Шодмон (Қосимжон Раҳмиев) билан ижодий учрашув бўлди.
“Менинг мақсадим, нафақат ўқувчилар, балки кенг жамоатчиликка ҳам фахримиз бўлган таниқли инсонларни қайта эслатиш, билмаганларга билдиришдан иборатдир. Шу ўринда тадбирни уюштириб берган Ўш шаҳридаги Бобур номли 43-сон ўрта мактаб жамоасига ва Бобур театри раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман”, – деди Дадажонов.
Усмон Темур хотирасига бағишланган тадбирда Қирғизистон халқ ёзувчилари Абдуғани Абдуғофуров, Тозагул Зокирова, “Ўш альманахи” журнали муҳаррири Салима Шарипова, “Илҳом” клуби раиси, шоир Абдулҳақ Абдумаликов ва клуб аъзоларидан Ойгул Абулфайзиева, Қосимжон Раҳмиев, Арслон Расул, Матлуба Мусабоева, Раҳимжон Али, Барно Исоқова, Ойдин Соипова, Моҳира Абдумаликова, Умида Аҳмад, Дурдона Ҳайдарова ва бошқалар иштирок этдилар.
УСМОН ТЕМУР ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ
Шоир, ёзувчи ва таржимон Усмон Темур – Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси. Минтақада ўзбек ижодкорларини бирлаштирган «Илҳом» адабий клуби таъсисчиларидан бири. Адабиёт ихлосманди, ижод аҳлининг чин дўсти, асли исми Ўсмонали Тоштемирбой ўғли бўлган қаҳрамонимиз 1940-йил 30-январда Ўш вилояти, Новқат туманидаги Шанқул овулида туғилган. Айрим манбааларда Ўш вилояти Аравон туманидаги Чекобод қишлоғида туғилган деган маълумотлар ҳам келтирилган.
Отаси чўпон бўлгани сабаб қишда қишлоқда, ёзда Новқатнинг тоғларида юриб ўсди. Сўлим қишлоқ ва гўзал тоғ манзаралари табиатан хаёлчан болада шоирлик истеъдодини уйғотган бўлса ажаб эмас. Чекободда ўрта мактаб йўқлиги, Аравоннинг эса олислиги боис Бойтўпи ва Тўлқин қишлоқларидаги мактабларда ўқиди. 1948-1958 йилларда ўрта мактабларда таълим олган.
Ўсмирлигидан ижодга мойил Усмон Темурнинг илк шеъри 1957-йилда «Қирғизистон ҳақиқати» (ҳозирги «Ўш Садоси”) газетасида босилиб чиққан. 1958 йилда Ўзбекистон давлат университетига ўқишга киради. Икки ойча ўқигач, баъзи бир сабабларга кўра ўқишдан кетади. Тошкентдалигида юртдошлари – Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ҳабиб Абдуллаев, маориф вазири Эмин Қодиров, ёзувчилар Мирзакалон Исмоилий ва Ёқубжон Шукуровлар билан танишади, уларнинг суҳбатларида бўлади.
1959 йилда Ўш давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Ўшда шаклланган адабий даврада Мирзоҳид Мирзараҳимов, Турсунбой Адашбоев, Обиджон Ҳомид, Муҳаммаджон Ўринбоев, Қўлдош Мирзо, Олмос Худойбердиев, Абдуғани Абдуғафуров каби қалам аҳли билан доимий мулоқотда бўлди. Ўқиш ва ижодни Аравон туманидаги “Ғалаба байроғи” газетасидаги фаолият билан бирга олиб борди.
Уч йил ҳарбий денгиз флотида хизматда бўлди. Лекин ёзишни тўхтатмади, аксинча, ижоди янада самаралироқ бўлди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: “Тинч океанига келганим нур устига нур бўлди. Қачон ва қаерда илҳом келса, қоғозга туширдим. “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” ойномалари, “Ўзбекистон маданияти”, “Ёш ленинчи”, “Тошкент оқшоми”, “Ленин йўли” газеталарида кўплаб шеърларим чиқди».
Усмон Темур ҳарбий хизматдан қайтгандан кейин, бир неча муддат “Ленин йўли” (ҳозир “Ўш садоси”) газетасида ишлади. Сўнг Тошкентга бориб, университетда (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети) сиртдан ўқиган. 1962 йилда илк шеъри Ўзбекистон матбуотида кўрина бошлади. “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”, “Гулистон” журналларида ишлади. “Шарқдан мактублар”, “Қорбобонинг истаги” номли тўпламлари чоп этилди.
Ўшга қайтгач, Усмон Темур журналистлик фаолиятини давом эттирди. Киров (Бобур) номли Ўш драма театрида адабий эмакдош бўлиб ишлади. Драматургияга қўл уриб, бир неча саҳна асарларини ёзди. Ҳаётини ижодга бағишлашга аҳд қилган адиб эркин ижодкор бўлиш йўлини тутди. Насрда ҳам куч синаб кўрди. Ҳикоялар, қиссалар чоп эттирди.
Усмон Темур Қирғизистонда ўзбек адабий муҳитини шакллантириш, ижодкор ёшларни юзага чиқаришда ҳам фаоллик кўрсатган. Шоирнинг 2013 йили тўрт жилдли асарлари мажмуаси нашр қилиниб, китобхонлар хукмига ҳавола этилган.
Усмон Темур 2018-йилнинг 17-декабрида Чекобод қишлоғида вафот этди.
Шоир вафотидан кейин унинг ўғли “Сайланма”сини нашрдан чиқарди.
Барно Исоқова, Оқбура.
Расмлар муаллифники