Россия олимларининг фаоллашган ғамхўрлигидан мақсад нима?

Сўнгги пайтда россиялик туркшунослар Қирғизистон билан боғлиқ мунозарали фикрларни айта бошладилар.

“Қирғизлар ўзларининг қабилавий тузилишини сақлаб қолган ва бу яхши кўриниш”, – деб ҳисоблайди Олтой Республикаси халқ ёзувчиси, Россияда хизмат кўрсатган маданият ходими, шарқшунос ва туркшунос Бронтой Бедюров.

Бишкекда фаолият юритувчи Россияга қарашли “Спутник-Қирғизистон” маълумот агентлиги матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда у ҳамма халқларда ҳам бундай тузилма мавжуд эмаслигини иддао қилди. Қирғиз халқи уруғ-уруғларга бўлинмай, ягона миллат сифатида бирлашиш ғоясини илгари суриб, ягона миллат қурилишини мустаҳкамлаётган бир пайтда Бедюров бунинг аксини айтиб чиқди.

«Қирғизларнинг 40 та уруғи бор, ҳамма ўз уруғини билади. Шу асосда ҳозирги қирғиз миллатини мустаҳкамлаш мумкин. Баъзилар қандайдир қабила қурултойларини ўтказиб бўлмайди, деб ўйлашади, лекин бу хато. Айнан шунда халқ бирлашади”, – дейди Бедюров.

Бугунги қирғизларнинг қадимий ватани ҳисобланган Олтой ўлкасидан келган туркшунос Бронтой Бедюров Бишкекка Қорақирғиз мухтор вилояти ташкил топганининг 100 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тадбирларда иштирок этиш келган. Олим юқоридаги фикрларини махсус халқаро илмий-амалий анжуманда сўзлаган нутқида билдирди. Тадбирда барча қирғиз уруғлари вакиллари, турли мамлакатлардан келган тарихчи ва туркшунос олимлар иштирок этишди.

Туркияга рашк қилишми?

Ўтган йилнинг октябрида Россиянинг Барнаул шаҳрида “Тарих ва замонавийликда славян ва туркий халқларнинг бирлиги” номли III Халқаро олтой форуми бўлиб ўтган эди. Унда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Венгрия ва Мўғулистондан етакчи туркшунос олимлар иштирок этишган.

Анжуманда  сўзлаган сиёсий фанлар доктори, профессор, Россия Фанлар академиясининг Яқин ва постсовет Шарқий бўлими мудири, туркшунос Владимир Аватков туркий ва славян халқлари асрлар давомида бир-бири билан мулоқот қилиб келганини таъкидлади.

“Биз туркий маданиятнинг славян маданиятига жуда чуқур кириб боришини кўряпмиз ва аксинча, буни инкор этиб бўлмайди. Бугунги кунда Олтой цивилизацияси ғояси Евроосиё маконида мажбурий омил ҳисобланади, бироқ айни пайтда Ғарб лойиҳалари Туркий ўзлик мавзуси ва туркларнинг интеграциялашуви “соуси остида” тарқоқлик ва миллатчилик ғояларини олиб келади”, – деди Аватков.

Маълумки, сўнгги йилларда туркий давлатлар ўзаро бирлашиш ғоясини илгари сурмоқдалар. 2009 йилнинг октябрида Турк давлатлари ҳамкорлиги кенгаши сифатида тузилган бирлашма 2021 йили Турклар давлатлари ташкилоти сифатида фаолият юрита бошлади.

Аввалига унга Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия аъзо бўлган. Ўзбекистон ташкилотга 2019 йили қўшилган. Ҳозирда Венгрия (2018 йилдан бошлаб) ва Туркманистон (2021 йилдан) ташкилот ишида кузатувчи сифатида иштирок этиб келишмоқда. Ташкилотда асосий ролни Туркия ўйнаётгани сир эмас.

Ташкилотнинг мақсади – турк давлатлари ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат. Бугунги кунда сиёсий-иқтисодий соҳаларда, жумладан транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика, меҳнат муҳожирлиги ва бошқа турли соҳаларда йигирмага яқин йирик лойиҳалар ишлай бошлаган.

Бунга ташаббусларга Россия ҳам ғарб давлатлари ҳам эҳтиёткорлик, ҳатто шубҳа билан қарамоқдалар. Аниқроқ айтганда, улар турк давлатларининг бирлашишидан манфаатдор эмаслар.

”Бундай лойиҳаларни англосаксон ва турк разведка хизматлари юкламоқда. Эслатиб ўтаман, туркларнинг бешиги Олтойдир, Усмонлилар империяси эмас”, – деган туркшунос Аватков, юқоридаги фикрнинг далили сифатида.

Аватков ЕОИИ ва бошқа усуллар доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ва алоқаларни йўлга қўйиш тўғри бўлишини таъкидлаган. Туркшунос славян ва турк маданиятларини ўзаро бойитиш, бир-бирларини кўпроқ ўрганиш кераклиги ва ана шундай яқиндан ҳамкорлик қилиш орқалигина минтақа мамлакатларида фаровонликка эришиш мумкинлигини иддао қилди.

“Бу ришталарда асосийси – бугун ғарбпараст тузилмалар томонидан эфирга узатилаётган чайқовчилик ва ёлғонларга эмас, балки тарихий ҳақиқатга таянишдир… Турклар ва славянлар доимо ёнма-ён яшаб, тил топишиб келишган. Бутун туркларнинг тортишиш кучи Олтойдир”, – дея хулоса қилади Аватков.

Аватков ўз чиқишида Марказий Осиё давлатларнинг Туркия билан яқинлашиши, Турк давлатлари ташкилоти атрофида бирлашиши нега уларга тарқоқлик олиб келишини тушунтириб ўтирмаган.

Аввалроқ яна бир россиялик олим Виктор Козодой ўзининг Сибир тарихига оид китобини тақдим қилиб, унда қирғиз ҳоқонлиги тарихига катта ўрин берилганини маълум қилган. Олимнинг иддао қилишича, қирғиз халқининг туркийларга алоқаси йўқ ва бу халқ сунъий равишда “туркийлаштирилган”. Бу фикр Қирғизистонда катта шов-шувга сабаб бўлиб, уни қўллаганлар ҳам, бу фикрга қарши чиққанлар ҳам бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги тортишувларда асосан икки қарама-қарши фикр айтилган. Биринчиси – Козодойнинг фикрини қўллаб, қирғиз халқини туркийлардан ажратиб кўрсатишни истаганлар. Иккинчи тоифа эса, олимнинг бу ғоясини туркий халқларни бирлашишига қаршилик кўрсатишга уриниш сифатида қабул қилган.

Нима бўлганда ҳам бугунги глобал сиёсат даврида ҳар бир халқ, ҳар бир давлат ўз миллий манфаатларини оқилона ва биргаликда ҳимоя қилиб, такрор йирик давлатлар чилдирмасига ўйнаб қолишдан сақланиш муҳим. Ахир қандай қилиб, тилимиз бир бўлатуриб, халқларимиз бошқа-бошқа бўлиши мумкин?

Марказий Осиё давлатларида яшаётган доно халқларимизнинг деярли барчасида “Бўлинганни бўри ейди”, деган яхши мақол бор. Фойдали маслаҳатни, турли даражадаги, ниятлари нима экани мужмал бўлган олимлардан эмас, доно халқимиз қолдирган ноёб меросдан изласак мақсадга мувофиқ бўлса керак. Давлатлараро ҳамкорлик эса, албатта бошқалар билан рақиблик қилиш асосида қурилмаслиги керак.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг