Эксларга ҳам осонмас… Собиқ президентни яна имтиёзларидан маҳрум қилишмоқчи

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг тинч ҳаёти узоққа чўзилмайди шекилли.

Маълум танаффусдан сўнг, Қирғизистоннинг собиқ президенти Сўўрўнбай Жээнбековни ушбу мақомидан маҳрум қилиб, тегишли имтиёзларини тўхтатиш талаби яна кўтарилди. Жўғўрқу Кенеш депутати Ақилбек Тумўнбаев бу таклифини Жээнбековнинг жиноий қидирувда юрган миллиардер, Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан яқин алоқада бўлгани билан тушунтирди.

Матраимов 2022 йили коррупцияда айбланиб, давлат фойдасига 2 млрд. сўм (22,5 млн. АҚШ доллари атрофида) товон тўлагандан сўнг озодликка чиққан. Лекин яқинда махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев уни аввалги жиноий ҳаракатларини давом эттираётганликда айблаб, бор молк-мулкини мусодара қилиниши ҳақида баёнот тарқатди. Собиқ божхоначининг ўзи эса қидирувга берилди. Турли маълумотларга кўра у ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида бўлиши мумкин.

Бунгача Матраимовга алоқадор деб топилган 200дан ортиқ давлат органлари ходимлари ва етакчилари ишдан ҳайдалган эди.

Депутат Матраимов билан алоқаси бўлган бир неча депутат аллақачон парламентдан кетганини, ҳатто айрим вазирлар ўз лавозимидан маҳрум қилинганини эслатди. Мандатидан маҳрум бўлган депутатлар орасида собиқ божхоначининг бир туғишган акаси Искендер Матраимов ҳам бор.

“Аммо Матраимовни сиёсий майдонга олиб келган бир шахс бор, унинг номи тилга олинмаяпти. Бу одам ҳозир давлат ҳисобидан яшайди… Бу – [собиқ президент] Сўўрўнбай Жээнбеков”, – деди депутат Тумўнбаев собиқ президентнинг вилоят ҳокими, бош вазир лавозимларида ишлаган пайтида Матраимов ва унинг одамларини қўллаб-қувватлаб турганини эслатиб. – “Сўўрўнбай Жээнбеков уни [Райимбек Матраимовни] сиёсий майдонга олиб чиқди, унга партия тузиб берди”.

Депутат бу масалани ҳал қилиш учун депутатлик комиссияси тузишни таклиф қилди. Қонунга кўра, Жээнбековни собиқ президент мақоми ва бу билан боғлиқ имтиёзларидан маҳрум қилиш учун аввал масала фракцияларда кўриб чиқилиши зарур.

Жээнбековни президентлик лавозимига 2017 йили унинг қадрдон дўсти, собиқ президент Алмазбек Атамбаев олиб келган. Атамбаевнинг кўланкада туриб давлатни  Жээнбековнинг қўли билан бошқаришда давом этиш нияти ошкор бўлгач, икки дўст аразлашиб қолган. Низо Атамбаевнинг қамалишига олиб келди.

Охир оқибатда 2020 йили мухолафат яна қўзғалиб, Жээнбеков лавозимидан кетишга мажбур бўлди. Бунинг эвазига у рақибларидан ўз эркинлиги ва осойишталигининг таъминланиши ва собиқ президентлик мақомини сақлаб қолишга кўндирган. Кўп ўтмай, турли сиёсатчи ва фаоллар уни бу мақомдан маҳрум этиш таклифи билан чиқишди. Улар орасида мана шундай мақомидан маҳрум қилиниб, қамоқда ўтирган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам бор эди.

Мустақиллик йилларида Қирғизистонни жами беш президент бошқарган. Улардан фақат Рўза Ўтунбаева ва Сўўрўнбай Жээнбековлар собиқ президент мақомини сақлаб келишяпти. Бу мақом конституция асосида автоматик тарзда берилади ва унинг эгаси дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда муайян моддий имтиёзларга эга. Жумладан, оиласи билан давлат ҳисобидан резиденциядаги уйда яшайди, ҳайдовчи ва тан соқчиларга эга. Катта миқдорда пенсия ҳам олади.

Мухолафат ғалаёнлари натижасида лавозимидан бош тортибгина қолмай, мамлакатдан ҳам чиқиб кетишга мажбур бўлган биринчи ва иккинчи президентлар – Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиевлар бу мақомдан маҳрум қилинишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг