Қаловини топсанг… Наримонлик болалар, ниҳоят боғчага ёлчиб қолишди

Йигирма йилдан бери нураб ётган муассаса биноси янгиланиб, замонавий кўринишга келди.

Ўш вилояти, Қорасув туманидаги Наримон қишлоқ ҳукуматига қарашли Тожикобод маҳалласида жойлашган «Оқ кема нури» болалар боғчаси бугунги кунда ана шундай муассасаларнинг энг яхшиси ҳисобланади. Чунки, жорий ўқув йилида у бутун Қорасув шаҳридаги 130 та болалар боғчаси ичидан янги ўқув йилига тайёргарлиги даражаси бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллади. Боғчада 6 та гуруҳда 150 бола тарбияланади.

Кичик гуруҳларда таълим ўзбек тилида, ўрта ва катта гуруҳларда қирғиз тилида олиб борилади. Уларга 26 нафар ишчи-ходимлар хизмат қилади. Тарбиячиларнинг ҳаммаси тегишли педагогик маълумотга эга.

Ҳақиқатан боғча 100 фоиз яхши тарафга ўзгарганини кўриб, «қаловини топсанг, қор ҳам ёнади», деган мақолнинг нақадар ҳақ эканига амин бўлдим. Чунки 2001 йилдан бери бу боғчани биламан. Таъмирга муҳтож, эски мактаб биноси эди. Ва анча йиллар ўша нураган болалар боғчасига маҳалламиз болалари қатнаб юришди.

Бугун боғчага келсангиз, бошқача кўриниш, бошқача кайфият. Боғчадаги ўзгаришлар ҳаммани қувонтиради. Болажонлар ҳам яхши шароитларда мазза қилиб болалик завқини тотишяпти. Тоза, шинам хоналарда машғулот ўтишиб, Фотима опа ва Хилолахон тайёрлаган ширин-ширин таомлардан еб, иссиққина, покиза ётоқларда ором олишяпти. Бундай шароитларни кўриб, дилинг яйрайди.

Йиллар давомида нураб, кўримсиз бўлиб ётган боғча қандай қилиб, қисқа фурсатда шунақа чиройли кўринишга келгани билан қизиқдим.

“Бу фақат менинг, жамоанинг меҳнати эмас, – дейди боғча мудираси Сайёрахон Аҳмадалиева. – Эл ёрдам берди, опа. Тожикобод, Қизилмеҳнат ва Қашқарқишлоқ масжидлари имомларини боғчага таклиф қилдим ва улардан илтимос қилдим.

“Мен сизлардан пул сўрамоқчи эмасман. Сизлар фақат айтинглар маҳалладошларга, болалар тарбияланаётган жой тоза ва шинам бўлиши керак. Бунинг учун биз ота-оналар ёрдамига муҳтожмиз”, – дедим.

Миннатдор мудиранинг илтимоси ерда қолмади – маҳалладошлар, ота-оналар бирга-бирга бўлиб, тез орада боғча жиддий таъмирдан чиқарилди. Эшик ва деразалардаги эски ромлар чиқарилиб, ўрнига янги пластик дераза-ромлари ва эшиклар ўрнатилди. Хуллас, тез орада боғча шунақа чиройли ҳолга келиб қолди-ки…

Мудиранинг айтишича, қишлоқ ҳукумати ҳам қараб турмади. Маҳаллий бюжет ҳисобидан 238 минг 415 сўмлик «Ақлли ва хавфсиз таълим ошёни» номи билан маълум бўлган видео назорати тизимини ўрнатиб берди. Энди мудира ва ота-оналар боғчадаги таълим-тарбия жараённи онлайн назорат қила олишади. Бундан ташқари тизим болаларга ухлашлари олдидан алла ҳам айтиб беради.

Умумий ҳисобда боғчага 2023-2024 ўқув йилида 1 миллион 52 минг 785 сўм маблағ сарфланди.

Аҳолидан ташқари меҳнат жамоаси билан ҳам самимий муносабатда бўлишни билган Сайёрахон камтар ва самимий аёл. Ўзи ёш бўлишига қарамай, 30 ёшидан раҳбар лавозимларда ишлаган. Ҳамма билан тил топишиш, ота-оналар билан доимий мулоқотда бўлиш, тарбияланувчиларни адолатли назорат қилишнинг вужудига сингиб кетишига сабаб – оиласида олган тарбияси экан.

“Агар иш жойимизда ҳалол ишласак, Аллоҳ барака беради топганларимизга”, – дейди Сайёрахон.

Сайёрахон Аҳмадалиева Ўш Давлат университетининг Физика-математика факултетида магистратурани битирган. Ўқитувчи ва таълим бошқаруви бўйича икки дипломга эга. 2000 йилдан аввалги Луначарский ҳозирги Мирзажонов номли мактабда, аввалига математика ўқитувчиси, тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлади. Кейин, 2009 йилдан то 2022 йилгача мактаб директори лавозимида ишлади. 2022 йилнинг декабридан тортиб боғча мудираси бўлиб ишлаб келяпти.

Зиёлилар оиласида туғилиб вояга етган мудира умр йўлдоши билан бирга уч ўғилни тарбиялаб, вояга етказишмоқда. Улардан иккитаси – бўлажак шифокорлар. Катта ўғиллари Америкада, ўртанчаси Ўшда таҳсил олишмоқда. Кенжа ўғиллари мактаб ўқувчиси.

Келажакдаги режалари ҳақида сўраганимизда, мудира болалар боғчасининг биносини янгилаб, замонавий қилиб қуриш ниятида эканини айтди.

“Албатта, эл-юрт ёрдамида”, – қўшимча қилди Сайёрахон.

…Қаердадир, “Ҳеч ким тортиб ололмайдиган бойликлардан бири – болалик хотираларидир. Шу боис фарзандларингизнинг болалиги эсда қоларли ўтишига кўмаклашинг, бу билан бирга уларга ажойиб мерос қолдирган бўласиз”, деган ёзувга кўзим тушганди. Нақадар ҳақ сўзлар!

Қаҳрамонимиз Сайёрахон Аҳмадалиева ҳам қайсидир маънода келажак авлодларга чиройли мерос қолдира олди, десак бўлади. «Оқ кема нури» болалар боғчасига келсангиз, бунинг гувоҳи бўласиз.

Ойдин Соипова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг