Ишимизга аралашманг: Садир Жапаров АҚШ давлат котибига енгил танбеҳ берди
Қирғизистон президенти АҚШ амалдори Энтони Блинкеннинг ташвишли мактубига жавоб берди.
Ҳажми тўрт бетдан кўпроқ жавоб мактубида Қирғизистон президенти Америка амалдорини меҳмонга чақирган ва мустақил давлатнинг ички ишларига аралашмасликни сўраган. Бир ойча аввал Энтони Блинкен Садир Жапаровга мактуб йўллаб, ўзининг Қирғизистонда қабул қилиниши кутилаётган лойиҳа – “Нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги” қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси бўйича ташвиш билдирган эди.
Кўпга чўзилган ташаббус
Тилга олинган қонун қабул қилинса, мамлакатда нотижорат ташкилотлар фаолияти устидан назорат кучайтирилади. Жумладан, уларнинг чет элдан грант оладиганлари ўзларини “чет эл вакили” дея тан олиб, ўз фаолияти ва молиявий амалиётлари ҳақида давлат органларига батафсил ҳисобот бериб туришлари керак бўлади.
Фуқаролик жамияти бир неча йилдан бери бу ташаббусга қарши чиқиб келади ва халқаро ташкилотлар, АҚШ ҳукумати ва Европа Иттифоқи босими остида бу қонун лойиҳаси қабул қилинмай келмоқда.
Жапаровнинг жавоб хатини 9-февралда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев АҚШнинг Қирғизистондаги элчисига топширди. Ўшанда ҳужжат мазмуни ошкор қилинмаган эди. Ўн кунча вақт ўтгач, Қирғизистон президентининг матбуот котиби Асқат Алагўзов мактуб матнини ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилди.
Етарлича дипломатик тилда ёзилган мактубида Садир Жапаров Блинкеннинг жорий йил 17-январидаги хатини олганини маълум қилган. У Блинкенга ўтган йилнинг сентябрида АҚШда ўтган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарлари иштирокида ўтган С5+1 саммитига берган юқори баҳоси учун миннатдорчилик билдирган. Америка давлати билан кўп тарафлама ва икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари бўйича биргалашиб иш юритишга тайёр эканини маълум қилган.
Шу билан бирга Жапаров давлат котибининг мактубида Қирғизистоннинг “ички ишларига аралашиш белгилари ҳам борлигини ачиниш билан” эътироф этган.
Мактубда Блинкеннинг “Қирғизистондаги фуқаролик жамияти азалдан жуда кучли ва ўлкадаги демократиянинг муҳим бир бўлаги бўлиб келгани” ҳақидаги сўзларининг тўғрилиги тасдиқлаган.
“Албатта бу тўғри. Мен нафақат сизнинг фикрингизга қўшиламан, балки адолат ва эркинликка интилиш – бизнинг халқимизнинг қонида бор деб, алоҳида эътироф этаман”, дейилади Жапаровнинг мактубида.
Давлат котиби ташвиш билдирган қонун хусусида Жапаров бу ҳужжатнинг ўтган асрнинг охирида, яъни 1999 йилда қабул қилинганини ва ушбу қонунга ўзгартириш киритиш бўйича парламент таклиф берганини иддао қилади. Бу қонун ҳозирда биринчи ўқишда қабул қилинган.
Қонунга киритилаётган ўзгаришларнинг мақсади – мамлакатда иш олиб бораётган нотижорат ташкилотларнинг ишида ошкораликни таъминлаш ва уни тартибга келтириш эканини айтган. Шу билан бирга Жапаров, бугунги кунда мамлакатда ўн минглаб нотижорат ташкилотлари борлигини ва уларнинг давлат томонидан ҳал қилинмаган ва қаралмай қолган кўплаб муаммоларни ҳал қилишга интилиб, муваффақиятли ишлаб келишаётганини тан олган.
Сизга мумкин, бизга йўқми?
Бу ташкилотларнинг турли чет давлатлардан, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқидангина эмас, бошқа ўлкалар томонидан ҳам молиялаштирилиб келаётганини, шу сабабдан давлат уларнинг фаолиятини қандайдир даражада назорат қилиб туриши лозимлигини тушунтирган. Чунки бу борада қирғиз давлатчилигининг қонуний манфаатларига дахлдор ҳолатлар бор.
“Бу ўринда гап мамлакатнинг ўз мақоми доирасида ушбу ташкилотларга пул қаердан келяпти, бу маблағни ким ва қандай мақсадлар учун сарфлаяпти, деган саволларни назорат қилиши ҳақида боряпти”, дейилади мактубда.
Садир Жапаров худди ана шундай “Чет эл агентлари” ҳақидаги қонуннинг 1938 йилда АҚШнинг ўзида ҳам қабул қилиниб, ишлаб келаётганига алоҳида урғу берган.
“Ушбу қонунда кўрсатилган «чет эл агенти» мақоми нафақат оммавий ахборот воситалари, балки бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳам берилади. Улар рўйхатдан ўтишга кечикишса, ёки бундан бош тотишса, маъмурийгина эмас, жиноий жазога ҳам тортилишлари мумкин. Шу муносабат билан бир савол туғилади: нега сизлар буни қилсанглар бўладию, биз қилсак бўлмайди?”, дейилади мактубда.
Қирғизистон президенти АҚШ давлат котибига мамлакатда сўнгги йилларда олиб борилаётган ишларга халқаро ҳамжамият ҳам ижобий баҳо бераётганини, Қирғизистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари дастурини амалга оширишда 166 ўлка ичидан 45-ўринни эгаллагани, 2030-йилга бориб дунёнинг 30 кучли давлатлари қаторига кириш нияти борлигини айтади.
“Давлатимиз қанчалик оёққа туриб олса, фуқаролик жамияти билан шунчалик тиғиз иш олиб боради”, – деб ёзади Қирғизистон президенти.
Тони Блинкенни алдашганми?
Мактубда Қирғизистон раҳбариятининг давлат органлари фаолиятини ошкоралигини таъминлаш, коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётгани айтилиб, буни халқаро ҳамкорлар ҳам кўриб тургани иддао қилинган.
Мамлакатда нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ҳам ошкоралигини таъминлаш зарурлигини айтган президент, қабул қилинаётган қонунда бу борадаги талабларни бирма-бир аниқ кўрсатиб ўтган. Бу талаблар эса, президентнинг фикрича, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Бу қонун лойиҳасига қарши чиққан ташкилот ва оммавий ахборот воситаларини президент ўз молиявий фаолиятини яширишга уринишда айблайди.
Аҳволни янада яхшироқ тушунтириш мақсадида президент топшириғига кўра унинг маъмурияти қонун лойиҳасига қарши чиқаётган Европа Иттифоқи, БМТРД, ЕХҲТ, АҚШХР каби халқаро ташкилотларга маълумотлар берган. Ўтган йили эса АҚШ элчиси ҳамда Европа Иттифоқига кирган давлатлар элчилари учун алоҳида брифинг ўтказилган. Бундан ташқари мамлакатдаги барча манфаатдор томонлар билан ҳам кенг қамровли муҳокамалар ўтказилган.
Президентнинг фикрича, давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистондаги айрим нотижорат ташкилотлари вакиллари берган нотўғри маълумотларга ишониб олиб, қонун лойиҳаси борасида унга ташвиш билдирган.
Садир Жапаров сўнгги йилларда Қирғизистонда “чет эллик ҳомийлардан келган пулларни “еб олган”, “оилавий ишхонага” айланган нотижорат ташкилотлари қатлами пайдо бўлганини, уларни халқ “грантхўрлар” деб аташини, улар чет эллардан келаётган маблағни хоҳлагандай совуриб келишаётганини алоҳида таъкидлаб, зарур бўлса, бу ҳақда тегишли маълумотлар беришини” айтади. Шу мақсадда Жапаров охирги ўн йилда қайси нотижорат ташкилоти қанча пулни ва қаёққа сарфлаганини текшириб кўришни таклиф қилган.
Фурсатдан фойдаланиб, мактуб муаллифи Блинкенни Қирғизистонга таклиф қилган, бу ерда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг мамлакат конституцияси ҳамда қонунлари билан кафолатланиб, ҳимояланиб келаётганини ўз кўзи билан кўриб кетишга даъват қилган. «Қирғизистонда Сиз ҳамиша чинакам дўстларни топасиз, деб ишонаман”, деб ёзади президент.
Қирғизистоннинг “тенглик асосидаги ҳамкорликни қўллаши ва барча ўлкалар, халқаро ҳамкорлар, улар ичида АҚШ билан биргалашиб ишлашга тайёр эканини алоҳида таъкидлаган Садир Жапаров мактубини нозик танбеҳ билан тамомлаган:
“Бўлгани, менинг биргина ўтинчим бор – ўлкамизнинг ички ишларига аралашманглар. Сизга барча яхшиликлар ва муваффақиятлар тилайман”.
Хулоса
Америка томоннинг бу жавоб мактубига бўлган муносабати ҳозирча ноъмалум.
Ушбу жавоб АҚШ учун кутилмаган бўлиши мумкин, лекин дунё ҳамжамиятида тобора нуфузи тушиб бораётган Америка ҳукумати учун бу муносиб жавоб бўлди, дейиш мумкин.
Чунки АҚШнинг 90-йиллардан бери собиқ Югославияни парчалаб, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Ливия каби мусулмон давлатларини асоссиз бомбардимон қилиши, бугунги кунда Украина ва Яқин Шарқда, хусусан Фаластинда олиб бораётган ташқи сиёсати нафақат дунё давлатларининг, балки АҚШнинг ўзида ҳам жиддий норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Шу вақтнинг ўзида Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Лотин Америкаси давлатларининг халқаро миқёсдаги ўз нуфузини оширишга фаол интилаётгани, ШҲТ, БРИКС каби муқобил ташкилотларнинг пайдо бўлаётгани АҚШ учун янги-янги муаммоларни пайдо қилмоқда.
Айрим халқаро экспертларнинг фикрича, дунё тартиб-қоидасининг ғарбча демократия шакли ўз даврини яшаб бўлди. Энди Америка бошлиқ Европа давлатларининг бир томонлама бошқаруви ўрнини, дунё давлатларининг имкор қадар кўпчилиги иштирокидаги янги тартиб эгаллаши мумкин. Айниқса, шу йилнинг кузида АҚШда бўладиган президентлик сайловлари бу борада катта бурилиш ясаши эҳтимоли жуда юқори бўлиб турибди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди.