Тошкент-Самарқанд-Ўш-Москва: Алишер Навоий исми дунё бўйлаб янграмоқда

Бу буюк адиб ва давлат арбобининг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси улуғворлигини кўрсатади.

Шу кунларда нафақат Ўзбекистон ва қўшни давлатлар, балки дунёнинг ўнлаб мамлакатларида турк дунёси маданиятининг етук намояндалари – шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ва истеъдодли саркарда, давлат раҳбари ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

&;

Ана шундай тантаналардан бири кеча, 9-февраль куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбирга вилоят ва шаҳар раҳбарияти, Ўзбекистондан келган меҳмонлар, ўқитувчилар, талаба ёшлар ва мактаб ўқувчилари қатнашдилар.

Тадбир ўзбекистондан келган бир гуруҳ расмийлар ва адабиётшунос олимлар иштирокида, жуда кўтаринки рухда ўтди.

Анжуманнинг асосий қисми Алишер Навоий номли истироҳат боғига кираверишдаги шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Қирғизистон президентининг Ўш вилояти бўйича вакили Жумагул Ураимова сўзга чиқиб,

бундан салкам олти аср олдин яшаб ўтган мутафаккир шоирларнинг сиймолари ва ижодлари ҳамон инсонлар қалбида яшаётганини эътироф этди.

“Ёшларимиз уларнинг ижодий меросини ўқиб-ўрганиб, улардан ўрнак олиб, илмли-тарбияли инсонлар кўпаяверсин. Элимизда тинчлик бўлсин. Икки эл дўстлиги мустаҳкам бўлсин, – деди давлат раҳбари вакили.

Тадбирнинг мусиқали қисми Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик мусиқали драма театрида давом этди.

Дилшодбек Азимов бошчилигидаги мақомчилар ансамбли чиқишлари, саҳналаштирилган кўринишлар ва раққосаларнинг нафис ҳиром қилишлари ҳамманинг дилига нур бўлиб киргандай бўлди, десак адашмаймиз.

“Ўзбекистон-Қиргизистон” дўстлик жамияти раҳбари, филология фанлари номзоди, Ҳалқаро Айтматов академиясининг академиги Зуҳриддин Исомиддинов сўзга чиқиб, театр жамоасига жуда чиройли таъриф берди.

“Ҳар бир санъаткор менинг кўзимга дур доналари, дур бўлиб кўринди. Уларни мароқ билан тинглаб, томоша қилдик. Икки йил аввал Ўзбекистонда ҳам бу мақомчилар жамоасини зўр эҳтиром билан кутиб олишган”, деди Исомиддинов. – “Бу театрнинг томирлари ҳам чуқур. Бу ерда Абдулла Тароқ ва Тожихон Хасановалардан бошланган ўзбек санъатини бугун шулар ривожлантиришяпти”.

Ҳар йили феврал ойида Навоийхонлик ва Бобурхонлик кечаларини ташкил этиш орқали, уларнинг ижодини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилинаётганини эътироф этаркан, Зуҳриддин Исомиддинов аслида ҳар бир одамнинг Навоий ижодини билиши шарт эканини таъкидлади.

“Навоийни ўқиганки кишидан ёмон одам чикмайди”, – деди у.

Адабиёт ўқитувчиси Илтифотхон Отахонова Алишер Навоий ижоди ва ҳаёт йўли ҳақида чиройли маъруза қилди. Нотиқ бугунги авлоднинг Навоийни нега ўрганиши кераклиги ҳақида теран фикрлари билан ўртоқлашди.

“Негаки, Навоий пок туйғуларни ўргата олган, пок туйғулар билан тафаккур қилишни рағбат қилган ва ўзи ҳам шунга амал қилган мутафаккир олим эди. Ўқувчи Навоийни танир экан, ана шу одобни, ана шу аҳлоқни ўрганади. Биз мана шу йўлда авлодларимизга, барча туркий улусларга намуна, камарбаста бўлмоғимиз лозим”, дея сўзларини якунлади педагог.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедовдан шу кунлари Ўшда ўтказилаётган Навоийхонлик ва Бобурхонлик кечалари ва бошқа тадбирлардан олган таассуротларини сўрадик.

“Таассуротларим ижобий. Жуда чиройли тадбирлар бўлиб ўтди. Ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бунақа ҳамкорликдаги тадбирларни тез-тез, нафақат Ўшда балки Андижонда, Фарғонада, Наманган ва Тошкент шаҳрида ҳам ташкил киламиз, – деди меҳмон.

Бу каби тадбирлар Ўзбекистоннинг ўнлаб йирик шаҳарлари ва қишлоқларида бўлгани каби Россиянинг пойтахти Млсквада ҳам бўлиб ўтди. Москва жамоат уйида Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияни ўз ичига олган «Бирдамликда кучлимиз!» деб номланган фестивалда ўлкадаги турли миллий-маданий мухториятлар вакиллари ва миллий жамоат ташкилотлари: ўзбек, қирғиз, бошқирд, поляк, мордва, қозоқ, арман, корейс ва бошқалар қатнашдилар.

Тадбирда Қирғизистондан педагогика фанлари номзоди, доцент Равшанбек Турсунов иштирок этди. У «Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов асарларида дўстлик ғояларининг ифодаси» мавзусида маъруза ўқиди.

Фестивал Ўзбекларнинг Россиядаги Федерал миллий-маданий мухторияти (ФНКА “УзРос” томонидан ташкил қилинди. Ташкилот президенти Иброҳим Худайбердиев меҳмонларни қутлаб, фестивални очиб берди. Тадбир кун тартибига кўра, халқаро конференция ҳам жонли, ҳам онлайн тарзда ўтказилди. Қизиқарли концерт дастурлари намойиш этилиб, миллий ошхоналарда таомлар таъмлари тотиб кўрилди (дегустация қилинди).

Равшан Турсуновнинг айтишича, бу конференция ҳар йили ўтказилиб, у охирги уч йилдан бери маърузалар ўқийди. Мавзуни ташкилотчилар билан ҳамкорликда танланади. Чунки жуда кўп давлатлардан иштирокчилар бўлиб, мавзулар ўхшаш бўлиб қолмаслигига ҳаракат қилинади.

“Ўтган йили Алишер Навоий ижодининг кейинги авлодларга таъсири ҳақида маъруза қилган эдим”, деди Турсунов.

Ўзбекистон президентнинг 2021 йил февралидаги қарори билан Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоатчилик фонди ташкил этилган.

Фонд Алишер Навоийнинг ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш,

Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш,

Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан хорижий давлатлардаги илмий-ижодий марказлар билан ҳамкорлик қилишниолдига мақсад қилган.

Ҳар йили Алишер Навоий туғилган санада, 9 февраль куни Ўзбекистонда халқаро анжуман (симпозиум) ва «Навоийхонлик кунлари»ни ўтказиш – фонднинг асосий тадбирларидан биридир.

Оқбура, Бишкек.

Расм муаллифларники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг