Сўз эркинлигига муносабат: Энди Қирғизистонда тил кесмоқ ҳам мумкин бўладими?

Дунёнинг кўплаган мамлакатлари каби Қирғизистонда ҳам сўз эркинлигини чеклашга уриниш кучаймоқда.

 

Қирғиз халқида “Бош кесмоқ бор, тил кесмоқ йўқ”, деган яхши бир қадимий гап бор. Яъни, одам турли гуноҳлари учун бошидан жудо бўлиши мумкин, аммо айтган гапи учун унинг тили кесилмайди, яъни жазоланмайди. Лекин афтидан бу қоида энди ўзгарадиган бўлиб турибди. Хўш, бунга ким айбдор?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Қабар» миллий ахборот агентлиги билан анаъанавий суҳбати чоғида мамлакатда ҳибсга олинган 11 журналист ва Қирғизистоннинг сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро рейтинглардаги ўрни ҳақидаги  фикрлари билан ўртоқлашди.
Президент Жапаровнинг фикрича, “Қирғизистонда сўз эркинлиги мавжуд ва халқ бу эркинликнинг жиловланишига йўл қўймайди”.
“Сўз эркинлиги борасидаги вазиятнинг ёмонлашганини таъкидлаётганлар вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор, – деди Жапаров. – Улар сўз эркинлиги тушунчаси ортига яшириниб, хоҳлаган нарсаларини амалга оширишмоқда. Улар сохта ватанпарварлар”.
Президент танқидий фикрлаш ҳақида ҳам салбий фикр билдирди. У, “халқ орасида танқидий фикрлашни қўзғатишга ҳаракат бўлаётгани, бу эса, “қирғиз давлатчилиги, менталитети ва анъаналарига зид эканини”, таъкидлади.

Жапаровнинг фикрича, агар ҳукумат ноҳақ тарзда сўз эркинлигини жиловлашга ҳаракат қилганида, халқ аллақачон кўтарилган бўларди. Лекин охирги пайтда турли сабабларга кўра халқнинг сиёсий фаоллиги сусайиб бораётганини сезиш мумкин. Бунга эса, мамлакатда бўлиб ўтган уч “инқилоб” ва у билан боғлиқ умидларнинг амалга ошмай қолгани бўлган бўлиши мумкин.
Садир Жапаров, “ҳақиқатан ҳам сўз эркинлигига таяниб, ҳукуматни танқид қилаётганлар, порахўр амалдорларни фош қилаётганлар бутунлай бошқа ҳолат бўлиб”, бундай фуқаролар интернет орқали ёки Горький майдонида ўз фикрларини бемалол айтаётганини иддао қилдики, улар шу тариқа виждонсиз амалдорларни фош қилишга, улардан тозаланишга ёрдам беришмоқда.

Халқаро рейтингларни эса Жапаровнинг фикрича, айнан “сўз эркинлиги ортига яширинганлар” тузишади. Яъни, уларнинг ниятлари яхши эмас.

“Агар биз уларнинг шартларига рози бўлганимизда, уларнинг зеҳниятимизга зид бўлган зарарли сиёсатини қўллаб-қувватлаганимизда ана шу рейтингларда биринчи ўринга чиққан бўлардик. Лекин бизга давлатчиликни бора-бора маънавий жиҳатдан барбод қиладиган бундай етакчилик керак эмас”, – деди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон сўз эркинлиги бўйича ўз ўрнини бой берганини акс эттирувчи сўнгги рейтинглардан бирини халқаро “Транспаренси Интернейшнл” ташкилоти эълон қилган. Турли давлатларда коррупция даражасини ўрганувчи бу ташкилот ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Қирғизистонни “адлия тизими мамлакатда юзага келган режимдан норози бўлганларни таъқиб қилиш учун қўлланиладиган” авторитар давлат сифатида таърифлаган.
Бу рейтингда Қирғизистон 180 та давлат ичида Россия ва Гвинея билан биргаликда 141-ўринни эгаллаган. Ҳисобот муаллифлари Қирғизистоннинг сўнгги тўрт йил ичида фаол фуқаролик жамиятига эга бўлган “демократия оролчаси”дан авторитар давлатга айлангангани иддао қилинади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қирғизистонда нодавлат ташкилотлари ва журналистларнинг фаолиятларини чеклашга қаратилган турли қонун лойиҳалари илгари сурилиб, фаолларга, ўзларини эркин ҳисоблаган журналистларга нисбатан таъқиб кучайган. Жумладан, жорий йилнинг январ ойида 11 журналист қамалиб, айрим нашрларнинг идораларида тинтув ўтказилган ва идоралари муҳрлаб қўйилган.

Суд қамалганларни озод қилиш ва идоралардаги муҳрларни олиб ташлаш ҳақидаги илтимосномаларни рад этган.

Бир пайтлар нодавлат ташкилотларнинг фаол иштирокчиси ва раҳбарларидан бири бўлган, бугунда Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов яқинда журналистларнинг қамалиши ҳақидаги вазиятни шарҳлар экан, бунинг “тарбиявий аҳамияти борлигини” айтди.

Журналистлар нима дейди?

Бу вазиятдан чуқур хавотирга тушган фаол журналистлар ҳамжамияти мамлакат расмийларига мурожаат қилиб, қамалган журналистларни озод қилиш ва сўз эркинлигига босим ўтказишни тўхтатишга чақиришган. Жумладан, идораси муҳрлаб кетилган 24.kg интернет нашри раҳбари Асель Ўтўрбаева Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисига очиқ хат билан мурожаат қилиб, идорани очишга рухсат беришини сўраган. Аммо бу ишни қараган суд, ушбу илтимосномани рад этган.

Бишкек шаҳар суди қамалган 11 журналистнинг иши бўйича қарорларни кўриб чиқди. Судда ҳибсдагиларнинг бири, «ПолитКлиника» нашрининг журналисти Тинистан Асипбеков суд залида парламент депутатларини “Temirov Live” лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 нафар ходимини таъқиб қилиниши бўйича ҳолатни алоҳида ўрганиб чиқишга чақирди.

Асипбековнинг маълум қилишича, журналистларнинг оммавий ҳибсга олинишига сабаб бўлган мақолани икки йил аввал “Temirov Live” лойиҳаси эълон қилган. Қолганлар эса уни ўзларида қайта нашр қилишган холос. Асипбеков ўзи ва ҳамкасбларининг ҳеч қандай далилсиз ҳибсга олинганини айтди.
Бишкек шаҳар судининг 5 февралдаги қарорига кўра ҳибсга олинган журналистлар тергов тамом бўлгунига қадар, яъни март ойининг ўрталаригача қамоқда қолишади.
Журналистик суриштирувларга ихтисослашган “Temirov Live” лойиҳасига алоқадор 11 нафар ходими 16 январь куни ҳибсга олинган. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» ва «оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Лойиҳа асосчиси Болот Темировнинг ўзи эса, Россия фуқаролигига эга бўлгани сабабли, “тарихий ватанига” бадарға қилинган. Унинг Қирғизистон фуқароси эканини тасдиқловчи паспорти ноқонуний йўл билан олинган деб, бекор қилинган.
Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ташкилотининг ўтган йилнинг май ойида эълон қилган рейтингида 2022 йилга нисбатан 50 поғонага пастлаб кетгани қайд қилинган. Яъни, 2022 йилда 72-ўринда бўлган бўлса, 2023 йилда 122-ўрин эгаллаган.

Балиқ бошидан сасийди

Юқорида кўрсатилган ва бошқа турли хил халқаро рейтинглар мамлакат расмийларига босим ўтказиш воситаси бўлиб келган. Лекин кейинги йилларда бу ҳисобот ва рейтинглар аввалги аҳамиятини йўқотди. Бунга дунёда бўлаётган глобал ўзгаришлар, АҚШ ва Европа Иттифоқида етакчилик қилган давлатларнинг демократия ва эркинлик каби қадриятларни ўзларининг сиёсий мақсадлари йўлида қурол сифатида фойдаланиб келаётгани сабаб бўлмоқда. Ана шу сабабга кўра ҳаттоки БМТ каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг ҳам қадр-қиммати пасайган.

Дунёнинг ҳақиқий, соф журналистика ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб келган Би-Би-Си каби етакчи нашрларининг аслида дунё зўравонларининг ариғини чопиб келаётган оддий малайлар экани кўриниб қолди. Бу нарса айниқса, бу нашрларнинг Украина-Россия уруши ва Фаластин халқига қарши Исроил давлати олиб бораётган қатлиомга муносабатларида яққол кўзга ташланиб қолди.

Хуллас, дунёда ўзларининг глобал мақсадларига эришиш йўлида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан ўзлари хоҳлаганча фойдаланаётган йирик давлатлар ўзлари истамаган ҳолда Қирғизистон каби ривожланиш йўлига тушган кичик давлатларга салбий намуна бўлиб беришмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг