Қирғизистон-Тожикистон: Чегара масаласининг ечими янги босқичга кўчди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душабеда Қирғизистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди.

Сўнгги пайтларда икки давлат ўртасидаги чегара масаласининг қадам-бақадам ҳал этилиб келаётгани ҳақида тез-тез хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақда Тожикистон президентининг шахсан изоҳ бериши вазиятнинг янада яхшилангани ҳақида хабар беради.

Жорий йилнинг 5 февралида Тожикистон раҳбари Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Қулубаевни қабул қилди ва ушбу масалани муҳокама қилди. Раҳмоннинг айтишича, охирги тўрт ой давомида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган.

Тожикистон президенти матбуот хизмати бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланганини маълум қилди. Имомали Раҳмон ва Жеенбек Қулубаев чегара ҳудудидаги дарёлар сувидан биргаликда фойдаланиш, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилишган. Икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳам учрашув мавзуларидан бири бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача чегара масалалари фақат икки давлат тузган ўзаро комиссия раҳбарлари ва Чегара хизматлари бошлиқлари томонидан изоҳланиб келган. Жумладан, икки давлат ҳукумат делегациялари учрашувларида чегаранинг 90% борасида ўзаро англашув мавжудлиги айтилган эди. Ҳукумат делегацияларига раҳбарлик қилган икки давлат миллий хавфсизлик идоралари бошлиқлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилишини маълум қилишган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Қулубаев 4-5 февраль кунлари Душанбеда расмий ташриф билан бўлди. Расмий баёнотда “томонлар қирғиз-тожик муносабатларининг кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиши» айтилган эди холос.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги салкам 1000 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача унинг 664 километри бўйича келишувга эришилган холос. Бу минтақада энг нотинч ҳисобланган ҳудудда турли жанжалларга олиб келган. 2021 йил ёзи ва 2022 йил кузида бу ҳудудда икки давлат чегарачилари ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар юз бериб, ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган.

Тожикистон томоннинг оғир зирҳли техникадан фойдалангани оқибатида Қирғизистон томондан кўплаб уй-жойлар ва ижтимоий объектлар вайрон қилинган. Юз минглаб одам хавфсиз жойга кўчирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг