Биттаси қамалди: Умра зиёратини эплаб уюштиролмаганлар жазога тортилади
Ташкилотчиларнинг айби билан минглаб ўзбекистонлик зиёратчи Макка аэропортида қолиб кетган эди.
Бу ҳақда берилган дастлабки расмий маълумотларда айбдорнинг кимлиги ва зиёратчиларнинг сони ҳақида маълумот берилмаган эди. Янги тарқатилган хабарда айбдорнинг асосан Умра сафарига рейсларни ташкил этиш билан шуғулланувчи “Panorama airways” хусусий авиакомпанияси экани ва унинг раҳбари қамоққа олингани айтилди.
Бу ҳақда 7 февралда маълум қилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Саудия Арабистонидан Умра зиёратига бориб, Ўзбекистонга қайта олмай Макка аэропортида қолиб кетган зиёратчиларнинг 3000дан ортиғи уйига қайтарилди. Бу қийинчиликка дуч келган умрачиларнинг умумий сони ҳақида маълумот йўқ.
Ўзбекистон Транспорт прокуратураси бу ҳолат юзасидан хусусий авикомпаниянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғаган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аммо Бош прокуратура кимнинг қамалгани ва айбдор қайси авиакомпания эканига аниқлик киритмаган.
Аввалроқ Туризм қўмитаси умрачиларнинг муаммосига “Panorama airways” хусусий авиакомпанияси томонидан парвозларнинг кечикиши сабаб бўлгани юзасидан баёнот берган эди. Маълумотда жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар ундириб берилиши ҳам айтилган.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2023 йил 8 августда махсус қарор қабул қилиб, унга асосан Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябрдан маҳаллий туроператорларга муайян талаб ва шартлар қўйилган. Жумладан, Умра хизматларини кўрсатмоқчи бўлган туроператорлар қўшимча лицензия олиш учун 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши лозим.
Бу маблағ айнан юқорида айтилган ҳолатларни вақтида бартараф этиш учун гаров сифатида ушлаб турилиши лозим бўлган. Лекин афтидан бу талаб бажарилмаган.
Бунгача Туризм қўмитаси лицензиясиз Умра зиёратларини ташкил этиш билан шуғулланаётган 23 та тадбиркорга камчиликларни бартараф этиш бўйича муддатлар белгиланиб, кўрсатмалар берилганини маҳъум қилган эди. Олти туристик ширкатнинг лицензиялари Тошкент шаҳар Туризм бошқармасининг қарори билан 10 кун муддатга тўхтатилган.
Расмий қарорларга кўра, 2017 йилдан тортиб, Ўзбекистондан 7000дан ортиқ кишига Ҳаж сафарига, 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёрати учун квоталар берилган. Ҳаж квотаси ҳар йили Саудия Арабистони билан келишган ҳолда ўзгариб туради.
Бугунги кунда Умра хизматлари нархи бир киши учун 16 миллион 600 минг сўмдан (1300 АҚШ доллари атрофида) иборат.
Оқбура, Тошкент.
Расм интернетдан олинди