Махлиё Маҳмудова: Ўртамизда чегара бўлмаса, деярли бир хил халқ эканмиз

Андижонлик санъаткорлар ўшлик театр мухлисларини ҳам кулдириб, ҳам йиғлатиб кетишди.

Илк маротаба шаҳримизга ташриф буюрган андижонлик актриса Махлиё Маҳмудова ўзининг биринчи тассуротларини биз билан баҳам кўрар экан, шундай деди:

– Мен ўн йил Андижон вилояти мусиқали драма театрида ишлаб, биринчи марта Ўш шаҳрига келдим. Дастлабки ҳаяжоним чегарадан бошланди. Худди олис чет элга ўтаётгандек ҳис қилдим, ўзимни. Аввал Ўзбекистон чегарачилари, сўнг Қирғизистон чегара постидан ўтарканман, бошқа давлат, бошқача одамларни кўришни кутгандим. Тўғри, келгунимга қадар Ўшда ҳам ўзбеклар борлигини, улар жуда меҳмондўст эканлигини эшитганман, ижтимоий тармоқлардан ўқиганман. Бироқ, реал ҳаётда кўриш бахтига бугун муяссар бўлганимдан мамнунман.

Андижонлик актриса Махлиё Маҳмудова

Бизни ўшликлар илиқ кутиб олишди, театр ичида эса “бегона”лигимизни унутаёздик. Ҳамкасблар билан танишдик, томошабинлар ҳам яхши қарши олишганидан хурсанд бўлдик. Бир қарашда Андижон ва Ўш халқи ўзбекларининг яшаш тарзи, шеваси, меҳмондўстлиги, самимий муносабатлари деярли бир хил экан. Шаҳар айланишга улгурмадик. Умид қиламизки, кейинги гал келганимизда спектаклдан сўнг Ўшнинг сўлим истироҳат боғлари, тарихий жойларини ҳам бир кўрамиз.

Чоршанба, 31 январда Ўш шаҳрига Андижон давлат мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси ташриф буюрди. Уларни Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри ходимлари тантанали қарши олдилар. Карнай-сурнай садолари остида кириб келган меҳмонларни Ўш театрининг “Мақом” ансамбли жонли ижродаги қўшиқлари билан кутиб олишди.

Кутиб олиш маросимида театр директори, Қирғизистон маорифи аълочиси Аъзамжон Абдураззоқов икки давлат президентларининг дўстона муносабатлари, олиб бораётган тўғри сиёсатининг меваси ўлароқ борди-келди алоқалари кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Андижон театри раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зарифахон Ҳайдаровага кўра, бундай маданий алоқалар ҳар икки давлатнинг янада жипслашишига ёрдам беради. Қолаверса, икки театр жамоаси ўзаро тажриба алмашиб, янги дўстлар орттиришга имкон яратилмоқда.

Таъкидлаб ўтсак, қўшни давлатнинг ижодий жамоаси драматург Рихсивой Муҳаммаджоновнинг “Давлат болалари” пьесаси асосида постановкачи режиссёр Зарифахон Ҳайдарова қўйган янги спектакли билан келишган. Мазкур асар шундай тинчлик замонда, дориломон кунларда ҳам оилавий низолар оқибатида ажрашиб кетаётган ёш оилалар ва уларнинг аросатда қолган болалари ҳақида, уларнинг иложсиз ё отаси, ё онаси томонидан давлатнинг меҳрибонлик уйларига топшириб юборилаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Асарнинг бош қаҳрамони ўзига ўзи Будур яъни, болалар уйининг тирмизаги деб ном қўйиши, бола асраб олгани келган одамлар олдида умид билан мўлтираб туришлари, улар эса буюм танлагандек болаларнинг ташқи кўринишига қараб, муомала қилгани кучли драматик лавҳаларда намоён бўлиб, томошабинларнинг кўз ёшларига сабаб бўлди. Бир қулоғида озгина нуқсони борлиги сабабли сараланиб, ҳеч ким тарбиясига олмаган Будур ҳаётнинг аччиқ-чучугини эрта тортган мулоҳалаи йигитга айланади.

Спектакль давомида у барчанинг эътиборини, ҳурматини қозонади. Ўзини Давлатов Будур Давлатович, деб таништириб, севгиси учун курашаркан, орада енгил кулгу, аччиқ қочиримлар ва бироз қувлик билан воқеалар ривожини ва хулосасини чиройли якунига етказади.

Спектаклни мириқиб томоша қилган Мамиржон Шокиров шундай дейди:

– Зал томошабинга тўлди. Энг қизиғи, спектакл ҳаммага бирдай манзур бўлди. Одамлар жим бўлиб, спектаклни охиригача кўришди. Куладиган жойида бирга кулиб, йиғлайдиган жойида йиғлашди.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчилар Моҳира Абдукаримова ва Улфатхон Ибрагимоваларнинг айтишларича, бу мавзуни бугунги кунда саҳнага олиб чиқиш – ҳар кимнинг ҳам юраги дов берадиган иш эмас.

– Режиссёр Ҳайдаровага таҳсин айтмай иложимиз йўқ. Чунки, спектакл аввалида “ёш йигит-қизнинг севги изҳорини кўриш учун келдикми, мақсади нима экан буларни”, дея бир озгина энсамиз қотган эди. Бироқ, воқеалар ривожи шу тарзда жадаллашиб кетдики, биз оналар, йиғлаб ҳам олдик. Офарин, барчангизга! Дўстлик учрашувлари бардавом бўлсин! – деди Абдукаримова.

Спектаклда Бахтиёр ролини ижро этган олий тоифали ёш актёр Музаффар Мирзаев ҳам ўн йилдирки, Андижон вилояти мусиқали драма театрида ишлаб келмоқда. Музаффарга энг маъқул бўлган нарса, Ўш театрининг янги реконтрукция бўлганлиги, шароитларининг зўрлиги бўлди. Унинг айтишича, мусиқали драмаларни улар одатда жонли ижрода қўя олишмас экан. Саҳна олдида жонли мусиқа ижро этувчи оркестр йўқлиги сабаб, мусиқа олдиндан ёзиб олинади.

– Сизларда оркестр учун 17 нафар штат ажратилганига, созандалар учун алоҳида катта хоналар ва бошқа етарли шароитлар яратилганига ҳавасимиз келди. Ўйнаган ролимга келсак, Бахтиёрнинг ота-онаси икки фарзандли бўлганида ажрашиб кетишади. Ота иккала болани ҳам аёлига ташлаб кетворади. Она эса чақалоғи, қизини олиб қолиб ўғилчасини, яъни, мени болалар уйига топшириб юборади. Орадан йиллар ўтиб, спектакл ичида спектакл қўйиб биз, ака-сингиллар гўё севишганлар ролини ота-онамизга ижро этиб берамиз. Бу ишларни Будур Бахтиёрнинг синглиси Баҳорни севгани учун атай уюштиради…

Қисқаси, пьесанинг тарбиявий аҳамияти катта, ҳаммага кўришни тавсия этамиз.

Спектакль сўнггида томошабинлар зални тарк этишга шошилмадилар, меҳмонларга ўзларининг дил сўзларини айтишди. Меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди. Суҳбат эса бир пиёла чой устида давом этди.

Учрашув мароқли, мақсадли, манфаатли тарзда бўлиб ўтди.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг